ҲАЁТИМИЗ, умримиз йўлларга боғланган. Барчамизни ҳар куни турли манзиллар, узоқ-яқин йўллар чорлайди. Гоҳида хайрли парвоздамиз, гоҳида тезюрар, гоҳида оддий поездлар узоғимизни яқин қилади. Академик шоир Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда: “Бу йўллар кўп қадим йўллардир…” Бу йўлларнинг сирлари, қувонч ва ташвишлари кўп. Бу йўлларда тўғриликлар билан бирга эгриликларнинг ҳам борлиги кишини хавотирга солади. Бу лавҳалар ҳаётнинг бир парчаси.
Чиптасиз аёллар
Ўтган ҳафта Навоийдан Тошкентга қайтаётганимда, темир йўл вокзалида бир гуруҳ аёлларнинг шовқин-сурони кўпчиликнинг эътиборини тортди. Бақир-чақир қилиб вокзал биносини бошига кўтараётган аёлларнинг важоҳатини кўриб биринчи марта аёллигимдан уялдим.
Ёши катталар-ку майли, уларни тушунса бўлар, турмуш ташвишлари, ҳаёт қийинчиликлари, тирикчилик балки уларни шу аҳволга солгандир деб ўйлашимиз мумкин. Аммо ҳали она сути оғзидан кетмаган ёш қизнинг андишасизлигига, дуч келган одамга телефон камерасини тутиб дағдаға қилишига, ҳатто, хизмат вазифасини ўтаётган ички ишлар ходимлари ҳам бас келолмагани жуда хунук манзара эди.
“Бизга блогер чақиринг, бизни интернетга чиқарсин”, – деб аюҳаннос солаётган бу аёллар гуруҳи ким дейсизми? Улар қонунбузарлар. Вокзал хизматчисининг айтишича, булар мамлакатимиз ҳудудидан ўтадиган “Душанбе-Москва” поездига чиқиб, йўл-йўлакай у бу нарса сотиб юрадиган «тадбиркор”лар. Улар назоратчилар текшируви вақтида йўл чиптаси йўқлиги учун “қопқон”га тушгач, беобрўлик йўли билан ундан чиқиб оламиз, деб ўйлаган шекилли. Афсуски, уларнинг ҳар доимги режаси бу гал иш бермади. Қонунни бузганлар жавоб бериши керак, тамом-вассалом. Лекин поезддан Навоий вокзалида тушириб қолдирилган бу “муҳтарама зот”лар чиптасиз поездга чиққани учун жавоб бериши кераклигини тан олгиси келмаяпти. Жавоб бериш ўрнига жавобгарликдан қочиб, жанжал кўтараётган аёлларнинг вокзал назорат постида хизмат вазифасини ўтаётган ички ишлар ходимига “мени ҳақорат қилди, мени урди” дея туҳмат қилишлари эса ортиқча.
Хуллас, темир йўллар темирдан, аммо одамларнинг асаби темирдан эмаслигини, қонун барча учун баробарлигини уларга тушунтириш беҳуда эди. Ички ишлар идорасига хабар берилиб, “қаҳрамон”ларнинг иши уларга топширилди.
Савол туғилади: Хўш, бу “ишбилармон”лар (қайси вокзалдан чиққанлиги бизга номаълум) чиптасиз қандай чиқиб олди экан? Ахир ҳозирги вақтда вокзалларга чиптасиз қуш ҳам учиб кира олмаслигига кўпчилигимиз гувоҳмиз-ку. Мабодо, кичик вокзаллардан чиққан бўлса, постдаги назоратчилар қаерга қаради? Ёки бу аёлларнинг “шохи” борми? Балки коррупция уларга ҳомийлик қилаётгандир? Бу саволлар бошқа саволларни етаклаб келаверади.
Тилимизга боғланган “сир”
Барча коррупцияга қарши, лекин ҳамма пулни яхши кўради. Бу бир-бирига қарама-қарши икки ҳолат коррупция тегирмонига сув қуяётгани аниқ. Чунки коррупция жамиятимизнинг барча тармоқларида илдиз отиб улгурганини, ҳаётимизни сувдек, ҳаводек эгаллаб олганлигини инкор этиш қийин. “Бешикдан то қабргача пора…” деган иборага ҳам қулоқларимиз тобора ўрганиб бораётгандек. Зеро, унинг илдизлари боғчадан бошланиб, мактабдан, олий таълим даргоҳидан, маҳалладан, энг кичик идорадан то энг катта маҳкамаларгача “юксалиб” бормоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компанияси ҳам ана шундай нуфузли маҳкамалар қаторидан ўрин олганлиги ҳеч кимга сир эмас. Чунки ҳаммамиз ана шу катта компаниянинг хизматидан фойдаланамиз, мудом йўлдамиз. Табиийки, турли муаммоларга ҳам тез-тез дуч келамиз. Тўғри, аслида энг қулай ва энг хавфсиз транспорт ана шу темир йўл транспортлари. Аммо кошкийди, ҳар доим ҳам билет топилса, хаста отаси ёки онасини, бемор боласини пойтахтдаги профессорларга кўрсатиш учун келаётганлар чипта излаб ким-кимларга сарғаймаса, кошкийди…
Тошкент шимолий темир йўл вокзали кассаларига кираверишдаги эшик пештоқидаги электрон таблода “Барча йўналишлар бўйича чипталар бор” деган ёзувни кўриб, “хайрият-эй, билет бор экан”, деб қувонганингиз ичкарига кириб кассага яқинлашган заҳотиёқ бир пул бўлади.
Бир ҳафта олдин, ҳатто ўн, ўн беш кун олдин ҳам хоҳлаган йўналишга билет топа олмайсиз. Бу ҳаёт. Мабодо бошингизга қайғули кун тушиб, бирор яқинларингиз билан видолашиш учун бошқа давлат эмас, мамлакатимиз ичкарисидаги бирорта шаҳарга шошилинч боришингизга тўғри келиб қолса-ми, ғамингизга ғам қўшилди деяверинг. “Илтимос, бошимизга жудолик тушиб қолди, қайси поездга бўлса ҳам битта чипта топиб беринг”, деб кассадаги аёлга илтижо билан боқсангиз, у кишининг лабини буриб, “Умуман бу яқин ўн кунликда чипта йўқ. Аввалроқ қаерда эдингиз? Одинроқ олиш, ёки буюртма бериш керак эди” деган жавобидан баттар хуноб бўласиз. Товба, дард сўраб келадими? Жудоликка, кимнинг қачон вафот этишига буюртма бериш ҳам керакми энди?
Дарвоқе, бир муҳим сирни айтмадик-ку. Мабодо, чиптани икки баробар нархда олиш “йўли”ни топсангиз, хоҳлаган жойга, хоҳлаган кунга чипта “топишингиз” аниқ. Шунинг учун ҳам кўпчилик шу нозик, аммо хуфиёна “йўл”ни излаб топишга уринади. Бу “сир”нинг сири ҳали очилгани йўқ. Ёпиғлиқ қозонлар қачон очилади, буни ҳатто энг зўр башоратчи ҳам айта олмайди. Чунки бу сирнинг бир учи тилимизга боғланган.
Бронь баҳона-ю ҳамён ғанимат-ми?
Йўлда юрсангиз ҳар хил савдога дуч келаверасиз. Кимдир ҳафталаб чипта ололмасдан хуноб бўлади, кимгадир бронланган жойлар сабаб билет муҳайё. Бронланган жойлар… Бу фикримиз билан самолёт ва поездларга амалдорларнинг чипта олиши учун катта имтиёзлар борлигигига ҳасад қилаётганимиз йўқ. Кўпчилигимиз бу имтиёзлардан кези келганда фойдаланганмиз. Олий Мажлис парламенти депутатлари, ҳокимликлар, катта корхоналар учун чипталарни бронь билан бериш тажрибаси борлигини жуда яхши биламиз. Аммо ана шу бронь соясида ҳам коррупция борлигини нимагадир тан олгимиз келмайди. Чунки сизга қиммат нархда “Афросиёб”, ҳатто “Шарқ” тезюрар поездига чипта “топиб” бераётган темир йўл ходими тилингизнинг учида турган “Иее, мана чипта бор экан-ку!” деган иддаонгизни эшитмаслик учун “Бронлик жойдан зўрға ҳал қилдим”, деб эътирозга ўрин қолдирмайди. Сиз ҳам гапни чўзмай қўя қоласиз…
Тиланчига ўхшаймиз…
Бир неча йил аввал Тошкент аэропортларида юк ташийдиган аравачаларнинг пуллик бўлганига ўзимиз-ку майли, юртимизга четдан келган меҳмонлар олдида изза бўлардик. Бошқа давлатдан келаётган меҳмонда бизнинг миллий валютамиз бўлмаслигини билиб туриб, шунақа тартиб жорий этилишининг ўзи жуда ғалати эди. Сайёҳларнинг олдида тиланчига ўхшаб қолганимизни ҳозир эслаш ҳам жуда ёқимсиз. Бошқа давлатларда аравачага юкингизни ортиб, бемалол катта кўчага, ҳатто автотураргоҳгача олиб чиқишингиз ва уни ўша ерда қолдириб кетишингиз мумкин. Хайрият, ҳозир аэропортда аравачалардан текинга фойдаланаяпмиз. Аммо Темир йўл вокзалларида ҳамон “тиланчилик” давом этмоқда. Бу бир қараганда арзимас нарсадек кўриниши мумкин. Аммо шу арзимас иллат тагида юртимиз, миллатимиз шаъни, обрўси борлигини унутиб бўлмайди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясидаги яна бир муаммо самолётга билет йўқ дейишади-ю, кўп шаҳарларга самолётларнинг ярим салони бўш ҳолатда парвозни амалга оширганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Талабалигимизда (ўтган асрнинг 70-йиллари охирида) Навоий – Тошкент, Тошкент – Навоий авиарейси бир кунда бешта рейс эди. Чипталар ҳам бемалол ва етарли бўлган. Ўша куннинг ўзида бир-икки соат олдин аэропортга чиқиб, билет олиб, бемалол манзил томон кетиларди. Кичкина аэропортнинг катта имкониятлари бор эди. Ҳозир Навоий халқаро аэропорти деган мақоми бор, аммо шундай катта саноат маркази ҳисобланган Навоий билан Тошкентнинг ўртасида қатнайдиган бирорта авиарейс йўқлигини қандай баҳолаш мумкин, билмадим. Бу компанияларнинг маркетинг бўлими борми ўзи, бор бўлса, нега уларнинг иши сезилмаяпти?
Байрамларда чегирмалар бор, аммо…
Тирикчиликнинг мингта тешиги бор. Ҳамма нон топишгина эмас, бойиб кетиш учун ўзини ўтга, чўққа урадиган замон бўлди. Аммо мамлакат иқтисодий оғир қийинчиликларни бошидан кечирганида ҳам бировнинг ҳаққига бугунгидек оғир хиёнатлар бўлмаган. Ҳатто ҳукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзлар, яратилаётган имкониятларни ҳам пуллашга ўрганиб қолиш жуда ачинарли.
Оддий мисол, байрамларда ҳукумат қарори билан авиа ва поезд чипталарига чегирмалар эълон қилинади, афсуски, фақат қоғозда, амалда эса чегирма эмас, икки-уч баробарга кўтармага айланади. Чиптанинг ўзи хуфиёна бўлганидан кейин чегирмаси қаердан ҳам бўларди?
Энг ёмони йиллар давомида катта бир ўпқонга айланиб бораётган бу муаммолар ҳақида бош қотирадиган, тўғрироғи, назорат қиладиган одам йўқ. Бошқалардек қаергадир хизмат сафарига ёки саёҳатга бормоқчи бўлсак, ўзимиз истаган вақтда самолёт ёки поездга бемалол чипта олса бўладиган замонлар келишини қачонгача кутамиз? Қачонгача, соҳа мутасаддилари бор чиптани йўқ деб қандайдир корчалонлар қўлига топшириб қўйиб, ҳеч нарсани сезмагандек юриши, фуқароларни сарсон қилиши мумкин? Бу муаммоларни ечишга қурбимиз етмайдими ёки… иқтисодий саводсизлик панд бераяптими?
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти амалдорлари тизимда маркетингнинг йўқлиги бу муаммоларнинг йиллар давомида ҳал этилмасдан қолишига сабаб бўлаётганлигини наҳотки сезмаётган бўлса? Мутасаддилар фуқароларнинг эҳтиёжларини ўрганиб чиқиш, уларга юқори истеъмол сифатини таклиф қилиш билан шуғулланганида эди, бугунги машмашалар аллақачон барҳам топган, одамлар сарсон-саргардон бўлмаган бўларди.
Жисмоний имконияти чекланганлар поездга чиқмайдими?
Ҳаётнинг биз кутмаган синовлари, озорлари кўп. Орамизда соғлигини йўқотиб, бутун умр ногиронлик аравачасига михланиб қолган замондошларимиз бор. Оллоҳ узрли қилиб яратган бундай жисмоний имконияти чекланган шахсларга қўлимиздан келганча ёрдам бериш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз. Тўғри, уларга етарли шарт-шароитлар яратиш давлатимиз қонунларида ўз аксини топган. Уларга берилаётган имтиёзлар ҳақида эътирозга ўрин йўқ. Аммо улар кўпинча темир йўл транспортидан фойдаланиш учун оддий шарт-шароитнинг яратилмаганлигидан азият чекишади. Ногиронлик аравачаси билан поезд купесига кириш минг машаққат бўлса, пастга тушаётганда ҳам ногирон шахсни аравачаси билан бирга кўтариб тушириш худди шундай қалтислигини тасаввур қилаяпсизми? Бегонага мени тушириб қўя оласизми деб сўраш ҳар қандай кишига малол келиши аниқ. Бу шунчаки ноқулайлик эмас, балки уларнинг кайфияти, соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатиши табиий. Жисмоний имконияти чекланганларга бундай оддий имкониятларни яратиш учун яна неча йил керак?
Токи бу муаммолар барҳам топмас экан, бугун замонавий илғор технологиялар асрида яшаяпмиз, деб кўкрак кериб мақтанишга ҳаққимиз борми? Танаси бошқа дард билмас деганлари балки шумикан ?!
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири