currencies image

12 670,05 UZS

37,83

usd

currencies image

13 560,75 UZS

82,17

eur

currencies image

138,00 UZS

3,61

ru



АсосийЯнгиликлар«Маҳаллада дув-дув гап». Қонун бўйича, тўй ва марака қандай бўлиши керак ва нега унга риоя этилмаяпти?

«Маҳаллада дув-дув гап». Қонун бўйича, тўй ва марака қандай бўлиши керак ва нега унга риоя этилмаяпти?

Ҳуқуқ

calendar

22.04.2024

eye

247

«Маҳаллада дув-дув гап». Қонун бўйича, тўй ва марака қандай бўлиши керак ва нега унга риоя этилмаяпти?© Фото: hudud24.uz / habikatura

«Артистларга айтинг, вақтлироқ келишсин. Товушлари етти маҳаллага эшитилмаса, мендан бир тийин ҳам олишолмайди. Нечта қўй олдингиз? Ҳа, ўнта қўй нима бўлади?

Беш қоп гуруч урвоқ ҳам бўлмайди ахир. Ўн қоп керак, бутун маҳаллага ош берамиз. Тўй тўйдай бўлсин, маҳаллада дув-дув гап бўлсин, дейман!» – «Маҳаллада дув-дув гап» фильмида айтилган ушбу гаплар орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтса ҳамки, ҳануз долзарблигини йўқотганича йўқ.

Тўй ва маросимлар – миллий анъана ва қадриятларнинг асосий атрибутларидан бўлиб, ўзида миллатнинг ижтимоий кайфияти ва характерини намоён қилади. Хусусан, аксарият учун бундай тадбирлар маросим эгасининг одамлар орасидаги мавқейини белгилаб берувчи восита ҳисобланади. Шу боис, тўй ва маракаларни имкон қадар катта ва ҳашамдор ўтказишга ҳаракат қиламиз. Бошқа тарафдан «оналаримизнинг орзу-ҳаваси бор, оталаримиз эса бировнинг ошини еган, қилмасак, уятга қоламиз».

Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов ушбу мақолада қонунчиликда тўй ва маросимларга ўтказиш учун қўйилган талаблар ҳамда уларга риоя этмасликнинг сабаб ва ҳуқуқий оқибатлари хусусида сўз юритади.

«Тўйлар муборак» фильми (1978 й.)дан лавҳа. Манба: Youtube

Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги низом (2019 йил 14 сентябрдаги №2736-III/КҚ-592-III-сон қўшма қарор)да тўй ва маросимларни ўтказишда қатор талаблар белгиланган бўлиб, уларни қуйида кўриб чиқамиз (таъкидлаш лозимки, Олий Мажлис палаталари қарорлари қонунга тенглаштирилган).

«Қирқ кечаю, қирқ кундуз». Тўй ва маросимлар неча кун ва соат бўлиши керак?

«Қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериб, тўйга келганларга бир бошдан қўй бериб, мурод-мақсадларига етибди» – бундай якун топмайдиган халқ эртаги топиш осон бўлмаса керак. Бу бир тарафдан, фольклорда некбинликка интилишни кўрсатса, бошқа тарафдан, тўйнинг давомийлигига урғу бериб, унинг инсон ҳаёти марказига қўяди.

Хўш, қонунчилик бўйича тўй ва маросимлар қанча давом этиши керак?

Тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Бундан кейин эса тўй ва бошқа ҳар қандай маросимларни давом эттириш мумкин эмас.

Аммо бунда айрим истиснолар бор. Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган сондаги кишилар иштирокида ўтказилиши мумкин (ош бериш маросимидан ташқари).

Тўй ва маросимларга неча кишини чақириш мумкин?

Тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларда 200 нафаргача (қўшалоқ тўйда 250 нафаргача), ош беришда эса 250 нафаргача (қўшалоқ тўйда 300 нафаргача) киши қатнашишига йўл қўйилган.

Тўйда кортеж уюштириш мумкинми?

Қонунчилик тўйда кортеж уюштириш мумкин ёки тақиқланганлиги хусусида қатъий қоида белгиламаган. Аммо қоидаларга кўра, «ЗАГС»дан ўтиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетишида 3 тадан ортиқ енгил автомашинадан фойдаланиш мумкин эмас.

Тўй ва маросим ўтказаётганда маҳалла раисини хабардор қилиш керакми?

Қонунчиликка асосан тўй эгалари тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шарт.

«Чарлар», «Куёв чақирди» ва «Ота кўрди». Қандай маросимларни ўтказиш тақиқланган?

Шарқ жамиятида тўй инсон ҳаётининг энг муҳим тадбири сифатида кўрилади. Бола туғилгандан бошлаб, унинг сепига ҳаракат бошланади ва қизни узатгунча қадар бу жараён давом этади. Аммо узоқ кутилган ва йиллар давомида режалаштирилган бу тадбир фақатгина тўйнинг ўзи билан битмайди.

Икки ёш оилавий ҳаётни бошлашдан олдин қатор тўй олди ва тўйдан кейинги маросимлардан ўтиб олиши керак. Масалан, «Чарлар», «Келин навкари», «Ота кўрди», «Қиз мажлис», «Сеп ёйди», «Қуда чақирди», «Куёв чақирди», «Келин чақирди», «Тоғора юбориш» ва ҳоказолар.

Хўш, бу борада қонунчилик нима дейди? Низомга кўра, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ўтказишга йўл қўйилмайди.

Чекловларга риоя қилмаса, нима бўлади?

Ҳеч кимга сир эмаски, юқорида кўрсатилган талабларга деярли риоя этилмайди (бу талаблардан хабардор кишилар кўп бўлмаса ҳам керак). Аммо шунга қарамай, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, МЖТКнинг 192-1-моддасига кўра, тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимлар ўтказувчи шахс томонидан мазкур тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик БҲМнинг 10 баравари миқдорига жаримага сабаб бўлади. Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахси томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик эса БҲМнинг 30 баравари миқдорида.

Аммо шу ўринда айтиш керакки, ушбу модда аксарият ҳолатда қўлланилмайди. Тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш тартибига риоя этилмаслик сабабларини эса қуйида кўриб чиқамиз.

Нега тўй ва маросимларни ўтказиш тартибига риоя қилинмаяпти?

Норма ижодкорлиги мураккаб жараён бўлиб, қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ёзишда кўплаб омилларни инобатга олиш керак. Шу жумладан, аҳолининг ижтимоий кайфияти, менталитети ва қадриятларни. Акс ҳолда кишиларнинг азалий қарашларини ифодаламайдиган ёки уларга кескин қарши бўлган тартиблар қоғозда қолиб кетиши мумкин.

Тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш тартибига риоя этилмасликдаги энг асосий сабаблар сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

1. Тўйлар инсон ҳаётидаги энг катта тадбир. Тўйлар ва бошқа маросимлар Шарқ халқларида, шу жумладан, ўзбекларда ҳаётининг энг муҳим тадбирларидан бири сифатида кўрилади. Хусусан, тўйлар – узоқ муддатли жараён бўлиб, унга йиллар давомида тайёргарлик кўрилади. Масалан, сандиқларда қиз боланинг сепи йиғилади, ўғил болага иморат тикланади. Кимлардир бунинг учун болаларининг ризқи ва таълимидан қийиб пул тўплайди, айримлар эса ишлаш учун чет давлатларга отланади. Қисқача айтганда, тўйлар икки ёш никоҳини оммага маълум қилиш функциясидан анчагина узоқлашиб, тўй эгаларининг бир неча йиллик даромадларини талаб қиладиган бир кунлик серхаражат тадбирга айланган. Абдулла Авлоний «Ким нимани яхши кўрар?» асарида танқид остига олгандек «тўйликнинг тўйи ўтар, тўйсизнинг куни ўтар» қабилида иш тутилади.

«Бир камбағал аробакаш нодонлик соясида бидъат тўй учун бор-йўғидан айрилуб кафангадо бўлган. Бир неча йилдан бери топган, болаларин ўкутмак учун керак бўладурғон оқчасидан айрилмоқ ила бир парча ҳовлиси ила мол ва рўзғоридан ҳам бутун маҳрум бўлиб, жаҳолат ва нодонлик йўлида бутун оиласи ила қурбон бўлғон». «Адвокатлик осонми» драмасидаги бу ҳолат нафақат ўтмиш, балки ҳозир, агар тўйга нисбатан қарашлар шу зайлда давом этса, афсуски, келажакка ҳам далхдор. Афсуски, пандемия шакллантира бошлаган «ўттиз кишилик» тўйлар маданият қадриятларимиздан муқим жой эгаллай олмади.

«Маҳаллада дув-дув гап» фильми (1960 й.)дан лавҳа. Манба: RizaNova

2. Жамият босими. Айрим кишилар тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар, умуман, жамият томонидан бўладиган танқид, қоралашдан, умуман олганда, ижтимоий тазйиқдан халос бўлиш воситаси сифатида кўради. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида қарздорликнинг вужудга келишига ва оқибатда кескин зиддиятларга олиб келади.

Бундан ташқари, аксарият онгида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда қиз томоннинг сарф-харажатлари қанчалик юқори бўлса, қайнона-келин муносабатлари шунчалик яхши бўлади, деган тасаввур мустаҳкам ўрнашган. Шу ўринда айтиш керакки, тўй, сарпо тузук бўлмаганлиги ортидан келиб чиққан оилавий низолар ва ажралаш ҳолатлари ҳам йўқ эмас ва бундай можаролар тез-тез қулоғимизга чалиниб ҳам туради.

3. Тўйлар ўзни намоён қилиш учун майдон. Тўйлардаги ушбу ҳашамдорликнинг сабабларидан бири шундаки, тўйлар – айрим кишилар учун одамлар орасида ўзини намоён қилиш, хусусан, жамиятда ҳурмат ва эътироф қозониш учун яхши майдон. Масалан, киши илм-фанда янгилик қилиб, фанда номини муҳрламади, иш борасида ҳам тузук-қуруқ ўрнак кўрсатмади, қисқача айтганда, бошқалар орасида ўзини кўрсата оладиган натижа эришмади. Шундай вазиятда дабдабали тўй ва маросимлар бундай кишиларга одамлар томонидан эътироф этилиш учун яхши имконият беради. Бундай қарашдаги одамлар тўйлар орқали ном қозонишни истаса, яна бошқалар кам харажат тўйлар учун одамларнинг гап-сўзларига қолишни истамайди.

Албатта, беш қўл баробар бўлмаганидек, барча кишиларнинг ҳолатига бирдай хулоса беришдан йироқмиз.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, тўй ва бошқа маросимлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик ва ортиқча харажатларни фақат қонунлар ва улардаги тақиқ ва мажбуриятлар билан олдини олиш имконсиз. Бундан ташқари, аҳоли ҳаётининг ҳар бир жабҳаси қонунлар билан тартибга солиниши кишиларнинг эркин ҳаёт тарзига бўлган ҳуқуқларини қайсидир маънода чеклайди. Шу боис, чекловлар эмас, балки тарғибот ва ташвиқот кишиларнинг иқтисодий аҳволига мос бўлмаган тўйларни ихчамлаштириш ва исрофгарчиликларнинг олдини олиш учун энг самарали восита саналади.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўтган аср бошида Бухоро амири Олимхоннинг тўйларни қисқартириш тўғрисидаги фармони нима учун ишламагани тўғрисида қуйидагича тахмин қилади:

«Амирнинг бу фармонини биринчи бўлиб унинг энг яқинлари бузган бўлса керак, бузганда ҳам мунтазам бузгандир — кўнгилчан амир дабдабали тўй қилгани учун ўз яқинларини 75 даррадан уришни буюрмайдику, тўғрими? Ўлим жазоси ҳақидаку гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бекор қилибсанда, дегандир нари борса».

Чиндан ҳам, жамият «юқоридагилардан» улги олади. Яъни юқори мансабдор шахслар, машҳур инсонлар, фикр лидерлари, жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш имконига эга бўлган фуқаролар ихчам тўй ва маросимларни ўтказсалар, бу жамиятга замонавий миллий тўй модели сифатида тақдим этилса, энг таъсирли ва самарали тарғибот бўлади.

Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, «мундай бидъат ва исрофларнинг йўқ бўлмоғи халқимизнинг маориф ва маданият ила тараққий қилмоғига боғлиқдир».

Улашиш:

Бошқалар

29-апрел 2024, 13:31
9 058

«Жаннат оналар оёғи остида» фильми тармоқларда тарқалди. Интернет-қароқчилик учун қандай жавобгарлик бор?

Фильмни тарқатиш қай даражада қонуний? Агар кишилар бир-бирига шахсий хабарлар орқали жўнатишсачи? Фильмни рухсатсиз тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор ва уни кино ижодкорларнинг аризасисиз ҳам қўллаш мумкинми? Hudud24.uz қуйидаги мақола орқали шу саволларга жавоб беради.


25-апрел 2024, 12:32
6 417

Жўраевлар иши: Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйлаши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдириш бўйича муҳим жиҳатлар

Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш юзасидан судга даъво аризаси киритиши ортидан ижтимоий тармоқларда муҳокамалар бошланди. Муҳокамаларнинг бир йўналиши Шерали Жўраевнинг интеллектуал мулкини мерос қилиб олиш йўналишида бўлмоқда. Жумладан, Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтиши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқи мерос бўлиб ўтадими? Агар Шерали Жўраев муаллифлик ҳуқуқи бўйича васиятнома қолдирган бўлса, оталикни белгиланган тақдирда Ботир Қодиров унга даъво қилиши мумкинми? Hudud24.uz ушбу мақолада интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдиришдаги муҳим жиҳатлар хусусида сўз юритади.


23-апрел 2024, 12:43
2 886

Жаримага тортиш ҳақидаги қарор кеч берилса, уни тўламаслик мумкинми? Йўл-ҳаракати қоидалари бўйича ишларни кўриб чиқишдаги 7 муҳим жиҳат

Уч ой ўтгандан кейин жарима хабарномаси келиши қонунийми? Ҳайдовчи камерага тушса, жаримани ким тўлайди: машина эгасими ёки уни бошқарган одам? Қачон тезликни оширганлик учун жарима қўлланмайди? Маъмурий баённомани имзоламаслик мумкинми, имзоламаса, нима бўлади? Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа ёки қарор унга кеч берилса, уни тўламаса ҳам бўладими? Умуман, агар қоидабузарга вақтида жазо берилмаса, кейинчалик жазолаш мумкинми?


16-апрел 2024, 12:30
1 720

Ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш: аттестациядан ўта олмаганлар ишдан бўшатиладими? Муҳим 8 та қоида

Педагоглар аттестация узрли сабабга кўра келмаса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади. hudud24.uz яна бир бор ушбу мавзунинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратади.