Ўзбекистон
10.12.2025
25

Давлат солиқ тизимини янгилаш, фуқаролар ва тадбиркорларга қулай муҳит яратиш бўйича кўп ислоҳотлар қиляпти. Бу жараён яна бир муҳим босқичга кирди – Президент солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш ва фаол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш бўйича қарор қабул қилди.
Ушбу қарор турмуш тарзимиз, маҳаллалар ривожига бевосита таъсир қилади. Қуйида янгиликларни кўриб чиқамиз.
Энг фаол 100 маҳалланинг ҳар бирига 2 миллиард сўм ажратилади
2026 йилдан бошлаб маҳаллалар солиқ тўловлардаги фаоллиги, кичик бизнеслар сони ва фуқароларнинг ўз вақтида солиқ тўлаш даражасига қараб баҳоланади.
Ғолиб маҳаллалар бир қатор қулайлик ва имтиёзларга эга бўлади.
Агар маҳалла “ташаббусли бюджет” доирасида икки марта кетма-кет ғолиб бўлса, унга кейинги икки мавсумда лойиҳа киритишни чекловчи қоида қўлланмайди. Яъни, фаол маҳалла ўз ғояларини ҳар мавсумда таклиф қилиш ва амалга ошириш имкониятини йўқотмайди.
Агар маҳалла аҳолиси лойиҳа қийматининг камида 25 фоизини ўзи қопласа, бундай ташаббус ғолиб деб топилади ва қолган 75 фоизини давлат ўз зиммасига олади.
Ҳар йили белгиланган мезонлар асосида илк 100 таликка кирган “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла”ларнинг ҳар бирига давлат бюджетидан 2 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағлар уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилади.
Амалда бу нима дегани? Агар маҳаллада фаол тадбиркорлар кўп бўлса, одамлар солиқни ўз вақтида тўлаб борса, маҳалла ўзига инвестиция тўплайди. Бу маблағ эвазига йўллар таъмирланади, болалар майдончалари қурилади... Ҳар бир фаол солиқ тўловчи ўз ҳаётини яхшилашга ҳам ҳисса қўшган бўлади.
Солиқ қаерга сарфланяпти? Энди ҳар бир фуқаро кўради
2026 йил 1 январдан “Очиқ бюджет” порталида махсус модуль ишга туширилади. У “Жисмоний шахсларнинг солиқлари ҳисобидан харажатлар” деб номланади ва ҳар бир фуқаро учун ўз ҳиссасини аниқ кўриш имконини яратади.
Порталда ҳар бир фуқаронинг маълум бир даврда тўлаган даромад, ер ва мол-мулк солиғи миқдори кўрсатилади. Айнан шу маблағлар ҳисобидан давлат томонидан амалга оширилаётган харажатлар (масалан, инфратузилма янгиланиши, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга қилинган сарфлар) тийин тийинигача кўриниб туради.
Наманганда солиқнинг янги тизими синовдан ўтади. У нима беради?
2026 йил 1 январдан Наманганда солиқ тизимида янги усул синовдан ўтказилади. Энди мол-мулк ёки ер солиғи бўйича 1 миллион сўмдан ортиқ қарздорликни ундиришда электр энергияси ҳисоб тизими билан боғлиқ автоматик механизм (биллинг) ишлайди.
Бу нима дегани? Агар кимнингдир солиқ қарзи белгиланган миқдордан ошса, бу ҳақда “Сизда шундай қарз бор” деган маълумот автоматик равишда электр энергияси ҳисоб тизимида чиқади. Бу тизим орқали солиқ хизмати ҳам, тўловчи ҳам ўз ҳолатини аниқ кўради. Шу тарзда солиқ йиғиш жараёни енгиллашади, вақт тежалади ва инсон омили камаяди.
Ижара солиқлари энди тўғридан-тўғри маҳаллага тушади
2026 йил 1 январдан бошлаб янги тартиб кучга киради: кўчмас мулкни ижарага берганлар тўлайдиган солиқлар энди тўлиқ миқдорда мулк жойлашган туман ёки шаҳарнинг маҳаллий бюджетига тушади.
Яъни, агар сиз уйингизни ижарага берсангиз ва солиқ тўласангиз, бу пул марказий бюджетга эмас, айнан ўзингиз яшайдиган ҳудудга хизмат қилади. Шу маблағлар ҳисобидан маҳалладаги йўллар таъмирланади, инфратузилма янгиланади, шароит яхшиланади, ҳудуд янада жонланади.
Янги қарор солиқ тизимини одамлар учун яқинроқ, тушунарлироқ қилади.
Дилмурод Ражабоев,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Имтиёз олган беморларга давлат бюджети ҳисобдан тиббий хизмат қандай тартибда кўрсатилади?
Ҳужжатга кўра, Низом беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартибини белгилайди.
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Наркожиноятлар учун жиноий жавобгарлик кескин оғирлаштирилади
Миллий дастурга кўра, Интернетдаги наркожиноятларга қарши курашишга ёшлар кенг жалб қилинади.
Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар
Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.