Ҳуқуқ
14.03.2024
3 035
© Фото: Hudud24.uzЛавозим ошаётганда ҳам дастлабки синов муддати қўлланиладими? Синов муддатини оғзаки белгилаш мумкинми? Муддати қанча бўлади? Hudud24.uz бугун дастлабки синов муддати билан боғлиқ ҳуқуқий нормалар ҳақида батафсил маълумот беради.
1. Дастлабки синов қандай мақсадларда қўлланилади?
Дастлабки синов қуйидаги мақсадларда қўлланилади:
ходимнинг топширилаётган ишга мувофиқлигини текшириш;
ишни давом эттириш мақсадга мувофиқлиги ҳақида ходим томонидан қарор қабул қилиш.
2. Дастлабки синов бошқа ишга ўтказилаётганда ҳам қўлланиладими?
Йўқ, дастлабки синов фақат ходимни ишга қабул қилиш чоғида белгиланиши мумкин.
Ходим бошқа ишга ўтказилаётганда ва бошқа иш берувчига хизмат сафарига юборилганда дастлабки синов белгиланишига йўл қўйилмайди.
3. Дастлабки синов муддати қанча?
Дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилот раҳбари ва ўринбосари, бош бухгалтер ҳамда ташкилот алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги керак.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим ҳақиқатда ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига қўшилмайди.
4. Дастлабки синов муддати оғзаки қўлланилиши мумкинми?
Йўқ, дастлабки синов муддатини оғзаки қўллаш мумкин эмас. Дастлабки синовдан ўтиш меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши керак. Бундай шартлашув мавжуд бўлмаган тақдирда, ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.
5. Ўқишни энди тамомлаганларга ҳам дастлабки синов қўлланиладими?
Йўқ, ўқишни тамомлагандан кейин 1 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчиларга дастлабки синов қўлланилмайди.
Бундан ташқари қуйидагилар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди:
– ҳомиладор аёл, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий);
– захирадаги иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлганлар;
– грант асосида ўқиган ва ОТМни тамомлаган кундан 3 ой ичида йўлланма бўйича ишга кираётган битирувчилар;
– олти ойгача меҳнат шартномаси тузилаётганлар;
– 18 ёшга тўлмаган шахслар;
– ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша шахслар;
– ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчилар;
– жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва иш берувчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ходимлар.
6. Дастлабки синов даврида ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаши мумкинми?
Дастлабки синов муддати тугагунигача ходим иш берувчини камида 3 кун олдин ёзма огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.
Ёдда тутинг! Дастлабки синов муддатида ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида иш берувчини 14 кун олдин огоҳлантириши талаб этилмайди. Ушбу муддат камида 3 кун.
Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини дастлабки синов даврида бекор қилиш учун ходимнинг ёзма аризаси асос бўлиб, унда ходимнинг меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тугатиш истаги акс эттирилиши керак. Бунда ходимни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ундаган сабаблар аҳамиятга эга эмас.
7. Дастлабки синовдан ўтолмаган ходимлар ишдан бўшатиладими?
Иш берувчи синов натижаси қониқарсиз бўлганда, ходимни синовдан ўтмаганлигининг сабабларини кўрсатган ҳолда ўз ташаббусига кўра ходимни ишдан бўшатиши мумкин.
Ёдда тутинг! Агар меҳнат шартномасида назарда тутилган дастлабки синов муддати тугаган бўлса, меҳнат шартномасининг амал қилиши давом этади ва келгусида уни бекор қилишга умумий асосларда йўл қўйилади.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.
Ходимларга қандай ҳолатларда “байрам пули” тўлаб берилади?
Иш берувчининг мукофот пули тўлаш мажбурияти Меҳнат кодексида бевосита келтирилмаган, бироқ...