Ҳуқуқ
06.12.2024
119
Ижтимоий адолатли жамият барпо этишни ният қилган, инсон қадри улуғ бўлган, ишбилармонлик муҳити гуллаб-яшнайдиган ва мустаҳкам кафолатига эга бўлган давлат қуришни ўз олдига мақсад қилган ҳар қандай халқ давлатчилик ва ҳуқуқий тараққиётнинг машаққатли ва шарафли йўлини босиб ўтиши шартдир.
Мустақиллик сабаб ўз эркимизга эга бўлганимиз каби, ана шу эркинлигимизни кафолатлайдиган миллий қонунчилигимизга ҳам эга бўлдик. Барча ислоҳотлар-халқ фаровонлигини таъминлаш, инсонни эъзозлаш ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Бугун янги Ўзбекистон демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумеътироф этилган принцип ва нормаларга асосланган, пировард мақсади халқ учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган ижтимоий давлатга айланиш сари собит қадамлар ташламоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция «Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади», деган тамойилларга асосланган ҳолда ишлаб чиқилгани билан аҳамиятли.
Янги таҳрирдаги Конституция — том маънода инсон ва унинг ҳуқуқ ва манфаатларининг қалқонига айланди, десак, муболаға бўлмайди. Янги Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид 10 га яқин муҳим ҳуқуқий кафолатлар тақдим этилган. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши ҳамда қонунларнинг, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши, ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги, инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши, ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга бўлиши, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги каби кафолатлар инсон ҳақ-ҳуқуқларининг тўла-тўкис рўёбга чиқарилиши учун замин яратди.
Таъкидлаш жоизки, Конституция 1992 йилда қабул қилинганидан буён унга 15 маротаба киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг деярли барчаси асосан давлат ва жамият қурилиши, жумладан Президент, Парламент, Ҳукумат фаолияти, сайлов тизими ва бошқаларга тааллуқли бўлган.
Ўз навбатида, янгиланаётган Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган нормаларнинг ярмидан кўпи инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлса, киритилаётган ўзгартишларнинг 45 фоизидан ортиғи ижтимоий-иқтисодий масалаларни тартибга солади.
Конституцияда аҳоли ва жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари акс эттирилганлигини инобатга олиб, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ишонч билан «Бу менинг Конституциям» деб айта олади дейиш учун барча асослар мавжуд.
– Конституцияда илк маротаба ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга эканлиги ва ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Бунда, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ
ва фақат конституциявий тузумни, халқнинг соғлиғи ва маънавиятини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган даражасида чекланиши мумкинлиги белгиланди (21-модда).
Конституцияда сиёсати ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойилига қаратилган, фуқароларнинг муносиб турмуш даражаси ва сифатига эришишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга қаратилган ижтимоий давлат белгилари ўз ифодасини топди.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда ижтимоий тенгсизликни бартараф этишга, муносиб турмуш шароитларини яратиш; ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги учун давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулиятини кучайтиришга қаратилган нормалар мустаҳкамланди.
Конституциямизнинг 41-моддасида Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли дея белгиланган. Шу билан бирга, Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши, Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши 42-моддада мустаҳкамланган. Бунда Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради ва фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради.
Барчамизга маълумки, жамиятда барча муносабатларни қонун-қоидалар тартибга солади. Шундай экан, Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Конституциямиз ватанимизнинг давлатчилик тарихидаги ўтмиш сабоқларини, бугунги кун талабларини ҳамда келажак авлодлар олдидаги улкан масъулиятни жамлаган асосий қонундир.
Контитуциямизнинг 23-моддасида «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди» деган биргина норма бор эди. Энди эса бу банд 23-моддага ўзгартирилиб унга яна қўйидаги иккита қисм қўшилди. Яъни, «Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас» ва «Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади» каби қисмлар қўшилди.
Яна бир жиҳат, олдинги таҳрирдаги Конституциянинг 25-моддасида Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас дейилган. Янги таҳрирдаги Конституцияда эса бу модда 27-модда бўлиб унда мазкур йўналишдаги муносабатларни тартибга солиш жуда аниқ ва батафсил белгиланган.
Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.
Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.
Демак бу ерда жиноят процессуал кодексининг 226-моддаси айнан конституциянинг ўзида акс эттирилганини кўришимиз мумкин.
Шунингдек, Янги таҳрирдаги Конституция «Инсон – жамият – давлат» парадигмасига асослангани, унда барча аҳоли тоифаларининг, ҳатто жиноят содир этган шахслар ҳуқуқ ва манфаатлари акс этгани билан ўта муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида, жумладан, унинг 28-моддасида айбсизлик презумпцияси ҳамда «Миранда қоидаси» мустаҳкамланди. Ушбу модданинг биринчи қисмида жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши белгиланганмоқда. Олдинги таҳрирдаги Конституциянинг 26-моддасида эса жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди деб қайд этилган. Қиёслаб кўриш мумкинки, мазкур нормага «суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча» жумласи қўшилди. Бу жумла билан эса шахснинг жиноят содир этишда айбдор ёки айбдор эмаслигига оид нуқтани фақат суд қўйиши мумкинлигига урғу берилган.
Умуман олганда юқоридаги сингари бир қатор инсон ҳуқуқларига оид нормаларнинг Бош қомусимизда мустаҳкамланиши Конституция юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг шаъни ва қадри ҳимоячиси эканлигидан далолат беради.
Улашиш:
Бошқалар
Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.
Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.
Эр-хотин бир-бирига алимент тўлаш мажбурияти. Муҳим 5 жиҳат
Эр-хотин ажрашмаган тақдирда ҳам бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, иккинчи томон суд орқали алимент олиши мумкин.
Дунёдаги энг кичик ва энг катта Конституция қаерда?
Турли мамлакатлар Конституцияларининг қабул қилиниш жараёни билан боғлиқ бир нечта қизиқарли далиллар бор. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳозиргача конституцияси йўқ, аммо уларнинг орасида демократияни бошқарадиган вакиллари бор.