Тиббиётда ультратовуш имкониятларидан инсон ички аъзоларини текширишда кенг фойдаланилади.
АҚШнинг Мичиган университети олимлари эса бу тўлқинлар ёрдамида жигар саратонини даволаш технологиясини яратди. Муҳими, мазкур усул радиотерапия ва кимётерапия муолажалари сингари ножўя таъсирларга эга эмас.
Дастлабки тажриба жониворларда ўтказилди. Ультратовуш ёрдамида улардаги жигар ўсимталари 50 фоиздан 75 фоизгача бартараф этилди. Қолган қисмини эса иммун тизими йўқ қилишга муваффақ бўлди.
Олимлар фикрича, клиник шароитда баъзан хавфли ўсимтани бутунлай олиб ташлаш мумкин эмас. Бу унинг тана бўйлаб кўпайиши ёки ўлчами янада катталашишига сабаб бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар ушбу муаммони ҳал қилиш учун гистотрипсия, яъни юқори интенсивликдаги ультратовуш тўлқинидан фойдаланиш самарадорлигини оширдилар.
“Бизнинг қурилмамиз орқали юқори амплитудали ультратовуш тўлқинлари ўсимтани йўқ қилиш учун йўналтирилади, — дейди тадқиқот муаллифларидан бири Чжэн Сюй. — Ана шу импульслар ўсимта тўқималарида микро пуфакчалар ҳосил қилади. Кейинчалик улар кенгаяди ва ёрилади. Натижада саратон ҳужайралари ўлими содир бўлади.”
Мутахассислар келгусида янги технология амалиётда кенг қўлланила бошлагач, жигар саратонини даволаш борасида оламшумул натижаларга эришилишига умид қилишмоқда.