#NoComment
24.05.2025
26
Хорижий давлатларнинг юқори мартабали шахслари ташрифи, уларни халқаро қоидалар даражасида кутиб олиш, мазкур жараён билан боғлиқ тартиб-қоидалар кўпчиликнинг диққатини тортиши шубҳасиз. Бугун ўқувчиларимизга шулар ҳақида мухтасар маълумот берамиз.
Ташрифлар. Ташрифларни амалга ошириш, алоқалар, муносабатларни қоилаб-қувватлаш дипломатик хизматнинг фаол шакли бўлиб, қуйидагиларга бўлинади:
— протокол ва алоқаларни сақлаб туриш учун;
— иш билан боғлиқ.
Протокол ташрифлари дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ва бошқа барча дипломатик ходимлар, шунингдек уларнинг турмуш ўртоқлари томонидан амалга оширилади. Расмий жиҳатдан протокол ташрифлари чоғида иш билан боғлиқ аниқ бир масала муҳокама қилинмайди, деб ҳисобланади. У тахминан 20 дақиқа давом этади. Ташрифларни ўтказиш ҳолатлари ва тартиби дипломатик протокол қоидалари билан белгиланади ва тартибга солинади.
Хизмат ташрифи ҳам дипломат, ҳам қабул қилувчи мамлакат вакилининг ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин. Бундай ташриф чоғида иш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади. Хизмат ташрифи бир неча соат давом этиши мумкин. Ҳар бир давлат ички қонунчилиги ва миллий анъаналарига асосланиб, ташрифларнинг ўзига хос таснифига эга. Аммо ушбу фарқларга қарамай ва ташрифларни расмийлаштириш амалиётини умумлаштирган ҳолда, уларни қуйидаги турларини ажратиш мумкин:
Дипломатик алоқалар. Давлат арбоблари ёки махсус ваколатга эга раҳбарларнинг (чет элдаги ҳамкасблари билан) шахсий алоқалари. Давлат раҳбарлари, ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва дипломатлар ўртасида дипломатик алоқалар амалиёти мавжуд. Дипломатик алоқалар доимий учрашувлар, дипломатик конференциялар, ташрифлар, музокаралар, дипломатик қабуллар йўли билан олиб борилади.
Юқорида саналган ҳар бир ташриф ўзига хос хусусиятларга эга.
Давлат ташрифи. Давлатлар ташқи сиёсатининг халқаро алоқаларни ривожлантиришга, кескин ва оғир халқаро масалаларни нуфузли ҳал этишга ёрдам берувчи муҳим шаклларидан бири. Давлат ташрифлари қаторига давлат, ҳукумат раҳбарлари, олий даражадаги расмий делегатциялар ташрифлари киради. Дипломатик протоколга биноан давлат ташрифлари ўз классификацияси, уларни амалга оширишнинг тартиби ва тегишли маросимига эга.
Тадбирлар протоколи ва кутиб олиш маросимлари сони жиҳатидан энг тўлиқ ташриф тури. Делегатция таркиби одатда чекланмайди. Хавфсизлик, жойлашув, овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва меҳмонларни кузатиб борувчилар олдиндан келишилади. Тантанали кутиб олиш маросимларига катта эътибор қаратилади. Бундай маросимлар орқали икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар қай даражада эканига урғу берилади.
Протоколда учрашувларнинг вақти ва жойи, қатнашувчилар қатъий белгилаб қўйилади. Меҳмон ёки унинг турмуш ўртоғи истагига кўра, диққатга сазовор жойларга саёҳат ҳам уюштирилиши мумкин.
Давлат ташрифини фақат давлат раҳбарлари амалга оширади.
Расмий ташриф – хорижий делегациялар ва расмий меҳмонларни кутиб олишнинг юқори даражали турларидан бири.
Давлат раҳбарининг бир давлатга иккинчи ёки ундан кейинги юқори даражадаги ташрифи ҳам шундай аталади. Расмий ташрифда давлат ташрифидаги каби тадбирлар ўтказилади, бироқ тантаналар ва кутиб олиш-кузатиш билан боғлиқ маросимлар нисбатан камтарроқ бўлади.
Расмий ташриф билан Бош вазир ёки Ташқи ишлар вазири раҳбарлигидаги делегатция ҳам келиши мумкин.
Амалий ташриф – давлат арбоби ёки делегатциянинг муҳокама, маслаҳатлашув, халқаро анжуманларда ва миллий кўргазмаларда қатнашиш, халқаро шартномаларни имзолаш учун қиладиган ташрифи.
Амалий ташрифда учрашув жойида давлат байроқлари тикилади, лекин фахрий қоровул саф тортмайди. Меҳмонлар шарафига нонушта ёки тушлик ташкиллаштирилади. Одатда бундай ташриф 1–1,5 кун давом этади.
Норасмий ташриф – давлат арбобларининг жамоатчилик анжуманлари ва йиғилишларига, кўргазмалар очилиши, спорт мусобақалари ва танловларда меҳмон сифатида қатнашиш, ўз давлати элчиси ҳузурига ёки туризм мақсадида келишидир. Норасмий ташрифларда одатда протокол бўйича ўтказиладиган тадбирлар бўлмайди.
Йўл-йўлакай ташриф – юксак мартабали меҳмоннинг учинчи мамлакатда йўл-йўлакай ва қисқа вақт бўлишидир. Бунда кутиб олиш ва кутиш билан боғлиқ турли тантанавор жиҳатлар минимум даражага тушади.
“Галстукларсиз” учрашув – тантанали маросимлар минимум даражада бўлади ва ҳар бир ҳолат учун алоҳида тартиб белгиланади.
“Галстукларсиз” учрашув деганда ҳар доим ҳам юксак даражадаги ташрифлар тушунилмайди. Сиёсатчи ёки ишбилармонларнинг учрашуви ҳам шундай аталиши мумкин. Шарти: кўришув норасмий шароитларда ўтади.
Давлат арбоблари ўртасидаги “галстукларсиз” учрашувларда дипломатик протокол қоидаларига кўп ҳолларда амал қилинмайди.
Давлат ва жамоат намояндалари ёки делегатсиянинг тадбирларга ташрифи норасмий ташриф ва “галстукларсиз” учрашувга яқин туради. Бунда меҳмон ёки меҳмонлар юқори даражадаги халқаро учрашувлар, йиғилишлар, тантанали маросимларда қатнашиш ёки фахрий меҳмон бўлиш учун ташриф буюради.
Дипломатик амалиётда икки давлат раҳбарининг учинчи “нейтрал” мамлакатда учрашиши ҳам кузатилади. Бунга ҳар хил омиллар сабаб бўлиши мумкин. Лекин кўпинча сиёсий мотивлар туфайли учинчи мамлакат танланади.
Дипломатик ташрифларнинг асосий қоидалари қуйидагича умумлаштирилиши мумкин:
1. Ташрифнинг куни ва соати олдиндан келишиб олинади. Мажбурий ва қатъий протокол қоидаси – ташриф буюрадиган вақтнинг аниқ риоя қилиниши.
2. Кийинишда протокол қоидаларига қатъий риоя қилиш керак.
3. Ташриф давомида олдиндан тайёргарлик кўрилган масала бўйича суҳбат бўлади. Суҳбатда ташаббус мезбонга тегишли бўлади.
4. Меҳмонни тўғри жойлаштириш жуда муҳим. Диван шарафли жой деб ҳисобланади. Уй эгаси диваннинг чап томонидаги креслога ўтиради, шунда меҳмон унинг ўнг қўли томонида бўлади. Мезбон диванда меҳмон билан ўтириши мумкин, лекин фақат унинг чап томонида. Уй эгаси ўтиргандан кейин меҳмон ўтиради.
5. Маҳаллий шароитга қараб, ташриф пайтида қаҳва, чой, шароб ва енгил овқат берилади.
6. Ҳар қандай ташрифни тугатиш ташаббуси – у хоҳ протокол, хоҳ иш ташрифи бўлсин – ҳар доим меҳмон измида бўлади.
Дипломатик этикет нуқтаи назаридан, протокол ташрифларида расмийларни транспорт воситалари билан таъминлаш, уларда жойларни тақсимлаш ва ўтказиш тартиби муҳим аҳамиятга эга.
Хорижий делегатсияларни, мансабдор шахслар ва меҳмонларни расмий қабул қилиш даражаси
Ўзбекистон Республикасига расмий, амалий, норасмий ташрифлар билан ёхуд йўл-йўлакай ташрифлар билан келувчи хорижий давлатлар бошлиқлари, делегатциялар, сиёсий арбоблар Давлат дипломатик протоколи тўғрисидаги низомга ёки икки томонлама аҳдлашувга мувофиқ қабул қилинадилар.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзолари бўлган давлатлар бошлиқлари, ҳукуматлар бошлиқлари ва ташқи ишлар вазирларининг Ўзбекистонга ташрифлари чоғида кутиб олиш, кузатиб қўйиш ва Ўзбекистонда бўлиш дастури МДҲ мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда шаклланган амалиётни ҳисобга олган ҳолда ва ўзаролик асосида амалга оширилади.
БМТ Бош котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг меҳмони сифатида қабул қилинади. БМТ Бош котиби ташрифининг ҳажми, умуман олганда Ташқи ишлар вазирларининг расмий ташрифлари даражасига мувофиқ бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатлар бошлиғи, делегатсиялар, давлат ва сиёсий арбоблар шарафига қабул маросимлари олий даражадаги қабул маросими ҳисобланади.
Хорижий делегатсияларни, мансабдор шахслар ва меҳмонларни расмий қабул қилиш даражаси:
Олий даражада:
1. Хорижий давлатларнинг бошлиқлари
2. Бош вазирлар, канцлерлар, давлат котиблари, давлат вазирлари, витце-президентлар
3. Ташқи ишлар вазирлиги
4. Халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари
I разряд:
1. Хорижий давлатларнинг вазирлари
2. Элчилар
3. Хорижий давлатлар бошлиқларининг шахсий вакиллари
4. Йирик нуфузли бизнесменлар, корпоратциялар ва концернларнинг раҳбарлари
II разряд:
1. Таниқли халқаро жамоат арбоблари
2. Хорижий мамлакатларнинг жамоат ва сиёсий раҳбарлари
3. Бизнесменлар, тадбиркорлар
4. Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари
* Изоҳ: юқорида кўрсатилган меҳмонлардан исталган бирининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши олий даражадаги қабул ҳисобланади.
Дипломатик терминлар изоҳли луғати маълумотларидан фойдаланилди
Жасур ТОЖИБОЕВ,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Прокат шартномаси ва уни тузиш тартиби қандай?
Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.
Уй-жой сотиб олишда “эскроу” тизими: муҳим 5 саволга жавоб
“Эскроу” тизими кўчмас мулк олди-сотдисида ишончли восита ҳисобланади. Уй сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчи ҳисоб рақамига эмас банкка тўлов қилади, уй-жой қурувчининг маблағи ва кредити ҳисобига қурилади.
Олий суд пленуми мажлисида Lex.uz сайти фаолияти таништирилди
Lex.uz сайти ҳозирги вақтда республикада ягона электрон шаклдаги расмий манба ҳисобланади. Сайтга бир тилда 50 мингдан ортиқ ҳужжатлар жойлаштирилган.
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш ва унинг оқибатлари
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди.