Бош саҳифаТаҳлилЖурналист кузатуви: Таълим-тарбиянинг қуроли пул…ми?!

Журналист кузатуви: Таълим-тарбиянинг қуроли пул…ми?!

  • Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига масъуллиги модадан қолдими?
  • Тарбиячининг ўзи тарбияланганми?
  • Болангизнинг тақдири бойликларингизга боғлиқ деб ўйлайсизми?

Бундай саволлар кўп.

Ибрат бўла олмаслик ҳам иллат

Болалар учун ота-она ибратидан кучлироқ ибрат йўқ, деган ҳақиқатни тан олайлик. Тарбия оиладан бошланиб, мактабда мустаҳкамланади. Иккисида икки хил тарбия бўлиши эса ҳалокатга олиб келиши аниқ. Иккиюзламачилик болалар учун энг хавфли иллат.

Ўзи китоб ўқимайдиган ота-она боласидан китоб ўқишни талаб қилиши қанчалик акс-садо беради? Боласи ўқийдиган мактабга бирор марта ота-оналар йиғилишига бормаган ота ўғли ёки қизининг ҳурматини қозона оладими? Боласининг кундалигини умрида кўрмаган ота боламнинг қандай ўқишини яхши биламан, дейишга ҳақлими?

Авваллари ўқитувчимиз бизга танбеҳ берса, ота-оналаримиз хурсанд бўлиб, “устозинг тўғри қилибди, муаллимнинг гапига қулоқ солсанг кам бўлмайсан”, деб уқтирарди. Ҳозир эса боламизга ўқитувчи сал баланд овозда гапирса, дарров уни судга берамиз, директорга шикоят қилиб, ишдан ҳайдашини талаб қиламиз, бутун синф олдида муаллимни дағ-даға билан беҳурмат қилишдан тап тортмаймиз. Бу билан боламизни тарбиялаётган инсон олдида тарбиясизлигимизни кўрсатганимизни билмаймиз. “Устознинг урган жойи қиёматда куймасмиш” деган нақлдан эса кўпчилигимиз ҳатто бехабармиз.

Бугун боласига салгина қаттиқроқ гапирсанг мактабга қараб югураётган ота-оналар эпкинда эмаклайдиган қулмижозлар улғайишига сабаб бўлиши мумкин.

Абдулла Авлоний: “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”.

Тарбия учун қуроллар кўп. Китоб, театр, кино, телевидение кўрсатувлари, турли маданий тадбирлар, ёзувчилар, маърифатли инсонлар билан учрашувлар, илмли давралар… Аммо улар тарбияга тескари таъсир қиладиган даражада савиясиз бўлса-чи?

Оддий мисол. Яқинда Ўзбекистон телевидениеси каналларидан бирида (бу каналларни кўришга тоқатим йўқ аслида) олий таълим муассасаларидан биридаги ўқитувчи ва талабалар ўртасидаги муносабатлар талқин этилган сериал намойиш этилди. Олийгоҳда сабоқ берадиган ўқитувчисини менсимайдиган, ҳурмат қилмасдан дарсда ошкора калака қилиб, гап қайтариб ўтирадиган, ҳатто йўлакда йўл, университет ошхонасида жой бермасдан туртиб ўтиб кетадиган икки безбет талаба қиз ҳақидаги фильмни эфирга узатишдан мақсад ва муддао нима эканлигини тушуна олмадик. Бундан ҳам бемаъни саҳна кўринишида эса ўша ўқитувчи аёлнинг икки ўғли шу икки бетарбия қизга ошиқ бўлиб, онасини уларникига совчиликка юбориш саҳнаси. Совчилар олдига чой олиб кирган қизлар ўзининг ўша тарбиясиз талабалари эканлигини кўриб, ўқитувчи аёл таажжубдан ёқасини ушлаб қолди. Аммо ундан ҳам ёмони — ўқитувчи бу тарбиясиз қизларни келин қилишга рози бўлгани…

Агар бу воқеа ҳаётдан олинган бўлса, тарбиясизликнинг бундай кўринишини кўз-кўз қилишимизнинг ўзи ачинарли. Агар тўқима образ бўлса, бундан не маъно, не фойда ва на бирор тарбиявий аҳамиятни кўрмадик. Шунчаки, уйдирмадан бошқа нарса эмас!

Беихтиёр режиссёр Владимир Роговойнинг темир интизом ва ҳақиқий тарбияни ўргатадиган уруш ҳақидаги “Офицерлар” драмаси кўз ўнгимда намоён бўлди. Бу фильмни барчамиз севиб қайта-қайта армон ва изтироблар, кўз ёшлар билан томоша қилганмиз.

Фильмдаги генерал Трофимовнинг ҳарбий билим юртида ўқийдиган набираси Иван билан боғлиқ лавҳалар эсингиздами? Курсантларга ўқиш даврида вақти-вақти билан уйга қисқа муддатли таътил бериларди. Ана шундай таътиллардан бирида ўсмир Ваня ҳам бобоси ва бувисини кўриб яна билим юртига қайтаётганда йўл-йўлакай, болалик қизиқиши билан ҳайвонот боғига кириб ҳайвонларни томоша қилиб, белгиланган муддатдан кечикиб қолади ва “қўлга тушади”. Унга албатта билим юртининг полларини ювиш жазоси берилади. Бундан хабар топган генералнинг жаҳли чиқади. Уни бу “жазо”дан озод қилдиришни сўраган бувисига, “Сизнинг меҳрибонлигингиз боланинг тарбиясини бузмаса, деб қўрқаман”, деб аёлига танбеҳ беради. “У ахир ёш бола-ку, уни ўзимиз билим юртига олиб бориб қўйишимиз керак эди”, деб ўзини оқламоқчи бўлган бувиси қаттиққўл бободан қатъий жавобни эшитади: — “У бола эмас, у солдат-ку!”

Даҳшатли уруш йилларининг оғир жароҳатлари ҳали битмаган, жангларда ота-онаси ҳалок бўлган йигитчани бобоси ва бувиси хоҳлаганча эркалатиши, кўнглига қараши, айтган барча нарсасини муҳайё қилиши мумкин эди. Аммо… Генералнинг яккаю ёлғиз набираси барча учун ўрнатилган тартиб-интизомга риоя қилиши шарт!

Бу картинани юқоридаги миллий сериалимиздаги тарбия билан солиштирадиган бўлсак, қиёслашга арзимаслигидан ичимиздан зил кетамиз.

Чунки бизда генерал эмас, ҳатто тўрт-беш сўм пули бор оддий одам ҳам эркатойини талтайтириб, бошига чиқариб бўлган. Ҳамма нарсани пул билан ўлчаб хато қилаётган манманликнинг салбий оқибатлари тўғрисида барчамизда юзлаб мисоллар борлигини яхши биламиз.

Яна бир ҳолат таълим-тарбиянинг илдизига болта уради. Ўзини тенгдошлари ўртасида ёмон тутадиган, ўқитувчиларга ҳурматсизлик қиладиган, билим олиш ўрнига бузғунчилик қилишни афзал кўрадиган ўқувчисига танбеҳ бергани, уни тартибга чақиргани учун мактаб ўқитувчисининг “районо”да муҳокама қилиниши, ҳайфсан олиши, ойлик маошининг камайтирилиши, ҳатто севимли ишидан ҳайдалишини қандай баҳолаш мумкин? Наҳотки, “Устоз отангдек улуғ!” деган мақолни ҳалокат ёқасидан қутқара олмаймиз?

Тарбиячининг ўзи…

Таълим ва тарбиядаги оқсоқликлар бугун барча соҳада, ҳаётимизнинг барча жабҳасида яққол кўриниб қолди. Бу ҳақда Давлатимиз раҳбари яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бекорга куйиниб гапиргани йўқ: “Агар раҳбарлар, муаллимлар янги Ўзбекистонга муносиб ҳаракат қилса, фарзандларимизни давр талабига мос ўқитишимиз мумкин. Халқимиз бизга энг катта бойлигини — зурриёдини ишониб бераяпти. Бу жуда катта масъулият. Шуни ҳис қилиб, ўзимизни қийнаб, мактабни ислоҳ қилсак, келажакка замин яратамиз!”

— Тарбиянинг қуроли пул-ми?

— Йўқ! Асло, тарбиянинг қуроли пул эмас, айнан шахсий намуна бу қудратли маънавий қурол, — дейди Навоийдаги “Тафаккур” ёшлар тарғибот маркази раҳбари Жонибек Шуҳратов.

— Исботлаб бераман. Стив Жобсни биласиз. Миллиардер, Марс сайёрасидан маҳалла қуриш, сув устида сунъий орол қуриш, бир кунлик даромади билан минглаб эмас, миллионлаб талабаларнинг контракт пулини тўлашга қодир. Керак бўлса, дунё ҳайратда қолган I Phone смартфонларидан хоҳлаганча ҳадя қилишга қодир инсон.

Бир куни Жобснинг уйига журналистлар келишади. Унинг фарзандлари билан билан мулоқоти, фарзандлари бўш вақтларини қандай ўтказаётганига қизиқиб қолишади. Жобс хонадонида меҳмон бўлган журналистлар ҳайратдан ёқа ушлайди. Нега ёқа ушламасин, ахир Стив Жобс дам олиш куни фарзандлари билан китоб мутолаа қилаётган эди. Нега ҳайратланмасин, “Apple” компанияси асосчисининг фарзандлари телефон эмас, гаджетдан фойдаланаётган эди.

Фарзандлар нега отасига қулоқ солиб китоб ўқияпти? Нега улар отасининг маслаҳатини ҳаёт қонунидек қабул қилиб гаджетдан фойдаланяпти? Чунки отанинг ўзи шахсий намуна, дунёда энг кўп китоб ўқийдиган машҳурлар сафида Билл Гейтс билан пешқадам.

Чунки отанинг ўзи бутун умрининг охиригача қора футболка ва кўк жинсида юриб, бойлик пул ва машҳурликда эмас, илм ва тафаккурда эканлигини исботлаб кетди.

Фикримизни жадид боболаримиз тўртлиги билан якунлаймиз:

Туғиб ташлаш билан бўлмас бола, бўлур бало сизга,
Вужуди гар тарбия топса бўлур ул раҳнамо сизга,
Темирчининг фарзанди илми бор удир олим,
Гар Луқмону Ҳаким фарзанди илми йўқ, ул золим.

Аччиқ ҳақиқат шуки, ота ёки она бўлиш мақоми туғдириш, туғиш билан ўлчанмайди. Фақатгина тарбияланган ота-она оқил ва закий фарзандни тарбиялай олади. Тарбиячи ота-оналар тарбияга муҳтож бўлмасин.

Таёқнинг иккинчи учи ҳам бор. Баъзи ҳолларда эса тарбиячининг ўзи тарбияланмаганлиги, етарли билимга эга эмаслиги ҳам панд беради. Ҳозир аксарият мактабларда ўқувчилар дарсдан кейин “продлёнка”га қолиши трендга чиққан. Энг қизиғи, қўшимча дарсда қолган ўқувчиларга машғулотни ўзининг синф ўқитувчиси ўтади. Текинга эмас албатта, пуллик. Дарс соатларини атайлаб енгил-елпи ўтишдан манфаатдор ўқитувчиларнинг бу механизмига виждонни аралаштириб ўтирманг!

Ўз билимини ошириш ҳақида ўйламайдиган, ўз фанидан берилган саволларга жавоб бера олмайдиган, бугун ўтсин қабилида иш тутаётган чаласавод устозлар ҳам афсуски оз эмас.

Яна бир ачинарли статистика бор. Мактаб ўқувчилари мактабдан эмас, ойлаб, йиллаб миллион-миллион пул тўлаб, репетиторларга қатнаб билим олади. Олий таълим даргоҳларига ўқишга киради. Лекин олий ўқув юртларига кириш бўйича рейтинг аниқланаётганда, етарли билим беролмагани учун ўқувчилари репетитордан сабоқ олишга мажбур бўлган мактаб директорлари ғолиблик шоҳсупасига чиқиб, гердайиб туришига нима дейсиз? Репетиторлар саҳна ортида қолиб кетаверади.

“Жойи келган чоғида виждонни пулга сотамиз…”

Жанубий Африкадаги университетнинг кириш эшигида қуйидаги ёзув борлиги ҳақида эшитгандирсиз: “Бирор давлатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета қуролларидан фойдаланиш шарт эмас. Фақатгина таълим сифатини пасайтириб, имтиҳонларда кўчиришга (шпаргалкадан фойдаланишга) имкон бериш етарлидир…

Беморлар — шифокорларнинг қўли билан ўлади, бинолар — муҳандисларнинг қўли билан қулайди, пул — иқтисодчиларнинг қўли билан йўқолади, инсонийлик — дин вакилларининг қўли билан унутилади, адолат — ҳуқуқшуносларнинг қўли билан топталади… Таълимнинг барбод бўлиши — халқнинг вайрон бўлишидир!”

Биздаги олий ўқув юртларига кириш учун жорий этилган суперконтрактлар ҳам ана шундай ҳалокатга олиб бориши мумкинлиги ҳақида бошқа сафар фикр юритамиз.

Ёки “Мактаб учун пулини қизғанган давлат келажакда қамоқхоналар қуриш учун пулини сарфлашга мажбур бўлади” деган хулоса ҳам кишига сабоқ беради. Бу ерда гап фақат вояга етмаган болаларнинг жиноят кўчасига кириши ҳақида эмас, балки мактабда тарбияси оғир бўлган, эътиборсиз қолган ўғил-қизларнинг бутун умрини, келажагини барбод қилиши, қинғир йўллар билан бойлик орттириши, жиноятнинг барча кўчаларига кириб чиқиши, ҳатто одам ўлдириши, ўз ота-онасига, Ватанига хиёнат қилиши каби аччиқ интиҳолар мундарижаси акс этгани аниқ.

Шунда адабиётимизнинг буюк намояндаси Абдулла Қодирийнинг:

“Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз,
Жойи келган чоғида виждонни пулга сотамиз.
Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламак,
На Худони буйруғи бўлган удум ўрготамиз…”

каби сатрларини ўқиганимиз сари уларнинг қиммати замонлар ўтса ҳам ўзгармаслигини ҳис этамиз. Ҳам аслимизни, ҳам қадримизни, ҳам қалбимизни ларзага соладиган ҳаётнинг мана шундай аччиқ иқрорларидан сабоқ олишимиз, хулоса чиқаришимиз кераклигини англашимиз зарур…

Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз