Ҳуқуқ
05.11.2024
834

Меҳнат унумдорлиги ва самараси мароқли ҳордиқ чиқаришга боғлиқ. Шу боис меҳнат муносабатларида дам олиш вақтига, таътиллар масаласига жиддий эътибор қаратилади.
Меҳнат кодексининг 201-242-моддаларида дам олиш вақти ва таътиллар ўз аксини топган.
Дам олиш вақтига нима киради?
Дам олиш вақти ходим меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган ва ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақтдир. Иш куни (смена) давомидаги танаффуслар, ҳар кунги (сменалар оралиғидаги) дам олиш, дам олиш кунлари (ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш), ишланмайдиган байрам кунлари, ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари дам олиш вақтининг турлари саналади. Ходимнинг истагига кўра дам олиш кунида ёки ишланмайдиган байрам кунида ишлаганлик учун компенсация сифатида тақдим этиладиган ишдан бўш бўлган қўшимча кунлар, шунингдек қон ва унинг таркибий қисмлари топширилган ҳар бир кундан кейин донорларга бериладиган дам олиш куни ҳам шулар жумласидандир.
Ходимга қанча танафус берилиши керак?
Иш куни (смена) давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги кўпи билан икки соат ва камида ўттиз дақиқа бўлган, иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки меҳнат шартномасида, агар ходим учун белгиланган кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тўрт соатдан ошмаса, унга мазкур танаффус берилмаслиги назарда тутилиши мумкин. Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш вақти ва унинг аниқ давомийлиги ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Қандай ҳолда қўшимча танаффус берилади?
Ходимларга иш куни давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ташқари қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Хусусан, йилнинг иссиқ ёки совуқ мавсумида очиқ ҳавода ёхуд совитилмайдиган ёки иситилмайдиган ёпиқ хоналарда ишлайдиган, шунингдек юк ортиш-тушириш ишларида банд бўлган шахслар учун махсус танаффуслар. Иш берувчи иситиш, совитиш учун асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва ходимларнинг дам олиши учун яроқли бўлган хоналарни таъминлаши шарт. Бундай танаффуслар тақдим этиладиган ишларнинг рўйхати, ҳарорат кўрсаткичлари, шунингдек ушбу танаффусларнинг даврийлиги ва давомийлиги иш ўринларини меҳнат шароитлари ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфи бўйича аттестациядан ўтказиш асосида белгиланади. Қолаверса, болани овқатлантириш учун сарфланадиган вақт ҳам қўшимча танаффуслар сирасига киради.
Иш ҳафтаси турлари нечига бўлинади?
Шунга эътибор бериш лозимки, беш кунлик иш ҳафтасида ходимларга ҳафтада икки дам олиш куни, олти кунлик иш ҳафтасида эса бир дам олиш куни берилади. Айнан битта иш берувчида меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимлар учун бажариладиган ишнинг ўзига хос хусусиятларига қараб иш ҳафтасининг ҳар хил турлари белгиланиши мумкин.
Дам олиш куни қандай ҳолда бошқа кунга кўчирилади?
Меҳнат кодекси 2022 йил 28 октябрда янги таҳрирда қабул қилиниши туфайли яна бир янгилик киритилди. Яъни дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади. Масалан, жорий йилда 1 сентябрь – Мустақиллик куни якшанба кунга тўғри келди. Шу боис дам олиш куни 2 сентябрь душанбага кўчирилди. Ёки 8 декабрь – Конституция куни ҳам якшанбага тўғри келмоқда. Натижада дам олиш куни 9 декабрь душанбага кўчирилади.
Дам олиш кунларидан ва ишланмайдиган байрам кунларидан ходимларнинг оқилона фойдаланиши мақсадида дам олиш кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан бошқа кунларга кўчирилиши мумкин. Аммо...
Қандай ҳолда дам олиш кунлари кўчирилмайди?
Аммо ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.
Ишланмайдиган байрам кунларида ишлаб чиқариш-техник шароитларга кўра (узлуксиз ишлайдиган ташкилотлар) тўхтатиб туриш имкони бўлмаган ишларни (хизматларни), аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати юзага келтирадиган ишларни, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларини амалга оширишга йўл қўйилади. Қонунда белгиланган ҳолларни истисно этганда, дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ходимнинг розилигисиз ишга жалб этишга йўл қўйилмайди.
Азамат НАБИЖОНОВ,
Тошкент давлат юридик
университети талабаси
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ойлик иш ҳақи нима учун икки қисмга бўлинади?
Агар иш берувчи иш ҳақини ўз вақтида тўламаса, у ҳолда у ходим олдида моддий жавобгарликка тортилади.
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.