Ҳуқуқ
29.12.2023
678
Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган бу икки тушунча мазмунини кўпчилик бир хил деб ўйлайди.
Булар шахснинг бевосита ўзига тегишли бўлган энг муҳим мутлақ ҳуқуқлари бўлгани боис уларнинг фарқланишини билиш лозим.
Шахс дахлсизлиги (liberty and security of a person)
Конституциямизнинг 27-моддасида қуйидаги норма келтирилади: “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга”.
Шахснинг дахлсизликка бўлган ҳуқуқи унинг эркинликда бўлиши билан ифодаланади. Қолаверса, қонунсиз озодликда бўлиши чекланамаслигини ҳам англатади. Шахснинг озодлиги чекланиши ёки ундан маҳрум қилиниши учун қонуний асос бўлиши керак. Масалан, жиноий ишга жалб қилиниши, ижтимоий хавфли қилмишни содир этишда гумонланиши каби.
Озодликнинг чеклаш деганда фақат қамоқда сақлаш тушунилмайди. Масалан, шахснинг эркига хилоф равишда уни бирон бинога қамаб қўйиш, мажбурий психиатрия муассасаларига жойлаштириш ҳам озодликдан чеклаш ҳисобланади.
Шахснинг озодлиги қачон қонуний чекланади? Бу нимага керак?
Шахснинг дахлсизлиги ҳуқуқи қонунга мувофиқ тарзда, муайян асослар мавжуд бўлганида чекланса, у қонуний ҳисобланади. Ўзбекистонда шахсни қамоқда сақлаш ёки озодликдан маҳрум қилиш (чеклаш) масаласи фақат суд қарори билангина амалга оширилади. Шу билан бирга бундай ҳуқуқнинг чекланишида белгиланган процессуал қоидаларга риоя қилинмоғи талаб этилади. Акс ҳолда амалга оширилган ҳаракат ноқонуний бўлиб чиқади. Дейлик, шахсни жиноий қилмишни содир этишда айблаётиб, етарли далилларсиз озодликдан маҳрум қилиш қонунбузилиши ҳисобланади. Бундай вазиятда шахс ўз ҳуқуқини тиклаш учун шикоят қилиши ва ҳукмни бекор қилдиришга ҳақли бўлади.
Қонунчиликда нима учун шахснинг озодликда бўлишини чеклаш ёки маҳрум этиш жазо сифатида киритилганининг етарли сабаблари бор. Биринчи навбатда, бундан шахснинг ижтимоий хавфли қилмишни содир этишига барҳам бериш, етказилиши мумкин бўлган зарарларнинг олдини олиш ва бу одамни ахлоқан тарбиялаш каби мақсад кўзланади.
Шундай қилиб, шахснинг дахлсизлигини ҳуқуқини кафолатлашда давлатга икки карра масъулият юкланади. Биринчиси, ўзбошимчалик билан эркинлик чекланишидан ҳимоя мажбурияти бўлса, иккинчидан фақат қонунга асосланиб ва суд қарори билан бундай ҳуқуқдан маҳрум қилишни таъминлаши керак.
Шахсий ҳаёт дахлсизлиги (rigt to privacy)
Шахснинг туғилиши билан унда мавжуд бўладиган табиий ҳуқуқларидан бири унинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқидир. Шахснинг бевосита ўзига тегишли бўлган маълумотлари, шахсий ва оилавий сирлари, ёзишмалари унинг шахсий ҳаётини ташкил этади.
Фото: Andrew Bret Wallis/Getty Images
Конституциямизнинг 31-моддасида бундай ҳуқуқ кафолатланган. Унга кўра, ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Айтайлик, биров, ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими бўлса ҳам томдан тараша тушгандай сизнинг розилигингизсиз телефонингизни текширишга ҳаққи йўқ. Сабаби сизнинг телефонингиз ҳозирги кунда нафақат алоқа воситаси, балки сирларингиз манбаига айланиб улгурди. Суд қарори ёки қонунда белгиланган бошқа ҳолатлардан ташқари бундай сирлардан маҳрум этишга ҳеч ким ҳақли эмас. Агар шундай қилмиш содир этилса, буни содир этган кишини маъмурий жавобгарлик кутиб турибди. Яъни МЖтКнинг 46-1-моддасига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бундай қилмиш бир йил ичида қайта содир этилса, жиноий жавобгарлик ҳам келиб чиқиши мумкин.
Худди шунга ўхшаш телефон рақамингиз, турар жойингиз, объективкадаги ёки паспорт маълумотларингизни ҳам сизни розилигингизсиз тарқатилишига йўл қўйилмайди.
Мана шу ҳолатларда шахсий ҳаёт дахлсизлигига бўлган ҳуқуқингиз намоён бўлади.
Фарқ нимада?
Кўриниб турибдики, шахс дахлсизлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи шаклан бир-бирига ўхшаш туйилсада, аслида мутлақо бошқа-бошқа тушунчалардир.
Шахс дахлсизлиги ҳуқуқи кишининг жисман эркинликда бўлиши имконияти билан изоҳланса, шахсий ҳаёт дахлсизлиги унинг ўзига тегишли бўлган ахборотларга нисбатан ҳимоя ҳуқуқи мавжудлигини англатади.
Неъматулло Замонов,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.
Ҳадя қилинган уйни қайтариб олиш мумкинми?
Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.
Дунёдаги энг кичик ва энг катта Конституция қаерда?
Турли мамлакатлар Конституцияларининг қабул қилиниш жараёни билан боғлиқ бир нечта қизиқарли далиллар бор. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳозиргача конституцияси йўқ, аммо уларнинг орасида демократияни бошқарадиган вакиллари бор.
Поездда нечи килогача қўл юкини бепул олиб юриш мумкин?
Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги ЎРҚ-1006-Қонуни қабул қилинди. Унга кўра, йўловчиларнинг темир йўл транспортидан фойдаланиш ҳуқуқлари белгиланмоқда.