Ихтиёр Ахатов (исмлар ўзгартирилган) 2020 йил 13 декабрь куни Наманган вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси ходимлари жабрланувчилар Х.Қирғизходжаев ва Ж.Ахмедов Наманган шаҳар “Чорсу” хиёбони ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва карантин қоидаларига риоя қилиниши юзасидан хизматга жалб қилиниб, хизмат вазифаларини олиб боришаётган вақтида жамоат жойида тиббий ниқобсиз юриб, ундан тиббий ниқобни тақиб олишни талаб қилганида уларни ўз хизмат бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда “исқирт, мусорлар, сенлар фақатгина чўнтагингга олишни биласанлар” деб ҳақоратли сўзлар билан сўкиб, уларни шаънини қасддан таҳқирлаган. Унинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида ўзлари билан “Чорсу” МФЙ профилактика инспектори хизмат хонасига боришни таклиф қилишганида уларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, уларга кескин қаршилик кўрсатиб, ҳодиса жойидан қочишга ҳаракат қилиб, Миллий гвардия ходими Х.Қирғизходжаевнинг бурун соҳасига қасддан чап қўли билан бир маротаба уриб, унга енгил тан-жароҳати етказиб, Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 219-моддаси 1-қисми назарда тутилган жиноятларни содир этган.
Судда мажлисида И.Ахатов айбига қисман иқрор бўлиб, ҳақиқатдан ҳам, 2020 йил 13 декабрь куни Миллий гвардия ходимлари Х.Қирғизходжаев ва Ж.Ахмедовлар ундан жамоат жойида тиббий ниқобни тақиб олиш ва ўзини таништиришни сўраганларида, у ўзи ҳақида ёлғон маълумот берганини, сабаби жамоат жойида карантин қоидаларига риоя қилмай, тиббий ниқоб тақмаганлиги учун жарима солинишини хоҳламагани ва гвардия ходимлари билан ҳудуд профилактика инспекторининг хизмат хонасига боришдан бош тортганини, аччиқ устида сўкиниб юборганини, бироқ айнан гвардия ҳарбий хизматчиларини ҳақоратли сўзлар билан сўкмаганини ва улардан қочишга ҳаракат қилганида, беҳосдан Х.Қирғизходжаевнинг бурнига уриб юбориб, тан-жароҳати етказганини, ҳақиқатдан ҳам, унинг Миллий гвардия ходими Х.Қирғизходжаевни уриш нияти бўлмаганини, қилган ишидан пушаймон эканлигини, гвардия ходимлари ҳам уни ётқизиб олиб, бўйнидан бўғишганини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд томонидан И.Ахатов Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 219-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топииб, унга нисбатан Жиноят кодекси 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни тўлиқ қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, Унга нисбатан жазони ўташ даврида кеч соат 23:00 дан эрталаб 06:00 га қадар яшаш хонадонида бўлиш, Наманган шаҳар ИИО ФМБнинг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Наманган вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилмаслик ва бундай маҳсулотлар сотиладиган ресторан, бар ва кафеларга бормаслик, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиш, жазо ижросини назорат қилувчи орган розилигисиз иш жойини ўзгартирмаслик мажбуриятларини юкланди.
Нодирбек Раимқулов,
жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси