Ҳуқуқ
31.10.2024
296

1. Қандай ҳолларда якка тартибдаги тадбиркорлар ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳақли?
Давлат рўйхатидан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар банк ҳисобварағини очганидан кейин якка тартибдаги тадбиркор томонидан амалга ошириладиган фаолият турига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳақли.
2. Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинаётган ходим билан қандай шартнома тузилади?
Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинаётган ходим билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси ёки муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Бунда меҳнат шартномасининг муддати якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.
Ходим ва якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги меҳнат шартномасининг намунавий шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
3. Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинаётган ходимга меҳнат дафтарчасини қачондан бошлаб юритади?
Якка тартибдаги тадбиркорларда ишловчи ходимларга меҳнат дафтарчалари юритилмайди.
4. Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинган ходим билан иш ва дам олиш режими қандай белгиланади?
Иш режими, дам олиш кунларини ва йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ходим билан якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Бунда иш ҳафтасининг давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланганидан кўпроқ, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги эса қисқароқ бўлиши мумкин эмас.
5. Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинган ходимга нисбатан меҳнат шартларининг ўзгартирилишига йўл қўйиладими?
Агар технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги муносабати билан аввалги меҳнат шартлари сақлаб қолиниши мумкин бўлмаса, якка тартибдаги тадбиркор иш берувчи сифатида ходим меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган меҳнат вазифасини давом эттираётганида ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга ҳақли.
Бунда якка тартибдаги тадбиркор ходимнинг тарафлар томонидан белгиланган меҳнат шартлари ўзгартирилиши тўғрисида ходимни камида ўн тўрт календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириши шарт.
6. Ходим ва якка тартибдаги тадбиркор ўртасидаги меҳнат шартномасини бекор қилиш қандай тарзда амалга оширилади?
Ходим якка тартибдаги тадбиркор билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу тадбиркорни етти календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақли.
Ушбу огоҳлантириш муддати ходим ва якка тартибдаги тадбиркорнинг келишувига кўра қисқартирилиши мумкин.
Якка тартибдаги тадбиркор ходим билан тузилган меҳнат шартномасини унда назарда тутилган асосларга кўра бекор қилишга ҳақлидир.
7. Якка тартибдаги тадбиркорда ишлайдиган ходимларнинг меҳнат стажи ҳисобга олинадими?
Якка тартибдаги тадбиркорда ёлланиб ишлаш даврлари, башарти ижтимоий солиқ тўланса, ходимнинг меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.
Ходимнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш ижтимоий солиқ тўлаш тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.
Улашиш:
Бошқалар
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби: нималарни билиш муҳим
Барча ишлардан сўнг суд ажрими чиқарилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотган тақдирда қандай ҳаракат қилиш керак?
Бунда почта харажатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.
Ёлғон гувоҳлик бериш қандай оқибатларга олиб келади?
Суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси вақтида гувоҳ ёки жабрланувчининг атайлаб ёлғон кўрсатув бериши, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса тайёрлаши, шунингдек таржимоннинг маълумотни атайлаб нотўғри таржима қилиши ёлғон гувоҳлик бериш деб баҳоланади.
Биринчи иш йили учун меҳнат таътили тартиби ҳақида биласизми?
Бу ерда, ишчи ходимнинг узлуксиз 6 ой давомида ишлаганлик хусусияти муҳим аҳамият касб этади.