— Автотранспорт воситасини белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб бошқарганим учун менга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари миқдорида маъмурий жавобгарлик белгиланди. Ҳозирги пайтда молиявий аҳволим яхши эмас. Моддий қийинчиликларга дуч келмоқдаман. Шунга кўра, суд томонидан менга енгилроқ жазо тайинланиши мумкинми?
С.Нурматов, Оқолтин тумани
— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасига кўра, суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг, яъни Сизнинг моддий аҳволингизни инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни, албатта, кўрсатиб, ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа янада енгил жазо чорасини қўллаши мумкин.
Саволга Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи Турсунбой Каримов жавоб берди