Life Style
21.07.2025
105
Фуқаролик кодексида мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатлиги белгиланган.
Биринчидан, ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида мол-мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.
Иккинчидан, мулк ҳуқуқи меҳнат фаолияти, мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, давлат мол-мулкини хусусийлаштириш, мерос қилиб олиш, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат орқали, шунингдек, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа асослар орқали вужудга келади. Демак, ҳалол йўл ва меҳнат билан, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларни бузмаган ҳолда ҳар бир фуқаро чекланмаган миқдордаги мулкка эга бўлиши мумкин.
Учинчидан, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади. Бу муддат эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат ҳисобланади. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқи вужудга келиши билан аввалги мулкдор мулкка бўлган мулк ҳуқуқини йўқотади.
Тўртинчидан, мулкдан шартнома мажбуриятлари (ижара, текин фойдаланиш) асосида фойдаланиш мол-мулкка мулк ҳуқуқини, унга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирмайди.
Бешинчидан, мол-мулк, ўз навбатида, икки турга, яъни кўчмас мулкка ва кўчар мулкка бўлинади. Кўчмас мулкка ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулклар киради. Қисқача қилиб айтганда, жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектларни мол-мулкнинг ушбу турига киритиш мумкин. Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулклар, ўз навбатида, кўчар мулк ҳисобланади. Яъни ушбу мулкларнинг жойини ўзгартириш мумкин. Кўчар мулкларга соатлар, тақинчоқлар, мебеллар, компьютерлар, буюмлар ва ҳоказолар киради. Кўчар мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмаслиги, бироқ қонунчиликда назарда тутилган баъзи ҳолатларнинг бундан мустаснолиги белгиланган. Масалан, автомобиллар кўчар мулк сирасига кирса ҳам қонунчилик билан унинг давлат рўйхатидан ўтказилиши белгилаб қўйилган.
Олтинчидан, қонунчиликка мувофиқ, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бу юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларининг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланишини, бекор бўлишини тан оладиган ҳамда тасдиқлайдиган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Еттинчидан, фуқаролик қонунчилигида кўра, мулкнинг уч хил шакли: хусусий мулк, оммавий мулк ва умумий мулк шакллари ажратилган ҳамда фуқаролар, юридик шахслар ва давлат мазкур мулк шаклларининг субъектлари ҳисобланади.
Саккизинчидан, хусусий мулк ҳуқуқи деганда шахснинг қонунчиликка мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи тушунилади. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. Демак, ҳар бир фуқаро қонуний асосда қўлга киритган мулкига эгалик қилиши, ундан бемалол фойдаланиши, хоҳласа, уни текинга фойдаланишга, ижарага бериши ёки сотиши, ҳадя қилиши мумкин.
Қонун билан ман этилган айрим ашёлардан ташқари ҳар қандай мол-мулк хусусий мулк бўлиши мумкин. Мисол тариқасида, Конституциямизнинг 68-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурсларнинг умуммиллий бойлик эканлиги, «Архив иши тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида эса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, давлат муассасалари ва ташкилотларида турган архив ҳужжатлари, шунингдек улар томонидан давлат архивлари, музейлари ва ахборот-кутубхона муассасаларига топширилган архив ҳужжатлари давлат мулки ҳисобланиши ҳамда мазкур ҳужжатлар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, олди-сотди ёки мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин эмаслиги бедгиланган.
Қонун билан мулк қилиб олиниши ман этилмаган ашёлар эса хусусий мулк қилиб олиниши мумкин.
Тўққизинчидан, республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган давлат мулки оммавий мулкдир.
Республика мулкига ер, ер ости бойликлари, сув, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий бойликлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви республика органларининг мол-мулки, давлат аҳамиятига эга бўлган моддий маданий мерос объектлари, республика бюджетининг маблағлари, олтин захираси, давлатнинг валюта фонди ва бошқа фондлари республика мулкидир, шунингдек, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, ўқув, илмий, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотлари, интеллектуал фаолият натижалари, агарда булар бюджет ёки давлатнинг маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган бўлса киради.
Муниципал мулкка давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг мол-мулки, маҳаллий бюджет маблағлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалик, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари каби бошқа мол-мулклар киради.
Ўнинчидан, икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади. Мол-мулк мулкдорлардан ҳар бирининг мулк ҳуқуқидаги улуши аниқлаб қўйилган (улушли мулк) ёки бундай улушлар аниқлаб қўйилмаган (биргаликдаги мулк) ҳолда умумий мулк бўлиши мумкин.
Умумий мулк бўлган мол-мулк улушларга бўлинади, қонунда бу мол-мулкнинг биргаликдаги мулкни ташкил этиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Умумий биргаликдаги мулк ўз вазифасини ўзгартирмаган ҳолда тақсимланиши мумкин бўлмаган (бўлинмайдиган ашёлар) ёки қонунга кўра тақсимланиши мумкин бўлмаган мол-мулк икки ёки ундан ортиқ шахс мулкига ўтган пайтда вужудга келади.
Баҳодир Турғунов,
«Адолат» миллий ҳуқуқий
ахборот маркази ходими
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.