Life Style
26.01.2024
1 849
Барча даврларнинг энг кўп сотилган китоблар жамланмасини яратиш мушкулроқ иш. Бир неча йиллардан бери нашр этилаётган, бошқа тилларга таржима қилиниб чоп этилган нусхаларнинг асл сонини ҳисоблашда бир оз адашиш мумкин. Шунга қарамасдан Hudud24.uz барча даврларда энг кўп нусхада сотилган китоблар рўйхатини эътиборингизга ҳавола қилади. Диний, бизнесга оид асарлар сотуви бўйича рақамлар реклама ва а улуғлаш воситаси ўлароқ ҳақиқатдан йироқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда фақатгина бадиий асарлар билан чекланилди.
1. Мигел де Сервантес. Дон Кихот
Дастлаб икки жилдда нашр этилган “Дон Кихот” эпик трагикомедия бўлиб, рицарлик ва жасорат ҳақидаги эртакларга муккасидан кетиб, ўзини рицар деб тасаввур қиладиган йигит тўғрисида ҳикоя қилади. Хаёлларига берилиб кетганидан деҳқон эркак ва аёлни ўзининг “свайдери” ва “хоними” сифатида жалб қилган Дон Кихот шамол тегирмонларини даҳшатли гигантлар дея тасаввур қилиб, уларга қарши уруш эълон қилади. Тахминан 500 миллион нусхада сотилган мазкур асар рўйхатимизнинг биринчи ўрнидан жой эгаллади.
2. Чарлз Диккенс. Икки шаҳар ҳақида қисса
“Бу замонларнинг ҳам энг яхшиси, ҳам энг ёмони эди. Донишмандлик даври ҳам, аҳмоқлик даври ҳам эди бу. Имон ва ишончсизлик, ёруғлик ва зулмат бунда ёнма-ён юрарди. Ҳам умид баҳори, ҳам умидсизлик қиши эди бу”. Диккенснинг Франция инқилоби ҳақидаги тарихий фантастик асари шундай бошланади. Диккенснинг аксарият асарлари сингари, у синфий масалалар, камбағалларнинг умидсизлиги ва бойларнинг таназзулига бағишланган. 200 миллион нусхада чоп этилган мазкур асарда ижтимоий-сиёсий муаммолар усталик билан ёритилган.
3. Антуан де Сент-Экзюпери. Кичкина шаҳзода
“Кичкина шаҳзода” асл касби учувчи ҳисобланган Антуан де Сент-Экзюперининг энг машҳур асари ҳисобланади. Асарда Кичкина шаҳзода коинотдаги турли сайёраларга, шу ўринда, Ерга ташриф буюрганлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Ёлғизлик, дўстлик, севги ва йўқотиш мавзуларига бағишланган мазкур асар илк маротаба 1943 йил 6 апрелда Нью-Йоркда нашр этилган. Китобдаги расмлар муаллифнинг ўзи томонидан яратилган бўлиб, мазкур тасвирларсиз китобни тасаввур қилиб бўлмайди. Асар шу пайтгача турли тилларда умумий ҳисобда 140 миллион нусхада сотилган.
4. Жоан Роулинг. Гарри Потер
Фэнтези жанридаги мазкур асарнинг ҳар бир томи умумий 500 миллион нусхадан ортиқ сотилган ҳолда анча-мунча рекордларни янгилашга муваффақ бўлган. Алоҳида олинганда эса ҳар бир китоб ўртача 100 миллион нусхадан сотилган. Тўплам кўринишида сотув бўйича эса дунёда 1-ўринни эгаллайди. Мазкур асарда ўзини сеҳргарлар яширин оламининг бир қисми эканлигини билиб қолган йигитчанинг саргузаштлари баён этилган. Етти китобдан иборат туркум орқали Гарри ва унинг дўстлари душманлари билан жанг қилишлари ҳамда сеҳргарлар дунёсида мувозанатни тиклашларини мароқ билан мутолаа қиласиз.
5. Агата Кристи. Улар ўнта эди
“Ўнта негр боласи” — Агата Кристи қаламига мансуб детектив роман ҳисобланиб, 1939 йилда чоп этилган. Ҳозирги кунда сиёсий сабабларга кўра “Улар ўнта эди” номи остида нашр этилаётган мазкур асарни ёзувчи “яратиш энг қийин бўлгани” дея эътироф этган. Жами саккиз маротаба экранлаштирилган роман барча замонларнинг 100 та энг яхши детектив романлари рейтингида карвонбошилик қилиб келмоқда. Асар 1930-йилларнинг охирларида Девон қирғоқлари яқинидаги қора танлилар яшайдиган оролда бўлиб ўтган воқеаларни ўзида жамлаган. Асар 100 миллион нусхадан ортиқ сотилганлиги билан тарихга кирган.
6. Толкин. Ҳоббит
“Ҳоббит” — инглиз ёзувчиси Толкиннинг фэнтези жанридаги романи ҳисобланиб, 1937 йилда нашр этилган ҳамда танқидчиларнинг эътирофига сазовор бўлган, Карнеги медалига номзод бўлган ва вояга етмаганлар учун энг яхши фантастика дея эътироф этилиб, New York Herald Tribune мукофотига сазовор бўлган. Мазкур асар болалар адабиётидаги классика деб тан олинган ва 100 миллион нусхадан ортиқ сотилган барча даврларнинг энг кўп сотилган китобларидан бири ҳисобланади. “Узуклар ҳукмдори” ининг мантиқий давоми ҳисобланган мазкур асар сизга албатта ёқади.
7. Ден Браун. Да Винчи сири
“Да Винчи сири” илк бор (2003 йил) савдога чиққан ҳафтанинг ўзидаёқ савдо кўрсаткичи билан “The New York Times” газетасида, “The Wall Street Journal” ва “San-Fransisko” йилномаларида биринчи ўринни, кейинчалик мамлакатдаги энг йирик сотувчилар рейтингида юқори ўринни эгаллаган. Ушбу асар жаҳоннинг 44 тилига таржима қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар бутун дунё бўйлаб 81 миллиондан ортиқ нусхада сотилган. “Да Винчи сири” романида муаллиф ўз ижодий изланишларини, тажрибаларини жамлаб, асар бош қаҳрамонида акс эттирди.
8. Паоло Коэльо. Алкимёгар
“Алкимёгар” - Пауло Коэльонинг 1988 йилда нашр этилган романи ва дунё бўйлаб бестселлерга айланди. 117 дан ортиқ мамлакатларда нашр этилган, 81 тилга таржима қилинган. Роман Бразилия тарихидаги энг кўп сотилган ва дунёда энг кўп таржима қилинган китоб сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Умумий ҳисобда 65 миллион нусхада сотилган (бу рақам қонуний нашрларни ўз ичига олади, ноқонуний чоп этилганларни ҳисобласак, 2-3 каррага кўпаяди). Китобнинг бош қаҳрамони — андалусиялик чўпон Сантяго. Бир куни у туш кўради ва Миср пирамидаларини кўришга, уларда яширинган хазинани топишга қарор қилади...
9. Жером Сэлинжер. Жавдарзордаги халоскор
Жером Сэлинжернинг “Жавдарзордаги халоскор” романи 1945–1946 йилларда серияли шаклда қисман нашр қилинган, 1951 йили алоҳида китоб бўлиб чиққан. Асар кўплаб тилларга ўгирилган. Шу кунгача 65 миллион нусхада сотилган. 2005 йили “Time” журнали асарни 1923 йилдан бошлаб инглиз тилида ёзилган 100 та энг яхши романлар рўйхатига киритган. Асарда бепарда сўзлар кўп учрагани боис бир қанча мамлакатларда, жумладан, АҚШ мактабларида ҳам кейинчалик танқидга учраган ва узоқ йиллар нашр этилиши тақиқланган. Муаллифнинг ўзи 1953 йилги интервьюсида романни қисман автобиографик деб атаган.
10. Габриэл Гарсиа Маркес. Ёлғизликнинг юз йили
“Ёлғизликнинг юз йили” — колумбиялик ёзувчи Габриэл Гарсиа Маркеснинг 1967 йилда ёзилган романи бўлиб, Буэндиа оиласининг кўп авлодлик тарихини ҳикоя қилади. Роман жаҳон адабиётидаги энг юксак ютуқлардан бири сифатида шуҳрат қозонган. “Ёлғизликнинг юз йили” романи сеҳрли реалистик услуби ва мазмуни жиҳатдан 1960 ва 1970 йиллардаги Лотин Америкаси адабий шон-шуҳратининг муҳим вакиллик романи бўлди. Бу романга модернизм (Европа ва Шимолий Америка) ва Куба услубий таъсир кўрсатган. Роман илк марта 1967 йил май ойида Буэнос-Айресда Судамерикана таҳририяти томонидан нашр этилган. У 47 тилга таржима қилинган ва 50 миллион нусхададан ортиқ сотилган.
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
Дунёдаги энг ғаройиб қонунлар
Аммо баъзи мамлакатларда шундай қонунлар борки, уларнинг борлигига ишониш қийин.
Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш учун муҳим қоидалар
Улушдорнинг объектга бўлган мулк ҳуқуқи кадастр органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.