Содда талқин
29.12.2025
483

Мамлакатимизда давлат бошқарувида ортиқча бюрократик тўсиқлар, мураккаб тартиб-қоидалар ва эскирган ёндашувларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатишни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг самарали воситаларидан бири бўлган ишончномалар билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат хизмати натижаларини олиш бўйича бошқа шахсларга ишончномаларни электрон тарзда расмийлаштириш имконияти берилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишончномаларни электрон тарзда расмийлаштириш бўйича амалдаги қонунчиликда қандай чоралар белгиланганлиги юзасидан саволлар ва жавобларни ҳукмингизга ҳавола қилсак.
1. Электрон ишончнома деганда ўзи қандай ишончнома тушунилади?
Электрон ишончнома деганда жисмоний ва юридик шахслар томонидан “Vakolat.uz” платформаси орқали расмийлаштирилган ишончнома тушунилади.
2. Электрон ишончнома орқали кимлар ишонч билдирувчи ва қандай шахслар ишончли вакил бўла олади?
Электрон ишончномада ўз номидан муайян ҳаракатларни амалга ошириш ваколатини бошқа шахсга берувчи жисмоний ва юридик шахс ишонч билдирувчи ҳамда ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб борувчи жисмоний ва юридик шахс ишончли вакил бўла олади.
3. “Vakolat.uz” платформаси қандай электрон тизим ҳисобланади ва энди барча ишончномалар “Vakolat.uz” платформаси орқали расмийлаштириладими?
“Vakolat.uz” платформаси ишончномаларни электрон расмийлаштириш, ўзгартириш, бекор қилиш ва уларнинг реестрини юритишга мўлжалланган ахборот тизими бўлиб ҳисобланади, шунингдек, электрон ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш ҳамда уларнинг реестрини юритиш тартиби фақат ишончнома асосида фойдаланиш мумкин бўлган давлат хизматларига нисбатан татбиқ этилади.
Аниқроқ айтганда, жисмоний шахслар томонидан кундалик ҳаётда барча ҳолларда ишончномаларни эмас, балки давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат хизмати натижаларини олиш учун ҳамда юридик шахслар томонидан ўз ихтиёрига кўра электрон ишончномаларни расимйлаштириши, ўзгартириши ёки бекор қилиши мумкин.
4. Электрон ишончномани расмийлаштириш учун жисмоний ёки юридик шахс қандай ҳаракатларни амалга ошириши лозим?
Ишонч билдирувчи ишончномани расмийлаштириш учун “Рақамли ҳукумат” тизимининг ягона идентификация тизими (One ID) орқали “Vakolat.uz” платформасида рўйхатдан ўтади ва белгиланган шаклдаги сўровномани тўлдиради. Сўровнома электрон рақамли имзони ёки шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) технологиясини мажбурий қўллаш орқали тасдиқланади.
Сўровнома тасдиқланганидан сўнг платформа орқали ишончнома автоматик шаклланади ва томонларга юборилади.
5. “Vakolat.uz” платформаси орқали ишончномаларни расмийлаштириш учун тўланадиган ҳақ миқдори қанчани ташкил қилади?
“Vakolat.uz” платформаси орқали ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилиш учун тўлов ундирилмайди.
6. Электрон ишончномани қанча муддатга расмийлаштириш мумкин ва бундай ишончномаларнинг юридик кучи қандай бўлади?
Электрон ишончномалар жисмоний ва юридик шахсларнинг хоҳишига кўра сўровномада кўрсатилган, бироқ 3 йилдан ошмаган муддатга берилади.
“Vakolat.uz” платформаси орқали расмийлаштирилган ишончномалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нотариал тасдиқланган ишончномалар билан тенг юридик кучга эга бўлади.
7. Жисмоний ва юридик шахслар электрон ишончнома орқали бериладиган ваколатларини ишонч билдирувчи шахс томонидан бошқа шахсга ўтказилишига йўл қўйиладими?
Албатта, йўл қўйилади. Жисмоний ва юридик шахс бўлган ишонч билдирувчи сўровномада ишончли вакилга ишончномада акс эттирилган ваколатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқини кўрсатиши мумкин.
8. Электрон ишончномани ўзгартириш мумкинми ва ўзгартириш мумкин бўлса, қайси ҳолларда ўзгартирса бўлади?
Электрон ишончнома ишонч билдирувчи томонидан ўзгартирилиши мумкин ва бундай ўзгартиришга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда;
юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарганда;
жисмоний шахснинг биометрик паспорти (ID-карта) маълумотлари ўзгарганда;
ишончноманинг амал қилиш муддати узайтирилганда.
9. Электрон ишончнома “Vakolat.uz” платформаси орқали бекор қилиниши мумкинми?
Электрон ишончнома бекор қилиниши мумкин ва бу қуйидаги ҳолларда “Vakolat.uz” платформаси томонидан автоматик тарзда бекор қилинади:
ишончноманинг муддати тугаганда;
жисмоний шахс вафот этганда;
юридик шахс тугатилганда.
10. Электрон ишончномалар реестри қайси ташкилот томонидан юритилади ва унда ишончномалар кимга берилганлигини қандай билиб олиш мумкин?
Электрон ишончномалар реестри Адлия вазирлиги томонидан электрон шаклда юритилади.
Реестр ишончномаларни уникал рақам орқали қидириш учун барча учун очиқ ҳисобланади.
“Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида расмийлаштирилган ишончномалар реестрга автоматик равишда киритилади.
Турғун Азимов,
ТДЮУ профессор-ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.
Аҳолини рўйхатга олиш бошланди
Аҳолини рўйхатга олиш ўзи нима, унинг ҳуқуқий асоси борми?
Ижро варақаси қандай тартибда топширилади?
Пул маблағларини ундириш бўйича берилган ижро варақаси аввало қарздорга хизмат кўрсатувчи банкка топширилади.
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.