currencies image

12 920,48 UZS

7,79

usd

currencies image

13 436,01 UZS

26,20

eur

currencies image

130,17 UZS

0,51

ru



АсосийЯнгиликларЯнги йилнинг эски “кушандаси” ёхуд пиротехника воситалари учун жавобгарлик

Янги йилнинг эски “кушандаси” ёхуд пиротехника воситалари учун жавобгарлик

Ҳуқуқ

calendar

27.12.2024

eye

120

Янги йилнинг эски “кушандаси” ёхуд пиротехника воситалари учун жавобгарлик

Янги йил байрами яқинлашар экан, каттакичикнинг кайфияти чоғ бўлади. Оилавий, жамоавий байрам тадбирларига, кўнгилочар масканларга, концертлару байрам томошаларига борилади. Ҳамманинг кўзида қувонч, афтидан ҳаммаси яхши кетаётгандек… лекин “пақилдоқ”нинг овозини эшитиб, бир сапчиб тушасиз.

 

Пиротехника воситаларининг тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Дастлабки пиротехника эрамиздан аввалги II асрда қадимги Лиуянг (Хитой)да яратилган. Тахминларга кўра, биринчи табиий “пақилдоқ” бамбук поялари бўлиб, уларнинг юқори ва пастки қисми ҳаво чиқмайдиган даражада ўралган ҳолда оловга ташланганида, бамбук ичидаги бўш ҳаво ҳаддан ташқари қизиши туфайли кичик портлаш юзага келган. Хитойликлар бу табиий “пақилдоқлар” уларни ёвуз руҳлардан қўриқлашига ишонишган.

 Пиротехника воситалари инсон ҳаёти ва соғлиғи учун катта хавфдир. Унинг ҳар қандай тури зарарли. 

Жазо чоралари борми?

Бор, албатта. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185(1)-моддасига кўра, пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун қонуний жазо чоралари белгиланган бўлиб, пиротехника буюмларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 250-моддасида ҳам портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари белгиланган. Яъни, мазкур моддага кўра, портловчи, тез алангаланувчи, ўювчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одам ўлишига, бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, одам ўлишига сабаб бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ­ ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, ­улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш одамлар ўлимига, бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу жарима ва жазо чораларини қоғоз ва қалам олиб ҳисоблаб кўргандан кўра, пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик анча осонроқ. Қани эди ҳаммаси шунчаки жарима билан якунланса... Аслида пиротехника воситалари келтирадиган зарар бизнинг пулдан азиз бўлган соғлиғимизга, тириклигимизга хавф солади.

Билинг ва амал қилинг!

Яқинда бир шифокор танишим билан суҳбатлашиб қолдим. Ишонасизми, янги йилдаги қувончимизнинг “кушандаси” ҳисобланган пиротехника воситаларининг соғлиғимизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини эшитиб, ёқа ушладим. Уларни айримларини сизлар билан бўлишмоқчиман. Шифокор дўстимнинг айтишича, пиротехника таъсирида кўзларнинг шикастланиши кўриш қобилиятининг қисман ёки бутунлай йўқолишига олиб келиши мумкин экан.

Пиротехника воситаларини ўт олдириш оқибатида тананинг турли қисмларида, юз, қўл, оёқ, баданда оғир, яъни чуқур куйиш жароҳати юзага келиши мумкин экан. Худди шундай куйиш ҳолати юз берганда эса, беморнинг пластик операцияга муҳтожлик сезиши турган гап. Албатта, бу моддий томондан ҳам қийинчиликларни юзага келтириши мумкин.

Куйган тананинг аъзоларида дағал қора чандиқлар қолиши мумкин. Ҳатто айрим чандиқларга пластик операциянинг ҳам кучи етмаслиги мумкин.

 Юқоридаги ҳолатлардан айримлари кузатилганда эса, шифокор айтган тавсияларга риоя қилишни унутманг! Агар кўз шикастланса, кўзингизга биров тегишига ёки ишқаланишига йўл қўймаслигингиз керак. Чунки бу ҳолатда кўзга янада кўпроқ зарар етказилиши мумкин экан. Бундай пайтда ҳеч қачон кўзингизни сув билан ювманг ёки унга бирон бир малҳам суртишга уринманг!

Агар тананинг қайсидир қисми куйган бўлса, куйган жойни иложи борича тезроқ салқин сувда намлантиринг. Куйган жойдан кийимни олиб ташланг (агар у терига маҳкам ёпишмаган бўлса). Дарҳол тиббий ёрдам олинг.

Ўз фойдангизни ўйламанг!

Кўпинча, яширин пиротехника воситалари савдоси билан ўсмирлар, пулга муҳтож инсонлар ҳамда бу соҳани ўзига касб қилиб олган “бизнесменлар” шуғулланишади. Мени доим бир савол ўйлантиради. Уларнинг ўзи ўзи сотаётган маҳсулотларни оила аъзоларига ҳам раво кўришармикан?! Албатта, йўқ! Чунки, улар бу воситаларнинг ўзларига, оиласига қанчалар зарар келтиришини яхши билишади. Шундай бўлса-да, мўмай пул топиш, фойда олиш мақсадида уларни бошқаларга пуллаш билан овора.

Пиротехника воситалари учун пул ажратаётганимизда, бир лаҳзалик қувончимиз бир умрлик азобга айланиб қолишини, ундан ўзимиз, фарзандларимиз ҳам озор чекиши мумкинлигини унутмайлик, азизлар.

Беҳруз ЗУБАЙДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси

талабаси

Улашиш:

Бошқалар

14-декабр 2024, 07:32
2 643

Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.


4-декабр 2024, 10:53
2 114

Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.


2-декабр 2024, 12:51
1 088

Эр-хотин бир-бирига алимент тўлаш мажбурияти. Муҳим 5 жиҳат

Эр-хотин ажрашмаган тақдирда ҳам бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, иккинчи томон суд орқали алимент олиши мумкин.


8-декабр 2024, 09:29
968

Дунёдаги энг кичик ва энг катта Конституция қаерда?

Турли мамлакатлар Конституцияларининг қабул қилиниш жараёни билан боғлиқ бир нечта қизиқарли далиллар бор. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳозиргача конституцияси йўқ, аммо уларнинг орасида демократияни бошқарадиган вакиллари бор.