Бош саҳифаТаҳлилЖурналист кузатуви: Бюджетнинг пули халқнинг пули эмасми?

Журналист кузатуви: Бюджетнинг пули халқнинг пули эмасми?

Бу саволга жавоб топишни истасангиз, Чиноз туманининг “Ғайрат” маҳалласига боринг. Одамлар билан суҳбатлашинг. Кунлар исиб қолди, чанқоқбостига тоза сув олишни унутманг, таъмирталаб йўлларда минг қоқилиб етиб борсангизу, у ерлардан ичишга тоза сув тополмай қолсангиз, мени айбламанг. Мен ҳам шу ишларнинг айбдорини излаб юрган оввора-ю сарсонлардан бириман. Одамлар бу шароитларга кўникишган, лекин қачондир шу қирли қишлоқда ҳам аҳвол яхшиланишидан умидвор.

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Нақадар ёқимли-а! Хуш бўлмаган хабарнинг қаноти йўқми? Хуш бўлмаган хабарни кўз юмиб ўтказиб юбориш шунчалар осонми?! Нега бундай ўйлаяпман. Бунга сабаб ўтган йили газетамизда “Ҳоким эътиборига” сарлавҳаси остида берилган “Обод бўлолмаган обод қишлоғим” номли мақоладан кейин ҳокимларнинг “бир туки қимирламай”, ҳаёт яна ўз измида, эски аравасида давом этаётганида!

Аслида ўша хуш бўлмаган хабарга ўзим қанот бўлиб, ҳоким эътиборига-ю, яна қанча масъул идораларга етказганим бир четда қолиб, қиш этагини йиғиштира бошлаган кунларда маҳалланинг янги раиси, фаоллари билан Тўйтепа, қайдасан, деб вилоят ҳокимлигигача борганимиз, натижадан яна халқ норозилигига нима дейсиз?! Додимиз Тўйтепагача етди-ю, нарига ўтмади яна.

Юртбошимиз халқ розилиги учун куйиб-ёниб яшаётган бир маҳалда бюджет пулини отасининг пулини ишлатган бойвучча ўғилдай сарфлаётган маҳаллий амалдорлару ўртакаш аллақандай инжиниринг компаниялар, еб тўймаган ялаб тўймайди қабилида иш тутаётган пудратчи ташкилотларнинг қинғирликларини нега ҳеч ким назорат қилмайди?! Шу ерга келганда ҳамма қонун-қоида оқсаб, ёпди-ёпди, жим-жим бўлиб кетаверади.

Кун сари сарғайиб бораётган қоғозларда қолиб кетган халқимизнинг ризқини қийиб, қорни қаппайиб юрганларнинг танобини ким тортади?! Оғриқли саволлар бирма-бир ичингни ёндириб, уйингни куйдириб турса-ю, маҳаллангда сениям халқнинг пулини еганларга шерик деган гап чиқса, додингни кимга айтасан?!

Елкаси яғир қишлоқдошларинг қишлоғимга сув келди, деб дўпписини осмонга отса-ю, бошига тақдирнинг палохмон тоши тарақлаб тушиб, тоза сув ўрнига ичишга ярамайдиган тахир, талх сув келса нима қиласан?! Маҳалладошлар яна ширин сув орзусида сувчи акага ялина-ёлвора кунда-кунора тилпон уриб, бир челак сувни кўзига суртиб чойга ишлатса-ю, бюджет пулини “туя қилиш эвази”га қишлоққа амал-тақал етиб келган, кунда бир келадиган ордона қолгур тахир-талх сувни олгани навбат кутиш бошланса, ёмғирда изиллаб навбатда турасанми?! Эрта-индин кўзи ёрийман деган келинлар этагига ёпишган икки боласини эргаштириб челак кўтариб кўча бошига сувга чиқса, сувга навбати келишини кутиб, елкасидан ёмғир ўтса, осмондай тўлиб йиғламайсанми?

Туғилганидан бери боғча нималигини кўрмаган “Обод қишлоқнинг” шўрпешона болалари бири қўйиб бири сувга чиқса, қишлоқнинг қоқ белидаги сув етиб келган жойдан сув олиб, эшак ўрнида эшак аравани елкасига солиб, сув ташиса, буёқда вилоятдаги коттаконлар “шунисигаям шукур қилишсин, сув етиб бормаган жойлар қанча, ношукурлар!..” деб сенга дағдаға қилса, давлатнинг пулини ишлатиш сиркаси сув кўтармайдиганларга қолибди-да, деб ичинг ёнмайдими?! Айтсанг тилинг, айтмасанг, дилинг куймайдими?!

Яғир енгига бурнини артиб юрган болакай эмассан, ҳақингни талаб қилиб, қонундан гапирсанг, отангга бор, онангга бор қилишса, қўлга қалам олмай, милтиқ кўтарармидинг.

Ўзи нега бундай бўлди? Бу ишларга ким айбдор? Шу саволлар билан масъулларнинг эшигини қоқавериб, қоғозларга қарасанг, қоғозларда ҳаммаси гўзалу амалда бир пулга арзимайдиган натижа бўлса, халқ додини кимга айтсин?!

Қўйнингдан тўкилса, қўнжингга тушаркан…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги Қарорига асосан Чиноз тумани “Ғайрат” маҳалласининг 7 километр 353 метрлик 17 та ички кўчаларини таъмирлаш учун давлат бюджетидан бир миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Лекин шу маблағ ўйламай сарфланган. Вилоятдаги масъул билан маҳалла фаоллари, ҳудуд депутати ички кўчаларни бирма-бир айланиб, тафтиш қилишди. Қош қорайганда ишни якунлаб, ғалвирни сувдан кўтариб, қилинган ишга баҳо беришса, ажратилган пуллар “чиппа-чиройли” сарфлангани аён бўлди. Биргина мисол — бюджетдан “Самарқанд” 1, 2-берк кўчалари учун ажратилган салкам тўқсон миллион сўмлик маблағнинг амалда сарфланиши ўрганилганида, ҳолат янада аниқ кўринди. Маҳаллий депутат шу кўчадаги бир эмас, учта хонадон эшигини тақиллатиб, ёшу қаридан фикр сўради. “Шу кўчанинг таъмири учун бюджетдан тўқсон миллион сўмга яқин маблағ ажратилибди, кўчангизда қилинган ишдан розимисиз?”. Шу оддийгина саволга берилган жавоблар тафтишчиларни қониқтирмади, албатта. Ҳақиқатан ҳам, кўчада шунча пуллик иш қилинмагани шундоққина кўриниб турганди. Айниқса, депутатнинг вилоятдан келган мутахассисга саволи илмоқли бўлди: “Бир машина асфалт 2019 йилда қанча эди? Шу кўчага неча машина асфалт ажратилибди?”. “Камида уч машина кетиши керак… Қолган қисми шағал экан, уч машинасиям 12 миллион тураров…”. Йўлсозлар яхши билишади, асфалт билан шағалнинг таннархини. Оддий халқ қаердан билсин! Лойиҳалаш ва бошқа майда-чуйда харажатлар бўлгандаям шу икки кўчанинг ўзида ўрта ҳисобда 25-30 миллион сўм ҳавога учаяпти. Ҳавогамас, қаёққадир учаяпти! Хуллас, қўйнингдан тўкилса, қўнжингга тушаркан-да, бўйидан бўлмаса, энидан уриб, қалин бўлмаса, юпқа қилиб, ички кўчалар “эл кўрди”га таъмирлангани аён бўлди!

Номутахассис одам ҳам рақамларни солиштириб, асл аҳволни кўрганда, кундай равшан бўлади ҳақиқий ҳолат! Хуллас, қишлоқнинг туман марказигача олиб борадиган асосий, серқатнов йўли таъмирталаб бўла туриб, ажратилган маблағ ички кўчаларга сарфланган. Сабаби сўралганида, бюджет маблағи фақат ички кўчаларга ишлатилиши керак, деган жавоб олинди. Маҳаллий аҳоли эса, катта кўча қолиб, ички кўчалар наридан-бери таъмирлаб кетилганидан норози.

Одамлар нимадан норози?

Туман марказига бориб-келиш бугунгача маҳалла аҳлига 10 минг сўмга тушар эди. Лекин айрим ҳайдовчилар йўл ҳақини 7 минг сўмга оширишди. Энди бирор иш ёки бозор-ўчарга марказга бориб келиш учун қишлоқдагилар 14 минг сўм йўл кираси бўлмаса, кўчага чиқмайди. Қишлоқ шароитида бу катта нарх! Ҳайдовчилар билан суҳбатлашганимизда йўл таъмирталаблигини, бу йўлларда юрган машиналар ҳам таъмирталаб бўлиб қолаётганини, йилига балон алмаштираётганини айтишди.

Ўзи шундоғам аҳолиси пойтахтдаги Ободонлаштириш бошқармаси-ю, бошқа ҳудудлардаги қурилиш ташкилоти, текстиль фабрикаларига қатнаб ишлайдиган аҳоли учун бу оддий муаммо эмас! Бир, ошиб борса, бир ярим миллион сўм маош оладиган ободонлаштириш ходимлари шу ойлигидан 150-200 минг сўмгача ёлланма автобус учун йўл пули тўлашади. Қишлоқнинг ўзида маҳаллий аҳоли учун иш ўрни мавжуд эмас. Мактаб ўқитувчиси-ю, кластер сувчисини айтмаганда, ҳамма одам қаергадир қатнаб ишлайди. Кимдир туман марказига, бошқа биров узоқ бўлсаям пойтахтга.

Маҳалла фаоллари уч-тўртта қишлоқ аҳлининг бошини бирлаштириб, “Ғайрат” маҳалласи марказига кичикроқ бўлса ҳам бозорча ташкил қилган маъқул, деган фикрга келишмоқда. Ҳақиқатан ҳам, агар маҳалла марказидаги суғорилмайдиган ерлар ҳисобидан бу лойиҳа амалга оширилса, бир эмас, тўртта қишлоқ учун маҳаллий бозор, дорихона, қассобхона, “Элга хизмат” расталари, энг кераклиси, банкомат ўрнатиш, яна бир нечта аҳоли учун зарур қулайликларни шу ернинг ўзида яратиш мумкин.

Аслида 2018, 2019 йиллардаги “Обод қишлоқ” давлат дастурида шароити оғир, чекка қишлоқ ҳудудларида аҳолининг турмуш шароитларини тубдан яхшилаш, йўлларни таъмирлаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқ ҳудудларга автобус ажратиш, бекатлар қуриш каби қулайликлар ҳам кўзда тутилган. Бироқ бу қишлоқда шунга ўхшаган энг зарур ишлар қилинмаган. Қоғозда чиройли-ю, амалда қўл учида қилинган ишлар қаторига юқорида айтиб ўтганимиздек халқ учун керакли масалалар киритилиши керак эмасмиди?! Бюджет пули шундай талон-торож қилинган, ўйламай ишлатилганки, одамлар ҳатто 2019 йилда маҳалласи “Обод қишлоқ” дастурига киритилганидан ҳам бехабар.

— Бизнинг ҳам тоза сув ичишга ҳаққимиз бор-ку! — дейди “Ғайрат” маҳалласи фаоли Аброр Норбеков. — Болалар боғчаси йўқлиги, қишлоқдаги отамизнинг замонидан қолган ўнқир-чўнқир йўл, сув муаммоси, муддатини ўтаган чиқинди полигонини ёпиш масаласи… шунга ўхшаган муаммолардан қачон қутуламиз? “Обод қишлоқ” дегани шуми? “Обод қишлоқ” қанақа бўлади ўзи? Қишлоғимиздаги кўп йиллик муаммоларни ҳал қилайлик, деб учрамаган маҳаллий раҳбаримиз қолмади. Вилоятдагиларнинг ваъдабозлигидан чарчаб, республика даражасидаги марказий идорасигача бораяпмиз. 2019 йилда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар нега 2022 йилда ҳам ечимини топмаяпти? Бюджетнинг пули халқнинг пули эмасми? Қачонгача эскича фикрлаб, эскича яшаймиз, қачонгача бизни алдашади? Ўзим шу қишлоқда кластерда ишлайман, мироблик қиламан. Қишлоққа сув келганига бир ойдан ошди. Ичимлик сувини таъми кун сайин шўрлашиб, бемаза бўлиб бораяпти. Халқ кунда эмас, икки-уч кунда бир-икки соат бериладиган шу сувни ичишга мажбур бўлаяпти. Энг аламлиси, бугун индамасак, бир умр шу аҳволда қолиб кетади ҳаммаси. Одамлар шундан норози.

“Бахт” кўчасидаги бахтсизлар

Бир куни маҳаллада нон маҳсулотлари тайёрлаш цехи очган тадбиркор аёл шикоят қилиб қолди. “Бахт” кўчасида турар экан.

— Бизда ҳеч нарса кўчамизнинг номига яраша эмас, — дейди Орзугул Мансурова. — Номи “Бахт” ўзи бахтсиз кўчамиз “Обод қишлоқ”дан ҳам қолиб кетди. Энди эллик йилдаям асфалт бўлмаса керак! Кўчамизга сув ҳам кирмаган, сув қувурлари катта кўча бўйлаб тортилган, холос. Нон ишлаб чиқариш учун сувни ё ўзимиз ташиб келамиз, ё сувчи машинадан сотиб оламиз.

Кунига минг дона нон ишлаб чиқариш учун сув деган энг зарур маҳсулот бўлмаса, тадбиркорга ҳам осон эмас! Аёлнинг куйинганича бор! 2022 йил 18 мартда “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ ва маҳаллалар сони бўйича мақсадли параметрлар тасдиқланди. Шунга кўра, белгиланган йилларда республикамиздаги жами 2 043 қишлоқ ва маҳаллаларда, жумладан, 2022 йилда 413 тасида қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Ички йўлларни таъмирлаш учун 2 триллион сўм, ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 1 триллион сўм, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни қуриш (таъмирлаш) ва ободонлаштиришга 1,4 триллион сўм маблағ ажратилади.

Бироқ Қарорга кўра, 2023 йилдан қишлоқ ва маҳаллалардаги мавжуд ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларининг ҳақиқий ҳолати тасдиқланган мезонлар асосида баҳоланиб борилади. Баҳолаш натижаларига кўра энг паст кўрсаткич қайд этган ва ўтган давр мобайнида Дастурларга киритилмаган қишлоқ ва маҳаллалар Дастурларга биринчи навбатда киритилади.

Эътибор беринг-а, Президент Қарорида “ўтган давр мобайнида Дастурларга киритилмаган қишлоқ ва маҳаллалар Дастурларга биринчи навбатда киритилади”, дейилмоқда!

Демак, “Ғайрат” маҳалласи яқин йилларда қайта обод бўлмаслиги, бу маҳалла учун бюджетдан яна миллиардлаб маблағ ажратилмаслиги аниқ!

Мухтасар қилиб айтганда, маҳалла фаоллари “Ғайрат” маҳалласини қайта “Обод қишлоқ” дастурига киритиш тарафдори. Лекин хали бу дастурга киришдан умидвор, чекка қишлоғи обод бўлишини истаётган одамлар қанчадан-қанча топилади.

Бир сўз билан айтганда, халқнинг ризқини қияман деган номардларнинг иши умрида гул ўстириб кўрмаган одамнинг боғбонлик қиламан деб ер талашишига ўхшайди. Мана, гап қаерда! Нима учун қишлоқларимиз, маҳаллаларимиз давлат бюджетидан катта-катта маблағлар ажратилса-да, обод бўлиб кетмаяпти?! Одамлар қилинаётган ишлардан рози эмас.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз