Life Style
07.07.2024
420
Баъзилар ишга ёки ўқишга шошилиб, эрталаб тамадди қилишни унутиб қўйса, айримлар нонушта қилишни хоҳламайди. Аммо бу ҳолат мунтазам давом этса, инсон организми учун жиддий оқибатларга олиб келиши, шу жумладан сурункали касалликларнинг ривожланиш хавфи ошиши мумкин.
Уйқудан кейин қондаги глюкоза миқдори камайиши натижасида мия бутун организм каби самарали ишлаши учун қувватга муҳтож бўлади. Нонушта қилмаслик эса танани "уйғониши" учун зарур бўлган энергия ва озуқа моддаларидан маҳрум қилади. Муҳим ресурсларнинг етишмовчилиги туфайли инсон организми "энергияни тежаш" режимида ишлашга мажбур бўлади. Бу эса, ўз навбатида, жисмоний фаоллик ва иш унумдорлигининг камайиши, чарчоқ ва ҳолсизлик ҳисси кучайиши, диққатнинг пасайиши, хотира ёмонлашиши ва қарор қабул қилиш қобилиятининг сустлашишига олиб келади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, эрталаб мувозанатли овқатланиш инсоннинг кун давомидаги иш самарадорлигини 30 фоизга оширади. Аксинча, ҳафтасига беш мартагача нонушта қилмайдиган одамларда геморрагик инсулт ривожланиш хавфи 36 фоизга ошади.
Бундан ташқари, нонушта қилмасликка одатланган эркакларда инфарктга чалиниш эҳтимоли 25 фоизга кўпроқ бўлади. Ҳар куни эрталаб ҳеч бўлмаса енгил тамадди қилиш эса қон томирларига юкламани камайтиради.
Парадоксал жиҳати, эрталаб нонуштадан воз кечиш семизликка ҳам олиб келиши мумкин. Сабаби, эрталаб озуқа моддалари ва қувватнинг етишмаслиги туфайли инсон нонуштанинг ўрнини босиш учун кун давомида ҳаддан ташқари кўп овқатланишга мажбур бўлади. Бунинг натижасида овқат ҳазм қилиш қийинлашади, ошқозон-ичак касалликлари ва диабет ривожланиш хавфи ошади.
Эрталаб нонушта қилишни канда қилиш асаб тизимига ҳам жиддий таъсир кўрсатиб, бу ортиқча асабийлик, хотира ва диққатнинг пасайиши, когнитив функсиялар ва руҳий саломатликнинг ёмонлашиши билан намоён бўлади.
Шу боис, кундалик ратсионга нонуштани киритиш — соғлом ва узоқ умр гаровидир.
Аммо қандай қилиб нонушта қилишни одатга айланитириш мумкин?
Биринчи навбатда, танани уйғотиш, ичакларнинг тўғри ишлашини таъминлаш ҳамда эндокрин тизим биринчи таомга тайёрланиши учун кунни бир стакан илиқ сувдан бошланг.
Тахминан ярим соатдан кейин тамадди қилиш мумкин. Нонуштани имкон қадар ҳар куни бир вақтда қилиш тавсия этилади.
Эрталаб гречка, жўхори уни, арпа, тариқ солинган ва сув ёки сутда тайёрланган бўтқалар ейиш жуда фойдали. Тухумни қовурилган ёки қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш ҳам кун бўйи танани керакли витамин ва минераллар билан таъминлайди.
Шунингдек, кам ёғли творог, сут, кефир, табиий ёгурт ичиш организмни кўп миқдорда озуқа моддалари, Д витамини, калий ва калсий билан тўйинтиради. Озишни истайдиганлар кам ёғли сут ичишлари мақсадга мувофиқ. Қолаверса, нонуштада ёғсиз мол, товуқ, курка ва балиқ гўштидан тайёрланган таомларни танаввул қилиш фойдали.
Эрталабки тамадди пайти хамиртуруш билан пиширилган овқатлар, ситрус мевалар, хом сабзавотлар, ёғли гўшт ва углеводга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Энергетика бўйича компенсация ва моддий ёрдамга оид 5 саволга 5 жавоб
Компенсация олиш учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш керак.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
ОТМга ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиб қандай?
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.