Зўравон жазосини олди

Жамиятимизда бугун хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг оилада бахтли ва фаровон яшашларини таъминлаш, ўзларига  берилган ҳуқуқ ва эркинликларидан оқилона фойдаланишлари учун ғамхўрлик қилинмоқда, кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Лекин айрим эркаклар аёлига, хотин-қизларга паст назар билан қарайди, унга бир буюмдек муомалада бўлишади. Жумладан, “Оқиртма” МФЙда яшовчи 1978 йилда туғилган  Солиев  Фарҳод (мақолада барча исм, фамилиялар ўзгартирилган)  шундай эркаклардан бири экан.  У оилали,  2  нафар  фарзанди  бўлишига қарамасдан, ҳеч қаерда  ишламайди. Кўпинча турмуш  ўртоғи  Алиқулова  Дилдорага  нисбатан тазйиқ кўрсатиб келган. Жумладан, 2022 йил 15 август куни  ҳам  яшаш уйида турмуш ўртоғи  билан  яна  жанжаллашиб қолади. Уни ҳақоратлаб, шаъни ва қадр-қимматини камситади. Шу боисдан ҳам Д. Алиқуловага шу куни туман ИИБ таянч пункти профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери берилади ва унга кўра тазйиқ  ўтказиш  ва  зўравонлик  содир  этишни  тақиқлаш  чекловлари белгиланади.

Шунга қарамай, у орадан икки кун ўтиб  2022  йил  17  август  куни  тунги соат  24 ларда яшаш уйида турмуш ўртоғи Д.Алиқулова билан жанжаллашиб қолиб, унга тазйиқ ўтказган. Солиев Фарҳод ўзининг бу хатти-ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг  41-моддаси  ва  2061-моддасида   назарда  тутилган  ҳуқуқбузарликни содир қилган.

Судда Солиев Фарҳод жаҳл устида турмуш ўртоғига тазйиқ ўтказгани, ҳозирда у билан ярашмоқчи эканини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.

Жабрланувчи Алиқулова Дилдора эса турмуш ўртоғи Солиев Фарҳод доимий равишда у билан жанжаллашиб, уни ҳақорат қилишини, тазйиқ ўтказишини айтиб, у билан ярашмаслигини, унга қонуний чора кўришни сўради.

Суд келгусида бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Солиев  Фарҳодга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида – 6.000.000  сўм  жарима жазоси ҳамда 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Бундан ташқари, қамоқда  сақланган  ҳар  бир  куни  учун  базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида давлат фойдасига пул ундириш белгиланди. Қарор  ижроси  Қарши  шаҳар  махсус  қабулхона мутасаддилари зиммасига юклатилган.

Н.Абдуллаев,
Қашқадарё вилоят судининг
жиноят ишлари бўйича судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз