Бош саҳифаLife StyleЖазирамадан қандай ҳимояланиш керак?

Жазирамадан қандай ҳимояланиш керак?

Офтоб уриши — ҳаёт учун хатарли

Офтоб тиғи остида қолиш қандай хавфли асоратларни келтириб чиқаради? Бунинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим раҳбари Дилором Турсунова шу ҳақда муҳим маълумотлар берди:

— Одатда, ёзни мароқли ўтказиш учун кўпчилик табиат қўйнига, сув ҳавзалари бўйига ошиқади. Бундай завқли онларда қуёш нури остида узоқ вақт бўлиш турли нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.

Инсон терисининг куйиши ёки иссиқ уриши улар орасида энг хавфлиси. Чунки офтоб кўзимиз илғай олмайдиган инфрақизил ва ультрабинафша нурларни ҳам ўз ичига олади. Уларнинг меъёридан ортиғи эса организм учун зиён.

Хусусан, ультрабинафша нурларининг давомий таъсири даставвал катарактага, бора-бора кўз нурлари бутунлай йўқолишига сабаб бўлади. Ўз навбатида, айни шу омил туфайли тери саратонининг юзага келиши хавфи ҳам мавжуд.

Қолаверса, офтоб уриши натижасида бош мия фаолиятининг бузилиши кузатилади. Бундай вазиятда қизиган тана ўзини етарли даражада совута олмай қолади.

Оқибатда ҳаддан зиёд кўп терлаш туфайли қон айланиш тизими фаолияти издан чиқади. Яъни томирлар кенгайиб, танада қон айланиши жараёни секинлашади. Бу бош мия фаолияти учун зарарлидир.

Офтоб уриши бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳолсизлик каби белгилар билан намоён бўлади. Намлик даражаси юқори атмосферада эса ушбу аломатлар янада кучайиши мумкин.

Масалан, юрак уриши ва нафас олиш тезлашиши, кўз қорачиғи кенгайиши, қусиш, кучли бош оғриғи, қулоқ битиши, чайқалиб юриш кузатилади. Вақти-вақти билан ҳушдан кетиш, бурундан қон келиши, тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилиши ҳам шундай симптомлар сирасидан.

Оғир ҳолатларда эса юзлар қизариб, кейин оқ ва кўкимтир тусга киради, мушаклар тортишади. Беморда алаҳсираш бошланади. Тана ҳарорати 41-42 даражагача юқорилаб, чуқур беҳушлик ҳолати ривожланади. Энг аянчлиси, оғир даражадаги офтоб уриши 20-30 фоиз ҳолатларда ўлим билан якун топади.

Семизлик, гипертония, юрак туғма нуқсонлари, эндокрин касалликларидан азият чекувчилар учун жазирама офтоби, айниқса хавфли. Қолаверса, янги туғилган чақалоқлар, кекса ёшли инсонлар, кашандалар, стресс ҳолатидаги кишиларда қуёш уриши аломатлари кучайиб кетиши мумкин.

Жазирамадан қандай ҳимояланиш керак?

Ёз чилласида қуёшнинг фаол даври соат 12.00 дан 16.00 гача бўлган пайт ҳисобланади. Бундай паллада чўмилиш ҳавзалари ва соя-салқиндан холи жойларда узоқ вақт қолишдан сақланиш керак.

Қолаверса, офтобда оқ рангли табиий толали матодан тикилган бош кийим кийиш, қуёшдан сақловчи кўзойнак тақиш тавсия этилади.

Қуёшда тобланишни хуш кўрадиганлар бу ҳолатни 15-20 дақиқадан оширмаганлари маъқул. Ушбу муолажа эрталаб ва кечки вақтда яхши натижа беради.

Иссиқ кунларда кўп овқат ейиш ҳам зарарли. Сут маҳсулотлари ва сабзавотлар эса организм учун фойдали. Энг муҳими, организмда сув балансини ушлаб туриш зарур! Кунига 3 литр атрофида газсиз минерал совуқ сув ичиш мақсадга мувофиқ.

Вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш, очиқ жойда ишлаганда ора-орада салқин жойда дам олиш жазирама тафтидан асрайди.

Яна бир муҳим тавсия: иссиқ кунларда енгил, ҳаво ўтказадиган пахта ва каноп толасидан тўқилган, танадаги тернинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилмайдиган кийимлар кийиш керак. Бундан ташқари, офтобдан сақланишда турли табиий ва синтетик крем ҳамда махсус косметик воситалар қўл келади.

Офтоб уришига хос илк белгилар пайдо бўлган заҳоти жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш лозим. Зудлик билан “Тез ёрдам” хизматига мурожаат қилишни ҳам унутмаслик керак.

Аввало, қуёш нури урган кишини соя-салқин жойга олиб ўтиб, горизонтал ҳолда ётқизиш, оёқларини сал кўтариб, уни елпиш зарур.

Беморга кўп миқдорда салқин ичимлик, бироз туз ва шакар қўшилган минерал сув ёки қатиқ ичириш тавсия этилади. Юзини совуқ сув билан ювиш, бирор матони ҳўллаб, кўкрак қафасига босиш ва ҳатто бутун танасини ўраш ёки совуқ сувда чўмилтириш ҳам яхши самара беради.

Шифокорлар офтоб урган одамга бир неча кун дам олишни тавсия қилади. Боиси организмдаги асаб тизими, қон айланиши ва бошқа бир қатор бузилган биокимёвий реакциялар тикланиши учун вақт керак!

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз