Давлат ва жамият бошқарувини янада эркинлаштириш, инсон ҳуқуқлари ҳисоясининг самарали ва таъсирчан тизимини яратиш, жамиятдаги камчилик ва иллатларга барҳам бериш, банда айниқса, оммавий ахборот воситаларини иштирокини кенгайтиришда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Шунинг учун ҳам Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб, ундаб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Улар том маънода «тўртинчи ҳокимият”га айланиб бормоқда”,-деб алоҳида таъкидлади.
Ҳақиқатан, давлатимиз раҳбари айтганидек, “аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”.
Республкамизда бугунги кунда 1500 дан ортиқ турли мақомдаги оммавий ахборот воситалари фаолият олиб бормоқда. Улар ўз навбатида хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобланади. Лекин уларнинг асосий фаолияти ахборот тўплаш, таҳлил қилиш, холислик ва тезкорлик билан ахборот тарқатишдан иборат. Ана шундай муҳим вазхифани бажариш орқали оммавий ахборот воситалари давлатнинг ҳар учала олий ҳокимият бўғини, масъулиятни ҳис қилмайдиган раҳбарлар фаолияти ҳақида муносабат билдиради, жамиятдаги муаммоларнинг ечимини излайди. Шу боис улар “тўртинчи ҳокимият” органлари деб ҳам аталади. Бежизга Мурожаатномада “холис ва адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлайдиган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда”,-деб таъкидланмади.
Бундан кейин ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши, айниқса, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими камбағалликни қисқартириш бўйича қабул қилинган манзилли дастурлар ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий Кенгашлар билан бирга оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши зарурлиги, бу эса барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезонга айланиши кераклиги, яъни янгича механизм жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Мурожаатномада белгиланишича, жорий йилда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилади. Ҳақиқатан ҳам оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий мақомини аниқлаш, уларни ташкил этиш, рўйхатга олиш ва бошқарувини такомиллаштириш, фаолиятини лицензиялаш, хўжалик юритувчи субъектлар сифатида уларнинг иқтисодий ва молиявий асосларини янада ойдинлаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янгича механизмларини жорий этишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.
Ушбу масалада, Мурожаатномада ”бугунги кунда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, уларни янада ривожлантириш, мустақил фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш лозим”лиги алоҳида таъкидланди.
Маълумки, бугунги кунда давлат бошқаруви ва жамият ривожланишида коррупция салбий таъсир кўрсатмоқда, бу ҳақида кўп гапирилмоқда. Коррупцияга қарши муросасиз еурашишда, албатта, оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Шунга кўра, оммавий ахборот воситаталарининг асосий фаолият тури сифатида ушбу йўналишда уларнинг мақоми, ҳуқуқ ва эркинликларини кучайтиришда амалдаги қонунчилик такомиллаштирилиши, журналистларнинг касбий фаолият дахлсизлигини кучайтирилишига тўғри келади.
Яна бир муҳим жиҳат. Мамлакатимизда ислоҳотларнинг фаол амалга оширилиши муносабати билан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сони ва кўлами ошиб бормоқда. Лекин ўтказилган таҳлиллар қонун ҳужжатларини қўллаш самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш фаолияти етарлича ташкил қилинмаганлиги, уларнинг натижадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизми тўлиқ йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда. Бундан кейин «жамоатчилик эшитувлари” ва «жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилинади. Бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар билан бирга, оммавий ахборот воситалари фаол жалб этилади.
Шунингдек, Адлия вазирлиги барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение орқали “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда”, деган мавзуда кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиб, халқимизга ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини етказиб бориш тизими жорий этилади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг янги кўринишлари юзага келмоқда, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг ўзига хос иштирокини ҳам ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳам маънавий жиҳатдан юксалтириш орқали уларнинг нуфузини янада ошириш ва мустақиллигини таъминлашга эришиш мумкин.
Гулнора Худайбердиева,
Тошкент давлат юридик университети
Ихтисослаштирилган филиали доценти,
юридик фанлар номзоди