Ҳуқуқ
29.12.2024
174
1. Ота-онадан бири фамилия, исм ва ота исмини ўзгартирганда фарзандлари фамилиясига таъсир қиладими?
Оила кодексининг 227-моддасида фамилия, исм ва ота исми ўзгартирилганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарлари ёзувларига тегишли ўзгартишлар киритилиши, эр (хотин)нинг фамилияси ўзгартирилиши (унга нисбатан оталик белгиланганда ҳам) хотин (эр)нинг ҳамда унинг вояга етган болалари фамилиясини ўзгартиришга сабаб бўлмаслиги, ота-она ҳар иккаласининг фамилияси ўзгартирилганда уларнинг ўн олти ёшга тўлмаган болалари фамилияси ҳам ўзгартирилиши белгиланган.
Шунингдек, агар ота-онадан бири ўз фамилиясини ўзгартирса, уларнинг ўн олти ёшга тўлмаган болалари фамилиясини ўзгартириш масаласи ота-онанинг келишувига биноан, бундай келишув бўлмаганда эса, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан ҳал этилиши, ота исмининг ўзгартирилиши унинг ўн олти ёшга тўлмаган болаларининг ота исми албатта ўзгартирилишига сабаб бўлиши назарда тутилган.
2. Эр ёки хотиндан бирининг фамилияси ўзгартирилиши иккинчисининг ҳам фамилияси ўзгаришига сабаб бўладими?
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига тегишли ариза ва ҳужжатлар тақдим қилингач, ушбу ҳужжатлар ўрганилиб, тегишли хулосалар олингандан сўнг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарлари ёзувларига тегишли ўзгартишлар киритилади. Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш фуқаронинг у иштирок этадиган ҳуқуқий муносабатга нисбатан ўз таъсирини кўрсатади.
Ўзаро қонуний никоҳда турган эр ёки хотиндан бирининг фамилияси ўзгартирилиши иккинчисининг ҳам фамилияси ўзгаришига сабаб бўлмайди. Масалан, эр-хотин никоҳдан суд татибида ажрашганда хотин ўзининг никоҳдан олдинги фамилиясига қайтиши мумкин ва бу ўринда фамилия ўзгариши кузатилади. Бу ўринда эр-хотиндан бири иккинчисидан фамилияни ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли эмас.
Ота-оналар ёки улардан бирининг фамилиясини ўзгартирганлиги уларнинг вояга етган болаларининг фамилияси ўзгаришига сабаб бўлмайди.
3. Қандай ҳолда фарзанд фамилияси ўзгартирилиши мумкин?
Ота-оналардан ҳар иккаласининг фамилияси ўзгартирилиши 16 ёшга тўлмаган болалар фамилиясининг ҳам ўзгартирилишига сабаб бўлади. Агар ота-онадан бири фамилиясини ўзгартирса, уларнинг вояга етмаган болаларининг фамилиясини ўзгартириш масаласи ота-оналарнинг келишувига биноан, бундай келишув бўлмаганда эса васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.
4. Никоҳдан ажрашганда аёл киши олдинги фамилиясига қайтиши мумкинми?
Агар никоҳга кириш пайтида ўзининг никоҳгача бўлган фамилиясини сақлаб қолган шахс кейинчалик эрининг фамилиясини қабул қилса, шунингдек, никоҳга кириш пайтида қабул қилган фамилиясини никоҳгача бўлган фамилиясига ўзгартирса, у ҳолда ўзгартириш фақат никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига киритилади. Агар никоҳдан ажратилгандан кейин никоҳдаги фамилиясини сақлаб қолган шахс уни никоҳгача бўлган фамилиясига ўзгартирса, у ҳолда ўзгартириш фақат никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига киритилади.
5. Қандай ҳолда боланинг шарифи ўзгартирилиши мумкин?
16 ёшга тўлган шахслар томонидан фамилияси, исми, ота исми ўзгартирилган барча ҳолларда ўзгартириш фақат туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувининг “бола тўғрисида маълумотлар” устунига киритилади. Ота-она тўғрисидаги маълумотлар ўзгаришсиз қолдирилади.
Ота ўз исмини ўзгартириши унинг вояга етмаган болаларининг ота исми ўзгаришига олиб келади. Вояга етган болаларнинг ота исми фақат уларнинг аризаларига кўра ўзгартирилади. Бу ўринда вояга етган бола ўз ота исмини ўзгартириш ёки ўзгартирмаслик масаласини ўзи ҳал қилади.
Баҳодир Турғунов,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга юридик ишлов бериш
бўлими бошлиғи
Улашиш:
Бошқалар
Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.
Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.
Ҳадя қилинган уйни қайтариб олиш мумкинми?
Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.
Дунёдаги энг кичик ва энг катта Конституция қаерда?
Турли мамлакатлар Конституцияларининг қабул қилиниш жараёни билан боғлиқ бир нечта қизиқарли далиллар бор. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳозиргача конституцияси йўқ, аммо уларнинг орасида демократияни бошқарадиган вакиллари бор.