Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқЖиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига қандай ўзгартиш ва...

Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди?

 2021 йил 18 февралда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун билан кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув ҳамда айбга иқрорлик тўғрисидаги институтлар жорий қилинди. Қуйида қонунчиликдаги мазкур янгиликларга оид саволларга  “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими Мадина Файзиева жавоб берди.

  • Гумон қилинувчидан ҳимоячининг иштирокисиз кўрсатувлар олиши мумкинми?

 Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, гумон қилинувчидан, айбланувчидан ёки судланувчидан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан аризалар, тушунтиришлар ёки кўрсатувлар олиш мазкур жиноят иши ўз юритувида бўлган суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади.

  • Айбига иқрорлик тўғрисидаги келишувга асосан жиноят учун жазо қай ҳолда белгиланади?

 Бундай ҳолатда жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланади.

  • Ушлаб туриш муддати ўзгардими?

 Жиноят кодексига киритилган ўзгатиришга кўра, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этиши белгиланди. (илгари ушбу муддат шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланган).

  • Ҳимоячи қайси ҳолатларда иштирок этиши шарт ҳисобланади?

— Қуйидаги ҳолатларда ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги белгиланди:

* дастлабки эшитув ўтказилаётган ишларда;

* ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишларда;

* шахсга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда;

* айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилганда.

— Шахс амалда ушланган пайтда ҳимоячи билан ҳоли учрашиши мумкинми?

—  Шахс амалда ушланган ёки уни ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири якунланган пайтдан бошлаб, у билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилгунга қадар ҳимоячи билан холи учрашиши таъминланади.

  • — Гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатмалари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкинми?

— Гувоҳ ва жабрланувчини объектив сабабларга кўра кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қоладиган ҳолларда, уларнинг кўрсатмалари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз