Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЖажжи елкалардаги ҳаёт юки! Ҳаётни севинг, яшашга...

Жажжи елкалардаги ҳаёт юки! Ҳаётни севинг, яшашга куч топасиз!

#Сўз_танлов_иштирокчиларига!

Адлия вазирлиги Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда имконияти чекланган шахсларни бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

Ёшлар ижодиёт саройида “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳаси доирасида “Мафтункор ранглар жилоси” республика танлови бўлиб ўтди. Унда расм чизиш ва шахмат спорт тури бўйича ўз ҳудудида ғолиб бўлган (ҳар бир вилоятдан биттадан) ўғил-қизлар — 28 нафар иштирокчи ҳамда уларнинг 28 нафар кузатувчилари қатнашди.

Ёшларнинг ижодий ишларида ҳаётга бўлган ишонч, умид акс этган. Иштирокчилар билан суҳбат асносида шунга амин бўлдик.

Ҳулкар Эгамбердиева, Хоразм вилояти (16 ёш):

— Мен ўз суратларимда онам сиймосини гавдалантиргим келади. Лекин бунинг уддасидан чиқолмайман. Чунки онамнинг фазилатларини бир суратда жамлашнинг иложи йўқ. Онам акс этган қандай суратни чизмай бу тугалланмаган иш бўлиб қолаверади. Мен ҳаётда ҳамма нарсани уддалай олишим мумкин. Фақатгина онам ёнимда турса, менга мадад берса бўлгани. Кардиолог бўлмоқчиман. Шунда ўзимга ўхшаган беморларни даволаб, ёрдам берардим. Рассомчилик бу қизиқишим. Яхши рассом бўлиш учун ўйлашимча, одамнинг тасаввур доираси кенг бўлиши керак.

Андижонлик Абдулворис Дилшодбеков (12 ёш)

— Гапиришда нуқсоним бор, аммо мен тузаламан. Ҳаракат қиламан бунга. Водийликман. Водий чиройли манзаралари билан машҳур. Суратларимда ана гўзал табиатни акс эттираман доим.

— Мен Абдулвориснинг устозиман — деди Олтинкўл туманида яшовчи Рафиқахон Солиева. — Бу йил шу танловга тўртинчи марта ўқувчиларимни олиб келишим. Тўрт йил аввалги яхши бир гапни айтгим келди. Рассомликка қизиққан бир ўқувчимнинг қўлларида нуқсони бор эди. Бу унга ҳаракатланишида муаммо туғдирарди. Танлов бўлаётганини эшитиб, ҳаракат қилиб, республика босқичига чиқди. Шу ердаги таассуротлар уни қайта кашф қилди. Жарроҳлик амалиётига рози бўлди. Орадан вақт ўтиб тузалиб ҳам кетди. Сўнг стоматология институтига ўқишга топширди. Ҳозир талаба. У ушбу танловдан бир умрга миннатдор. Абдулворис ҳам талаффузида муаммоси бор. Яқин-яқингача ҳам бир оғиз гапирмас эди. Иқтидорини намойиш этишга берилган имконият уни интилувчан қилди-қўйди. Ўзига бўлган ишончни орттирди. Ҳозир нуқсонлари устида ишлаяпти. Мен шундан хурсанд бўламан.

Бухоролик Норжон Фаттоева (17 ёш):

Норжон дизайнерликка қизиқар экан. Бугунги танловда “Осмон билан сирлашаётган қиз” номли суратини чизишга қарор қилибди.

— Суратда ўртада турган қиз менман. Ўзимни самога учиб кетаётгандек қилиб тасвирлагим келди. Балки ҳаётда уча олмасман, тенгдошларим каби бўла олмасман, лекин чизаётганларимда мен эркинман. Шунинг учун орзуларимни суратларимда тасвирлайман.

Зуҳра Баҳодирова, Наманган вилояти (14 ёш):

— Мен рассомчиликка ихтисослаштирилган мактабда ўқийман. Устозларимиз бизга сантиметр ҳатто миллиметрларда ҳам хатолик бўлса сурат сифатсиз чиқишини кўп такрорлайди. Сурат сифатсиз чиқмаслиги учун ранглар уйғунлигига ҳам алоҳида аҳамият қаратиш керак. Масалан, қизил билан зарғалдоқ, кўк билан ҳаворанг, яшил билан зангор ранглар яхши “келишади”. Яна суратни ҳеч қачон пастдан бошлаб чизмаслик ва на бўямаслик керак. Чунки сурат пастдан юқорига қараб бўяб борилганида қўлимиз ҳалақит бериб, суратни бузиб қўйиши мумкин. Мен бугун ўз суратимда “Юксак парвозга кўмаклашаётган кўприк”ни тасвирлашга ҳаракат қилдим. Кўприк — ота-онам, устозларим ва менга қўлини тутган яқинларим. Улар менинг имкониятим чекланган бўлса ҳам ҳаётнинг имконият эшиклари очиқ бўлишига ишонтирган одамлар. Ва мен бу ишонч билан ҳали катта ишлар қила олишим мумкин.

Лола Сирожева Навоий вилояти (13 ёш):

— Мен аввал чизишни билмасдим, кейин ўргандим. Кўпроқ табиат манзараларини чизишни ёқтираман. Бу манзараларда жониворлар ҳам бўлади, албатта. Ҳозир суратлар чизишда 3 D усулдан фойдаланишни ўрганяпман. Масалан, мана бу суратдаги оққушни кўринг. Уни ҳаракатланаётганини қандай кўрсатиш мумкин? Бунинг учун оққушнинг олд қанотини кичикроқ, орқадаги қанотини каттароқ қилиб чизамиз. Одам юраётганини акс эттириш учун бир оёғи ердан кўтарилган ҳолатда тасвирланади. Буни ўрганиш жуда қизиқарли.

Хосият Ҳасанова,
Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Навоий вилоят ҳудудий бўлими раиси

 Инсон ким бўлишидан, ёши катта-кичиклигидан қатъи назар ҳамиша меҳр ва мурувватга, эътиборга муҳтож бўлиб яшайди. Бир инсоннинг  кўнглини шод қилишни шунинг учун ҳам  Каъбани обод қилиш билан баробар деганлари бежиз эмас. Оддийгина  эътибор, бир оғиз ширин сўз ҳар қандай инсон кўнглини тоғдек кўтариши ана шу меҳр-оқибатдан, ана шу меҳрибонликдан, албатта.

Буюкларимизнинг “Қалбга киритилган энг яхши сармоя бу марҳаматдир…” деган ҳикматлари бор. Сизнинг марҳаматингиз ва меҳрингиздан, эътиборингиздан  куч олаётган, қалбларига қувонч кираётган Оллоҳ узрли қилиб яратган инсонларнинг дуоси ҳамиша тадбир ташкилотчиларини қўлласин!

Бундай эзгу тадбирни ташкил қилганларга ташаккур. Боланинг кўнгли гулдан ҳам нозик бўлади. Болаларга қувонч улашганларга минг раҳмат. Энди болаларнинг ҳаётга бўлган муҳаббати ошди, ишончи ортди. Бугун тадбирда нафақат болаларнинг, балки уларнинг ота-оналари ҳам фахрланаётганларини кўрдик. Бундай хайрли ишлар кўп бўлишини, болалар чексиз имконият эгаси эканларини доимо ҳис қилишларини истардим.

Фарғоналик Шодияхон Нишонова (17 ёш):

— Танловда эркин мавзуда тоғлар, дарахтлар, гулларнинг, баландда парвоз этаётган қушларнинг суратини чиздим. Кўнглим ҳам ўзим чизган ана шу баланд тоғлардек юксалди. Бизга кўрсатилган меҳр ва эътибордан кўнглим ўсди. Танлов бизга янги илҳом берди. Бу меҳрибонликдан миннатдормиз. Кўнглимда ҳеч кимдан кам эмасман, деган ғурур пайдо бўлди ва буни, албатта, келгусида чизадиган суратларимда акс эттираман.

Умида Тешабоева, Тошкент вилояти (16 ёш):

— Орзуларим кўп. Мен табиат билан сирлашгим келади. Чунки унда ёлғон йўқ. Тинглашни билади. У инсонни ажратмайди. Фақат тили йўқ. 16 июнь куни мен 9 операцияга кираман. Ҳаётдан умидим катта. Ишончим баланд. Мен тенгдошларимдек бўла оламан. Нуқсонларимдан халос бўламан. Кейин мени даволаган шифокорлардек мен ҳам доктор бўламан. Шунда ҳамма-ҳаммани даволайман. Ҳатто мени ўз сафига қўшишни истамаган дўстларимни ҳам.

Азизбек Турсунов, Жиззах вилояти (11 ёш):

— Мен яшил, кўк, сариқ, қизил рангларни яхши кўраман. Чизган расмларимда қишлоғимни тасвирлайман ва расмларда айтган рангларим кўпроқ ишлатилади. Катта бўлсам ҳарбий ёки президент бўламан. Азизбек орзуидаги касбларни айтар экан ҳаяжондан йиғлаб юборди. Унинг гапини отаси Бастам Темиров давом эттирди:

— Фарзандимнинг қизиқишлари — менинг ҳам қизиқишим. Ҳар доим Азизбекнинг кўнглига қараймиз. Уни қўлимда бир умр опичлаб юришга ҳам розиман. Фарзандим ўзини ҳаётда бегона ҳис қилмаса бўлди. Шу боламнинг кўзида яшашга бўлган интилишни кўрсам армоним йўқ!

Тўғриси отанинг матонатига қойил қолдик. Азизбек чизаяптию ота унга парвона. Ҳали қалам тутган, ҳали ўчирғич, ҳали Азизбекнинг кўз ёшларини артган, ҳали сув тутган. Унга ҳар томонлама далда бўляпти… Тўрт мучаси соғ бўлган фарзандларини ташлаб кетаётган, эътиборсиз, кўчада қолдираётган оталар ўрнак олса арзир экан.

Қорақалпоғистонлик Жасурбек Муратбоев (15 ёш), тошкентлик Азиза Каримова (14 ёш), самарқандлик Озодбек Раҳматов (16 ёш), сурхондарёлик Парвина Хусаинова (20 ёш)лар ҳам ўз суратларида табиатни акс эттиришларини, энг ёрқин — яшил, кўк, сариқ ва қизил ранглар билан ишлашларини, ҳаётда жуда кўп ёрқин ранглар борлигини, ҳар бир муносабатда ана шу ёрқинликни кўра билиш кераклигини айтишди.

Болалар ўз кечинмаларини фахрланиб, ҳаяжонланиб, ғурурланиб ҳикоя қилишди. Болаларнинг кўзларидаги қувончни кўриб биз ҳам фахрландик. Оллоҳ узрли қилиб яратган болаларнинг ҳаётга интилишларидан куч олдик. Шунчаки кундалик муаммоларга дош беролмай умидсизликка тушганда, ишлар қалашиб, олдимизда тоғдек уюлганда ташвишланганимизда, арзимас гаплар кўнглимизга оғир ботиб хафа бўлганимизда шу болажонларнинг ўзига бўлган ишончи, жажжи юракларидаги улкан жасорат ва журъати олдида бош эгишимиз кераклигини англадик. 9 чи марта операцияга кириб кетиши керак бўлган қиздаги шижоат, яшашга интилиш ҳаётга енгил-елпи қараб, ҳар нарсадан камчилик топадиган инсонларга ўрнак бўлиши керакмасми?

Танлов натижаларига кўра, расм чизиш мусобақаси бўйича биринчи ўрин Норжон Фаттоевага насиб қилди. Лола Сирожова иккинчи, Ҳулкар Эгамберганова учинчи ўринни эгаллади.

Шахмат мусобақасида эса Ҳожиакбар Саидмуродовга биринчи ўрин насиб қилди. Шеҳроз Даминов иккинчи, Шаҳриёрбек Ғуломов учинчи ўринни эгаллади.

Танлов иштирокчиларининг барчасига ноутбук, шахмат, электр чойнак, китоб ва бошқа қимматбаҳо совғалар, медаль ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

Дилфуза Эргашева ёзиб олди.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз