Ҳуқуқ
22.08.2025
123
Бакалавр босқичида таҳсил олаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги хотин-қизлар учун контракт тўловлари давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Ушбу имкониятдан фойдаланиш истагидаги хотин-қизлар белгиланган тартибда қабул комиссиясига мурожаат қилишлари керак. Қуйида мазкур имтиёздан фойдаланиш тартибини тушунтириб ўтамиз.
Имтиёздан кимлар фойдаланиши мумкин?
Имтиёз қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар учун қўлланилади:
–ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари;
– етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган хотин-қизлар.
Талабгорларни танлаб олиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
– кам таъминланган оила ёки камбағал оилалардаги хотин-қизлар. Бунда кам таъминланган оила деганда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали кам таъминланган деб эътироф этилган, камбағал оила деганда “Камбағал оилалар реестри” орқали камбағал оила деб эътироф этилган оила тушунилади;
– ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар;
– ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни боқувчисини йўқотган (турмуш ўртоғи вафот этган), вояга етмаган фарзандларни ёлғиз тарбиялаётган эҳтиёжманд аёллар.
Имтиёзни олиш учун кимга мурожаат қилиш керак?
Хотин-қизлар контрактини тўлаш учун аризани ОТМ қабул комиссиясига бериши керак. Аризага ҳеч қандай ҳужжатларни илова қилиш талаб қилинмайди, зарур ҳужжатлар ОТМ қабул комиссияси томонидан электрон шаклда олинади.
Қабул комиссияси хотин-қизлар рўйхатини шакллантириб 5 кунда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юборади. Вазирлик 5 кунда рўйхатни ўрганиб чиқиб, хотин-қизларнинг яшаш жойларидаги ҳокимликларга юборади.
Ҳокимликлар хотин-қизларни танлаб олиш учун комиссия тузади. Комиссия 5 кунда рўйхатдаги ҳар бир хотин-қизларнинг яшаш жойига бориб шароитини ўрганади.
Комиссия қуйидагилар асосида рўйхатдан 150 кишини танлаб олади:
– ўрганиш натижасига кўра аниқланган маълумотлар;
– хотин-қизларнинг ўқишга киришда тўплаган баллари;
– ҳудудлардаги (туман (шаҳарлар)лардаги) кадрларга бўлган эҳтиёж;
– хотин-қизлар ўқиётган курс.
Саралаб олинган 150 нафар хотин-қизлар рўйхати Оила ва хотин-қизлар қўмитасига юборилади ҳамда қўмита 10 кунда тавсиянома тасдиқлаб ҳокимликларга қайта юборади.
Контракт қачон ўтказиб берилади?
Ҳокимликлар танлаб олинган хотин-қизларнинг контрактини ҳар чорак якунигача 4 га бўлиб тўлаб беради.
Комиссия аъзолари томонидан талабгорлардан 150 нафарини танлаб олишда биринчи навбатда уларнинг ижтимоий ҳолати, эҳтиёжмандлиги, тўплаган баллари, ҳудудлардаги таълим йўналишлари бўйича кадрларга бўлган эҳтиёж ҳамда таҳсил олаётган босқичлари инобатга олинади.
Контракти тўлаб бериладиган хотин-қизларлар сони чекланган ва бу юқоридаги ижтимоий мезонлар асосида аниқланади. Бунда ҳар бир вилоятдан жами 150 нафар хотин-қизлар контракти тўлаб берилади, уларнинг 40 таси 1-курс учун, 100 таси 2- ва ундан юқори курс.
Иккинчи мутахассисликда ёки Ўзбекистондаги хорижий, хусусий ОТМларда ўқиётган хотин-қизларнинг контракти учун мазкур имтиёз қўлланилмайди.
Хотин-қизлар ўқиш жойини ёки таълим йўналишини ўзгартирса, шунингдек талабалар сафидан четлаштирилса контракт бўйича имтиёз бекор қилинади.
Давлатнинг ёшлар таълимини қўллаб-қувватлаш сиёсати, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга контракт тўловларини давлат ҳисобидан қоплаб бериш ташаббуси, жамият тараққиёти учун катта аҳамиятга эга. Бу имконият орқали кам таъминланган оилалар фарзандлари, етимлар ва эҳтиёжманд хотин-қизлар олий таълимда эркин таҳсил олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ушбу дастур давлатнинг ёшлар келажагига бўлган юксак эътибори ва билимли, малакали авлод тарбиясига қаратилган самарали қўллаб-қувватлаш сиёсатидан далолат беради.
Улашиш:
Бошқалар
“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда бепул ўқиш: муҳим 5 саволга жавоб
Жамғарма томонидан ҳужжатлар текширилиб, танлов талабларига тўғри келадиганлар саралаб олинади.
Никоҳланувчилардан бири носоғлом бўлса, никоҳ тузиладими?
Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида тузилади.
Сув кодекси қандай жиҳатларни ўз ичига олган. Муҳим 6 жиҳат
Кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Кимга неччи соат – умумтаълим муассасаларида дарс соатлари қандай тақсимланади?
Қонунчиликка кўра, умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар умумтаълим муассасасининг дарс соатлари сеткасини шакллантиради.