currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларДавлат фуқаролик хизматчилари совға олиши мумкинми?

Давлат фуқаролик хизматчилари совға олиши мумкинми?

Ҳуқуқ

calendar

14.04.2025

eye

967

Давлат фуқаролик хизматчилари совға олиши мумкинми?

Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва коррупцияга қарши чора-тадбирлари жамоатчилик эътиборидаги муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Хусусан, хизматчиларга совға олиш тартиби қонунчилик меъёрлари билан белгилаб қўйилган бўлиб, бу давлатга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган. Ушбу мақолада давлат фуқаролик хизматчилари қандай ҳолларда совға олиши мумкинлиги ва бунда қандай чекловлар мавжудлиги таҳлил қилинади.

1. Давлат фуқаролик хизматчиси қандай ҳолларда совға олиши мумкин?

Давлат фуқаролик хизматчиси Ўзбекистондан ташқаридаги хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар, шунингдек Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совға олиши мумкин.

Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро ва бошқа расмий тадбирлар билан боғлиқ бўлмаган хизмат сафарлари муносабати билан совға олиш тақиқланади.

2. Давлат фуқаролик хизматчилари фуқаролардан совға олиши мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас. Давлат фуқаролик хизматчилари хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиш тақиқланади.

Шунингдек, мазкур қоида давлат фуқаролик хизматчисига алоҳида хизматлари учун давлат органи қарори билан берилган совғалар, шунингдек мусобақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида олинган совғаларга нисбатан татбиқ қилинмайди.

Давлат фуқаролик хизматчиси халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан ўзи ёки бошқа шахслар учун совға тақдим этилишини сўрашига ёки талаб қилишига йўл қўйилмайди.

3. Халқаро ва бошқа расмий тадбирларда ҳар қандай совғани олиш мумкинми?

Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан халқаро ва бошқа расмий тадбирларда олиниши мумкин бўлган совға қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

— Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари, давлат органининг ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши;

— совға аниқ бир халқаро ва бошқа расмий тадбир муносабати билан ихтиёрий тақдим этилган бўлиши;

— очиқ ва ошкора қабул қилиниши;

— давлат органининг обрўсига (нуфузига) путур етказмаслиги;

— манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмаслиги лозим.

4. Овқатланиш учун таклифни қабул қилиш мумкинми?

Халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва этикет қоидаларига мувофиқ нонуштага, кофе-брейкка, тушликка, кечки овқатга ва оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларига таклиф қилиш меҳмондўстлик белгиси ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизматчиси унга халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан меҳмондўстлик белгиси сифатида билдирилган таклифни қабул қилиши мумкин.

Бунда, меҳмондўстлик белгиси сифатида билдирилган таклифнинг беғаразлигига шубҳа сезганда, ушбу таклифни дарҳол рад этиши ва алоқа воситалари орқали бу ҳақда коррупцияга қарши курашиш бўлинмасини огоҳлантириши шарт.

5. Халқаро ва бошқа расмий тадбирларда берилган совға давлат фуқаролик хизматчиси ўзида қоладими?

Совға давлат фуқаролик хизматчисининг ўзида қолиш ёки қолмаслиги совғанинг турига боғлиқ.

Совға тез яроқсиз ҳолга келувчи маҳсулотлар (табиий гулдаста, доналик ширинликлар), шунингдек канцелярия тўпламларидан (тақвим, буклет, пластмассали ручка, кундалик ва блокнот) иборат бўлса улар совға сифатида расмийлаштирилмайди ҳамда ушбу совғалар давлат фуқаролик хизматчиси ўзида қолдирилади.

Бошқа совғалар давлат фуқаролик хизматчиси тадбирлардан қайтиб келгандан бошлаб 3 иш кунида Совғалар реестрини юритишга масъул хўжалик бўлинмасига берилади ва бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади.

Совға қиймати БҲМнинг 4 бараварига тенг ёки ундан кўп бўлмаган миқдорда эканлиги аниқланганда, совға давлат фуқаролик хизматчисида қолдирилади.

Совға қиймати БҲМ 4 бараваридан ортиқ бўлса, совға молия-иқтисод бўлинмаси томонидан давлат органининг балансига кирим қилинади.

Кирим қилинган совға давлат органининг эҳтиёжи учун фойдаланилиши мумкин.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг совға олиши қатъий тартибга солинган бўлиб, асосий мақсад – коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва давлат хизматининг шаффофлигини таъминлашдир.

Халқаро ва бошқа расмий тадбирларда берилган совғалар белгиланган талабларга жавоб бериши лозим, хизмат сафари билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда эса совға олишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, совғалар қийматига қараб улар хизматчида қолиши ёки давлат балансига ўтказилиши мумкин. Давлат хизматчилари учун бу қоидалар профессионалликни таъминлаш ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Улашиш:

Бошқалар

24-октябр 2025, 04:21
772

Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин

Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.


21-октябр 2025, 11:03
763

Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?

Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.


20-октябр 2025, 04:32
661

Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар

Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.


30-октябр 2025, 07:11
607

Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати

Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.