Жиззахда янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушганлиги учун қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 январь куни соат 17:10 да Жиззах шаҳар, “Зилол” МФЙ, Мустақиллик кўчасида “Чорвадор-Қоракўл-Барака” МЧЖ томонидан қурилаётган 6-қаватли қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилиб, ушбу комиссия зиммасига 6 қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилганлиги, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси юклатилган эди.