Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларни мактабгача таълим олишига, шунингдек, уларни тарбиялаш ва реабилитация қилишга масъул бўлган мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларининг, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимларининг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланиши белгиланган.
Аниқланишича, Хонқа туман мактабгача таълим бўлими томонидан 5-сон ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти масъул ходимларига мазкур устама ҳақлари тўланмасдан келинган.
Натижада Хонқа туман адлия бўлими томонидан киритилган тақдимномага кўра туман мактабгача таълим бўлими томонидан педагог ва ходимларнинг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида устамалар ўтган йилнинг 7 ойи учун қайта ҳисобланиб, жами 329.395.400 сўм тўлаб берилди.
Темурбек Эшметов,
Хонқа туман адлия бўлими бошлиғи