currencies image

12 670,05 UZS

37,83

usd

currencies image

13 560,75 UZS

82,17

eur

currencies image

138,00 UZS

3,61

ru



АсосийЯнгиликларВафот этган шахсни ота сифатида белгилаш мумкинми? Оталикни белгилаш бўйича муҳим 6 қоида

Вафот этган шахсни ота сифатида белгилаш мумкинми? Оталикни белгилаш бўйича муҳим 6 қоида

Ҳуқуқ

calendar

24.04.2024

eye

1 556

Вафот этган шахсни ота сифатида белгилаш мумкинми? Оталикни белгилаш бўйича муҳим 6 қоида© Фото: hudud24.uz / habikatura

Никоҳда туғилган боланинг ота-онасига оид маълумотлар никоҳ гувоҳномаси асосида ёзилади. Никоҳда туғилмаган боланинг ота-онасига оид маълумотлар-чи? Оталикни белгилашда фарзанд розилиги олинадими? Hudud24.uz мазкур мақолада оталикни белгилашнинг айрим ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот беради.

1. Никоҳдан ажрашгандан кейин туғилган фарзандга ҳам собиқ эр ота сифатида белгиланиши мумкин.

Бола туғилган вақтида ўзаро никоҳда бўлган ота ва онадан бирининг аризасига кўра туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида улар боланинг ота-онаси деб ёзилади. Ота ва она алоҳида ариза бериши шарт эмас, никоҳ гувоҳномасининг ўзи етарли ҳисобланади.

Эрнинг ўлими, никоҳдан ажратилганлиги ёхуд никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги туфайли никоҳ тугаганидан сўнг 300 кунда туғилган бола ҳам никоҳда туғилган бола ҳисобланади. Яъни туғилган болага гарчи никоҳдан ажралгандан кейин туғилган бўлса ҳам, ўша никоҳ гувоҳномасидаги отанинг исми ОТА сифатида ёзилади.

Никоҳ тугаганидан кейин 300 кунда бола туғилса ва бу даврда аёл янги никоҳга кирган бўлса (бошқа эрга тегган бўлса), бола янги никоҳда туғилган ҳисобланади. Бундай ҳолларда собиқ эр ёки унинг ота-онаси боланинг насл-насаби хусусида низолашиши мумкин.

2. Ўзаро никоҳда бўлмаганда туғилган боланинг оталиги қандай белгиланади?

Ўзаро никоҳда бўлмаган ҳолда туғилган боланинг отасини белгилаш –ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг ФҲДЁга биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.

Мазкур ҳолатда оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин. Шунингдек, бола туғилганидан кейин биргаликда ариза бериш имкони бўлмай қолиши мумкин деган асос бўлса, она ҳомиладорлиги вақтида ҳам ариза берилиши мумкин.

3. Қандай ҳолларда оталик суд тартибида белгиланади?

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилганда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.

Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг, боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёки бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади.

Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишигача жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари, таъминлаб турганликларини ёки шахснинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.

4. Вафот этган шахсни ҳам ота сифатида белгилаш мумкинми?

Ҳа, мумкин. Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этганда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин.

Бунда суд қуйидаги ишончли тасдиқловчи маълумотларга эътибор қаратади:

боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳ.к.лар);

боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари – бу она ва жавобгар билан бирга яшаганлигида ёки жавобгарнинг бола билан муносабатга киришиб, унга нисбатан оталарча ғамхўрлик ва эътибор кўрсатганлигида намоён бўлади;

жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги – бундай далиллар сифатида суд ишончли деб топган ҳар қандай фактик маълумотлар (хатлар, телеграммалар, фотосуратлар, анкеталар, аризалар, аудио-, видеоёзувлар, экспертлар хулосаси), у боланинг отаси эканлигини тан олганлигини тасдиқловчи бошқа ҳаракатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари бўлиши мумкин. Бундай иқрорлик онанинг ҳомиладорлиги даврида ҳам (масалан, болалик бўлишни хоҳлаш, бўлажак боланинг онаси ҳақида ғамхўрлик), бола туғилганидан сўнг ҳам ифода этилиши мумкин.

5. Оталикни белгилаш учун даъво муддати борми?

Оталикни белгилашга оид ишлар бўйича даъво муддати белгиланмаган, оталик бола туғилганидан сўнг исталган вақтда белгиланиши мумкин.

Бунда шуни эътиборга олиш керакки, ўн саккиз ёшга тўлган болага нисбатан оталик фақат унинг розилиги билан, агар у муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг васийси ёки васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан белгиланилишига йўл қўйилади.

6. Оталикни белгилашга оид суд иши қай тартибда кўрилади?

Умумий қоидага кўра, барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади.

Шунингдек, оталикни белгилашга оид ишларда иштирок этувчиларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик мақсадида тарафларнинг илтимосномасига кўра иш ёпиқ суд мажлисида кўрилиши мумкин.

!!!МУҲИМ

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ишга суд баҳо беради.

Улашиш:

Бошқалар

29-апрел 2024, 13:31
9 235

«Жаннат оналар оёғи остида» фильми тармоқларда тарқалди. Интернет-қароқчилик учун қандай жавобгарлик бор?

Фильмни тарқатиш қай даражада қонуний? Агар кишилар бир-бирига шахсий хабарлар орқали жўнатишсачи? Фильмни рухсатсиз тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор ва уни кино ижодкорларнинг аризасисиз ҳам қўллаш мумкинми? Hudud24.uz қуйидаги мақола орқали шу саволларга жавоб беради.


25-апрел 2024, 12:32
6 441

Жўраевлар иши: Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйлаши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдириш бўйича муҳим жиҳатлар

Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш юзасидан судга даъво аризаси киритиши ортидан ижтимоий тармоқларда муҳокамалар бошланди. Муҳокамаларнинг бир йўналиши Шерали Жўраевнинг интеллектуал мулкини мерос қилиб олиш йўналишида бўлмоқда. Жумладан, Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтиши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқи мерос бўлиб ўтадими? Агар Шерали Жўраев муаллифлик ҳуқуқи бўйича васиятнома қолдирган бўлса, оталикни белгиланган тақдирда Ботир Қодиров унга даъво қилиши мумкинми? Hudud24.uz ушбу мақолада интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдиришдаги муҳим жиҳатлар хусусида сўз юритади.


23-апрел 2024, 12:43
2 911

Жаримага тортиш ҳақидаги қарор кеч берилса, уни тўламаслик мумкинми? Йўл-ҳаракати қоидалари бўйича ишларни кўриб чиқишдаги 7 муҳим жиҳат

Уч ой ўтгандан кейин жарима хабарномаси келиши қонунийми? Ҳайдовчи камерага тушса, жаримани ким тўлайди: машина эгасими ёки уни бошқарган одам? Қачон тезликни оширганлик учун жарима қўлланмайди? Маъмурий баённомани имзоламаслик мумкинми, имзоламаса, нима бўлади? Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа ёки қарор унга кеч берилса, уни тўламаса ҳам бўладими? Умуман, агар қоидабузарга вақтида жазо берилмаса, кейинчалик жазолаш мумкинми?


16-апрел 2024, 12:30
1 722

Ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш: аттестациядан ўта олмаганлар ишдан бўшатиладими? Муҳим 8 та қоида

Педагоглар аттестация узрли сабабга кўра келмаса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади. hudud24.uz яна бир бор ушбу мавзунинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратади.