“Hudud24” сайти дам олиш кунларини мароқли ва мазмунли ўтказиш истагида бўлганларга таниқли, ҳаётда муваффақиятга эришган инсонлар тавсияларидан бериб боради.
Лойиҳанинг бу галги сонида таниқли журналист Шоҳира Ҳамронинг тавсияларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Китоб – Жорж Оруэллнинг “1984” романи. Бу китоб менга ўзимиз ҳақимиздаги аччиқ ҳақиқатдек таъсир қилган. Ер юзида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ичида яшар экансан, “1984”даги воқеалар сизга жуда таниш кўринади. Сиз унинг қаҳрамонларини танийсиз: у сиз, у мен, у биз. Бекорга бу китобга “20 асрнинг энг даҳшатли асари ” деб таъриф берилмаган. Чунки унинг ҳаётий ҳақиқатлари жуда қўрқинчли. Лекин юзимизга тутилган бу кўзгудаги қиёфамиз ҳар қанча қўрқинчли бўлмасин, биз унга қараб туришга мажбурмиз.
Кино – “Шамолларда қолган ҳисларим”. Бир қараганда севги-муҳаббат жанридаги мелодрама. Лекин менимча унда ҳамма нарса бор: севги-муҳаббат, хиёнат, ватанпарварлик, сабр-қаноат, характер. Мен асарнинг ўзини ҳам, фильмини ҳам жуда яхши кўраман. Роман нашр этилган вақт ва у асосида фильм ишланган ўртасида уч йил бор. Мана шу уч йил мобайнида, токи фильм экранга чиққунга қадар, ҳар бир ўқувчининг ўз тасаввуридаги ўз Скарлет О`Хараси, ўз Батлери бўлган. Фильм чиққанидан кейин эса тасаввурлар ойдинлашган. Мени мана шу ҳолатни тасаввур қилишнинг ўзиёқ таъсирлантиради. Ҳаётда ўз олдига ақл бовар қилмас мақсадлар қўя олган аёл борки, ўзини Скарлет қиёфасида кўради. Фильм воқеалари бўлиб ўтган даврлар ҳам, унинг қаҳрамонлари ҳам олис ўтмишда қолиб кетди, ролларни ижро этган актёрлар ҳам ҳаётдан ўтиб кетишди. Лекин бу асар ва фильм томошабин қалбида уйғотган меҳр ва муҳаббатни ҳеч бир йиллар шамоли ўчириб юбора олмайди.
Театр – яхши саҳналаштирилган сохталик, “бўлаверади” деган тушунчадан йироқ саҳналаштирилган барча спектакллар ёқади. Ўзимизникилардан Валижон Умаровнинг “Аёлғу”, Сайфиддин Мелиевнинг Гулбаҳор Йўлдошева ижро этган “Медея”, Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган, Алишер Узоқов ижросидаги “Юлдузли тунлар” спектаклларини тавсия қилган бўлар эдим. Афсуски, Гулбаҳор Йўлдошева ҳамда Алишер Узоқов ўйнаган вариантини қайта тиклашнинг имкони йўқ ва бу спектакллар эфир учун ёзиб олинмаган.
Мусиқа – Стинг ёқади. Ўзимизникиларнинг мусиқаси эмас, қўшиқлари ёқади. Юлдуз Усмонова ва қолганларнинг баъзи қўшиқларини эшитаман.
Музей. Афсус бизда музейларга бўлган эътибор етарли эмас. Лекин Луврда, Ватикандаги музейда, Истамбулдаги “Тўпқопи” музейида кўрганларимдан жуда таъсирланганман.
Дам олиш маскани сифатида асосан табиатга чиқишни, шаҳарларни, юртларни кезишни ёқтираман.