Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЗилзила: Нима учун Сурияга ёрдам бериш қийин?

Зилзила: Нима учун Сурияга ёрдам бериш қийин?

Нима учун ҳамма ёрдам Туркияга кетяпти, нега ҳеч ким Сурияга ёрдам бериш тўғрисида ўйламаяпти?

Бугун ушбу савол кўпчилик томонидан берилмоқда. Афсуски, булар жавоби оғир саволлардир.

Зилзиладан тўкилган Сурия: бало ичидаги бало

Экспертлар Суриядаги зилзила офатларини “фавқулодда ҳолат ичидаги фавқулодда ҳолат” деб баҳолашмоқда. Яъни ўн йиллаб уруш ичида яшаган, 2020 йилда омонатгина ярашувга эришган, иқтисоди қулаган (ЯИМ бўйича дунёдаги энг қуйи қаторларда), инфраструктураси вайрон бўлган ушбу мамлакатга бу йил жуда оғир келди, худди уруш бўлган йиллар каби.

Зилзиладан энг кўп талафот кўрган туманлар Суриянинг шимоли ғарбида жойлашган. Шимолий ҳудудлар ҳамон исёнчилар назоратида турибди. Уруш пайти айнан шу ҳудудга 3 миллиондан ортиқ аҳоли қочган. Уларнинг аксари палаткаларда яшашади.

Уруш туфайли юзага келган иқтисодий коллапс сабаб уларнинг аксари оч яшашади. Шунингдек, мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизими ҳам ҳали тўлиқ оёққа турмаган, фақат 45 фоизгагина ишламоқда. Кўп  жойларда ёқилғи танқис, насослар ишламагани учун, сув етишмайди. Бу эса вабони юзага келтирди. Шундай вазиятда бу зилзила бало устига бало бўлди дейишмоқда кузатувчилар.

“Зилзиладан қулаган вайроналар ортидан олиб чиқилган одамларнинг аксари жиддий шикастланган, бироқ Атребдаги касалхонада бор-йўғи биттагина компьютер томографи бор” дейди суриялик шифокор Усома Саллум Би-би-сига.

Шунингдек, бузилган йўллар, Сурияга нисбатан қўлланган санкциялар, исёнчилар ва ҳукумат назоратидаги ҳудудлараро алоқанинг ёмонлиги ҳамда асосий транзит йўли бўлган Туркия ҳудудида ҳам зилзила оқибатлари қаттиқлиги сабабли бу ерга инсонпарварлик ёрдами етиб келиши деярли имконсиз қолмоқда.

Ҳозирда Сурия халқини қутқариш фақат расмий ҳукумат ресурслари ва аҳолининг ўзига қолган. Ҳукумат ҳатто бадавлат фуқаролардан давлат харажатларига ёрдам сўрамоқда. Йўллар бузилгани сабаб оғир техника келиши имконсиз, шу сабабли оддий белкурак, қўлтеша каби меҳнат қуроллари орқали ҳаракат қилишмоқда.

Санкциялар

2011 йил Сурияда фуқаролик уруши бошлангани сабабли ғарб давлатлари Дамашққа нисбатан санкциялар эълон қилишди. Ҳар йили санкциялар муддати узайтирилади. Бу нефть эмбаргоси, айрим инвестицияларга чеклов, Сурия Марказий банки активларининг Европа иттифоқида музлатилиши, Сурия ҳукумати билан ҳамкорлик қилган хорижий компанияларга нисбатан санкциялар пакетини ўз ичига олади.

Инсонпарварлик ёрдами

БМТнинг Инсонпарварлик ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси вакили Мадеви Сун-Суонанинг Рейтерга маълум қилишича, зилзила туфайли Сурияга инсонпарварлик ёрдами етказиш занжири узилган.

Унинг айтишича, зилзила туфайли йўлларнинг бузилиши, ҳаво транспорти йўллари хавфлилиги ва бошқа логистик муаммолар бунга сабаб бўлган.

Жаҳон ҳамжамиятига мурожаат

Халқаро инсонпарварлик ташкилотлари зилзила сабабли кучайган гуманитар инқироз сабабли жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, Сурияга нисбатан санкцияларни тўхтатишга чақирмоқда. Хусусан, Қизил Хочнинг Суриядаги ваколатхонаси раҳбари Холид Хбубати Дамашққа нисбатан бир томонлама санкцияларни тўхтатишга чақирган, ҳозир зилзила бўлган ҳудудлар учун оғир техника сотиб олиш ва етказиш зарурлигини айтган.

Сурия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мурожаат билан чиқиб, “одамлар йўлларни очиш ва харобалар остидагиларни қутқаришда фақат қўллари билан қазиш-қутқариш ишларини амалга ошираётганлари, қимматли вақт бой берилаётганини айтган”.

БМТнинг инсонпарварлик ёрдамларини мувофиқлаштирувчи собиқ мулозими Ян Эгеланд “Сиёсий зиддиятда иштирок этаётган ҳеч бир томонга – у Башар Асад ҳукумати бўладими ёки мухолифат – пул ўтказмаларини амалга оширмасликка” чақирган.

“Барча инсонпарварлик ёрдамлари фақат нодавлат нотижорат ташкилотлари –  БМТ, Қизил хоч, Қизил ярим ой орқали амалга оширилиши шарт”, деган у.

Ўзбекистон нима учун ёрдам бера олмаяпти?

Уруш кўп дипломатик алоқаларни узиб юборган ёки йўлга қўйилишини имконсиз қилган. Ўзбекистоннинг ҳам Сурия билан дипломатик алоқалари мавжуд эмас. Ташқи сиёсатда Сурия билан манфаатдорлик йўқ. Шу сабабли ушбу ҳудудга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш масаласи кун тартибига қўйилмаётган бўлиши мумкин.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз