Life Style
14.11.2026
41

Сўнгги йилларда айрим шахсларнинг ўзгаларнинг фотосуратларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, уларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш ёки шарманда қилиш билан қўрқитиб, пул талаб қилаётгани ташвишли ҳолатдир. Бундай хатти-ҳаракатлар нафақат инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказади, балки қонун олдида жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради.
Яқинда судда ана шундай товламачилик жиноятига қўл урган шахснинг қилмишига ҳуқуқий баҳо берилди.
Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи А.А. таниши У.Э.нинг фотосуратларини интернет тармоғида “фирибгар” мазмунидаги ёзувлар билан тарқатиш, уни омма олдида шарманда қилиш билан қўрқитган. Бунинг эвазига эса 300 АҚШ доллари талаб қилган. Агар пул берилса, фотосуратларни интернетга жойлаштирмаслигини билдирган.
Таҳдид ва босим остида қолган У.Э. юзага келган вазият ҳақида танишига маълум қилган. Шундан сўнг улар тегишли органга ариза билан мурожаат этишган.
2026 йил 13 май куни соат 18:00 атрофида А.А. Яккасарой туманидаги “Ракатбоши” маҳалласи ҳудудида жойлашган савдо мажмуаси олдида жабрланувчининг танишидан 300 АҚШ долларини товламачилик йўли билан олаётган вақтида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган.
Суд иш ҳолатларини атрофлича ўрганиб, судланувчи А.А.нинг жабрланувчини шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб, уни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйишда ифодаланган ҳаракатларини Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан квалификация қилди.
Эътиборли жиҳати, судланувчи айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилган. 2026 йил 8 август куни Яккасарой туман прокурори томонидан ушбу илтимоснома қаноатлантирилиб, айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган.
Суд жазо тайинлашда А.А.нинг ёшлиги, оилавий шароити ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олди.
Шунингдек, унинг шахси, расман иш билан банд эмаслиги, оилада ягона боқувчи экани, муқаддам судланмаганлиги ҳамда жиноят оқибатида салбий натижалар келиб чиқмаганлигини ҳисобга олди. Натижада судланувчига жарима жазоси тайинлашни лозим топди.
Бундан чиқариладиган хулоса шуки, интернетдаги ҳар қандай таҳдид ёки босим ортида жиноий жавобгарлик туриши мумкин. Ўзганинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилиш орқали моддий манфаат кўришга уриниш қонунга зиддир.
Ёшлик – хатога йўл қўйиш учун баҳона эмас. Бир лаҳзалик ғаразли ният инсоннинг келажагига, оиласи ва яқинларининг хотиржамлигига соя солиши мумкин. Шу боис ҳар бир инсон ўз ҳаракатининг оқибатини англаб, ҳалол меҳнат ва қонуний йўлни танлаши лозим.
Ёрбек ИСКАНДАРОВ,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Мол-мулкка қанча вақт эгалик қилиш мулк ҳуқуқини вужудга келтиради?
Фуқаролик кодексининг 187-моддасида мол-мулкка эгалик қилиш муддати орқали мулк ҳуқуқини олиш тартиби белгиланган.
25 та сув омбори туризм масканларига айланиши мумкин
Ҳозирда 56 та сув омборининг бор-йўғи 4 тасида қутқарув хизмати мавжуд.
Ёлғон ахборот тарқатиш учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Текширилмаган ёки атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш жавобгарлик белгиланган.