Ҳуқуқ
22.05.2025
238
2025 йил 1 июлдан бошлаб белгиланган ҳудудларда ва 2026 йилдан Самарқанд вилояти бўйлаб тўлиқ жорий этиладиган янги тизимга мувофиқ, оилавий шифокорларга аҳолини эркин бириктириш, шифокорлар ойлик маошини KPI ва малакага асосан 2 баробаргача ошириш назарда тутилган.
1. Бирламчи тиббий ёрдам қандай ўзгаради ва энди шифокорлар қаерда ишлайди?
2025 йил 1 июлдан айрим туман (шаҳар)ларда, 2026 йил 1 январдан Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинади.
Бунда, оилавий шифокорлар, педиатр, гинеколог ва ташхис мутахассислари тўғридан-тўғри оилавий поликлиникаларда жойлашади. Энди оилавий поликлиника ҳар бир маҳаллага яқинлашади, унда аутсорсинг асосида стоматология хизмати ҳам кўрсатилади. Оилавий шифокорни ҳар бир фуқаро эркин танлаш имконига эга бўлади.
Шифокор ва фуқаро ўртасида шартнома тузилиб, ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар аниқ белгиланади. Бу нафақат масъулиятни оширади, балки сифат учун жавобгарликни ҳам белгилайди.
2. Ойлик маошлар қанчагача оширилади?
Фармонга кўра:
– туман марказий шифохоналари шифокорларининг ойликлари 20%,
– ўрта тиббиёт ходимлариники 10% оширилади.
– сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи ходимларга 50% устама тўланади.
– оила саломатлиги бўйича тўрт босқичли курсларни тугатган шифокорларга 100% устама берилади;
KPI – яъни самарадорлик кўрсаткичи асосида бош шифокорга 100%, ўринбосарига 80%, бош ҳамширага 50% устама тўланади.
Умуман, ходимнинг иш ҳақи базавий ставкадан 2 баробаргача ортиши мумкин.
3. Қандай хизматлар бепул, қайсилар пуллик бўлади?
Энг муҳим ўзгариш – “кафолатланган тиббий ёрдам пакети” жорий этилади. Унга кўра, аҳоли оилавий шифокордан йўлланма олса, диагностика ва даволаш бепул бўлади.
Кафолатланган пакетга киритилмаган қўшимча тиббий ёрдам ҳамда оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадаси йўлланмаси мавжуд бўлмасдан тўғридан-тўғри мурожаат қилган фуқароларга тиббий ёрдам пуллик асосда кўрсатилади.
Давлат тиббий суғуртаси механизмлари орқали бемор шифохонада навбат асосида бепул стационар хизмат олади.
Аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.
4. Қишлоқдаги ва чекка ҳудуддаги аҳоли қандай тиббий ёрдам олади?
Фармонда олис ҳудудлар учун алоҳида механизмлар ҳам белгиланган.
Агар маҳаллада аҳоли сони 3 мингдан кам бўлса ҳам, тиббиёт ходими бир ставкада қабул қилинади. Поликлиникадан 10 км узоқдаги маҳаллалар учун сайёр тиббий хизматлар ташкил этилади.
Ҳар бир тиббиёт бригадасига 3 минг нафаргача аҳоли бириктирилиши мумкин, 2030 йилгача бу кўрсаткич 1,7 минг нафарга камайтирилади.
5. Рақамлаштириш амалда нимани ўзгартиради?
Тизим бошдан-оёқ рақамлаштирилади. Яъни:
— электрон ёзилиш, йўлланма, статистика, ҳисобот – барчаси электронда;
— шифокор ва бемор ўртасида электрон шартнома;
— дори воситалари ҳаракати, тиббий ускуналар фойдаланиш ҳисоботи автоматлаштирилади;
— беморнинг касаллик тарихи ва диспансер рўйхати ахборот базасида сақланади;
— қоғоз шаклидаги тиббий ҳисоботлар бекор қилинади, бу шифокор юкламасини 30%га камайтиради.
Hudud24.uz сайти колумнисти
Дилмурод Ражабоев
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.