Поп туманида яшовчи, айни пайтда навқирон қирқ тўрт ёшда бўлган Ихтиёр Ёрматов(исм-шарифлари ўзгартирилган)нинг ҳаёт саҳифаларига назар ташласангиз жуда “сермазмун” эканлигини кўрасиз. Негаки Ихтиёр сўнги 20 йил мобайнида босқинчилик, маъмурий назорат қоидаларини бузиш, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш ва 4 маротаба фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун судланишга “улгурган”.
Гап шундаки, И.Ёрматов тўртинчи фирибгарлиги учун жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан айбдор деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ҳолда жазо муддатини ўтаётган эди. Буни қарангки, жазони ўтаётган пайтида “қаҳрамон”имизнинг яна бир фирибгарлиги фош этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ихтиёр Ёрматов тумандаги қурилиш-таъмирлашга ихтисослашган “Аббос Бахтибек” масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилиб келган. Бинобарин, у Поп туманининг янги деҳқон бозори қурилишида иштирок этади. Оқибатда, жамият раҳбари қурилиш ишларидан ташқари ҳам “бир-икки сўмлик” бўлиб қолишни режалаштиради.
— Сизга бозордан иккита дўкон олиб бераман, — дейди 2019 йилнинг август ойида таниши Фахриддин Юсуповга. — Аммо бозор ичидаги дўконлар қиммат бўлади. Шунинг ҳар бирига йигирма минг доллардан берасиз.
Бу гапни кутмаган Фахриддин ака эса унинг сўзларига лаққа ишонади. Пировардида битта дўкон учун олдиндан тўлов сифатида нархи 154.275.000 сўмлик “Ласетти” автомашинасини 16.500 АҚШ доллари ҳисобида И.Ёрматовга бериб юборади. Ихтиёр бўлса машинани фуқаро Қодирали Сатторовга 9.000 АҚШ доллари (84.150.000 сўм)га сотиб, пулларини шахсий манфаатларига ишлатиб юборади. Қарабсизки, Фахриддин Юсупов ҳам дўконсиз қолади, ҳам пулидан айрилади.
Бундан ташқари, Ихтиёр Ёрматов худди ўша кунларда яна бир таниши Гулзода Нуралиевани ҳам чув туширади. Фақат бошқачароқ “усул”да. Яъни Поп шаҳри марказида қурилган “Ёшлар боғи” истироҳат мажмуасининг очилиш маросими муносабати билан аёлнинг 16.920.000 сўмлик “Фрезер” русумли музқаймоқ тайёрлаш аппаратини ҳамда 4.230.000 сўмлик 1 дона музлаткичини олиб кетади.
— Очилиш маросими ўтгач, қайтариб келаман, — дея ишонтиради Гулзодани.
Бироқ ваъдасини “унутиб”, айни мулкларни бегона шахсга сотиб юборади.
Агар яна бир таниши Кимсаной Турсунова Ихтиёрнинг фирибгарлигидан бохабар бўлганда эди, у билан салом-аликни ҳам йиғиштириб қўярди балки. Лекин…
Лекин эшитмаган, билмагандан кейин қаёқдан ҳам биларди дейсиз.
— Илтимос, кредит савдо дўконидан бир-иккита жиҳозларни ўз номингизга олиб берсангиз. Ҳамма тўловларини ўзим қиламан,-деб ялинган куйи сўрайди К.Турсуновадан.
— Майли, розиман, — дейди аёл унинг илтимосини ерда қолдирмай.
Аммо ана шу розилик Кимсаной опага жуда қимматга тушади. Боиси у туман марказида жойлашган “Оила маркет” савдо дўконидан 2 дона “Артел” русумли телевизор, 1 дона “Авалон” русумли кондиционер, 1 дона “Милагро” русумли газ плитаси, 1 дона автомашиналар учун мўлжалланган аккумулятор, 1 дона “Самсунг А 20” русумли телефон аппарати жами 22.252.000 сўмлик маҳсулотларни 2 йил муддатда тўлаш шарти билан олиб беради. Шунда “уддабурон” фирибгар К.Турсунованинг ишончига янада мустаҳкамроқ кириш мақсадида бир иш қилади. Яъни 1 дона телефон аппаратини унинг ўзига совға қилади. Кейин эса 1 дона газ плитасини таниши Ёндошали Ортиқовга совға сифатида бериб юборади. Қолган 18.078.000 сўмлик анжомларни ўз оиласида, шахсий манфаатлари йўлида ишлатади-ю, бироқ кредит тўловларни умуман тўламайди.
Буни қарангки, 2020 йил январь ойида Кимсаной опанинг қўл телефони жиринглайди.
— Ассалому алайкум, опажон! Биз сизни “Оила маркет” савдо дўконидан безовта қиляпмиз, — дейди нариги томондан ёшроқ йигит.
— Хўп, эшитаман, ука.
— Дўконимиздан беш хил маҳсулот олган экансиз. Бироқ ҳалигача тўлов қилмабсиз. Шунинг учун тез кунларда тўлаб қўйсангиз. Аксинча, шартномага мувофиқ, келтирган зарарингизни қонуний тарзда ундириб оламиз.
Бу гапни эшитиб, К.Турсунова ҳангу манг бўлиб қолади. Шундай бўлса-да, у ўша маҳсулотларни Ихтиёр Ёрматовга олиб берганини тушунтиради. Лекин қўнғироқ қилган дўкон вакили умуман ҳеч қандай тўлов амалга оширилмаганини маълум қилади.
Албатта, шундан сўнг жазо муддатини ўтаётган фирибгарга навбатдаги жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди эса уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Кодекснинг 59-моддасига асосан мазкур жазога муқаддам тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси қисман қўшилиб, судланувчи узил-кесил 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари, суд ҳукмида тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттириш ҳамда жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди.
Хулоса ўрнида фирибгарликка қўл урган ва фирибгарликка мойил кимсаларга қарата айтмоқчимизки, бу ишнинг охири “вой” эканлигини унутманг. Тўғри, фирибгарликнинг йўллари кўп. Аммо бу йўлларнинг бари инсонни суднинг қора курсисига олиб боради. Ўзгаларни чув тушириш эвазига топилган пул ёки мол-мулк эса ҳеч қачон буюрмайди.
Хусниддин ҲАКИМОВ,
Поп туман прокурори
Бахтиёр ОБИДОВ,
жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг судьяси