Ҳуқуқ
17.09.2024
867
Йўл четидан қимматбаҳо узук топиб олдим. Унга эгалик қилишим мумкинми?
Ушбу саволга Фуқаролик кодексининг 192, 193 ва 194-моддаларида батафсил жавоб берилган.
Унга кўра, йўқолган ашёни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёки ашё эгасини ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзга маълум шахслардан биронтасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариши шарт.
Башарти, ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспорт воситасининг эгаси бўлмиш шахсга топширилмоғи лозим. Топилма топширилган шахс ашёни топиб олган шахснинг ҳуқуқларини қўлга киритади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.
Башарти, топилган ашё қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.
Ашёни топиб олган шахс уни ўзида сақлаб туришга ёки сақлаш учун ички ишлар органи, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёхуд улар кўрсатган шахсга топширишга ҳақлидир.
Агар йўқолган ашёни олишга ҳақли бўлган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига ёки тегишли давлат органига хабар қилинган пайтдан эътиборан олти ой мобайнида аниқланмаса ҳамда ашёни топган шахсга ёхуд ички ишлар органига, тегишли давлат органига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ушбу ашёга бўлган ўз ҳуқуқи тўғрисида арз қилмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади.
Башарти, ашёни топиб олган шахс топилган ашёни мулк қилиб олишдан бош тортса, ашё давлат мулкига ўтади.
Ашёни топиб олган ҳамда уни олишга ҳақли бўлган шахсга қайтариб берган шахс ана шу шахсдан, ашё давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтган ҳолларда эса — тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан ашёни сақлаш, топшириш ёки сотиш билан боғлиқ харажатларни, шунингдек ашёни олишга ҳақли бўлган шахсни топиш учун кетган харажатларни ундириш ҳуқуқига эга.
Ашёни топиб олган шахс уни олишга ҳақли бўлган шахсдан топилма учун ашё қийматининг йигирма фоизига қадар миқдорида мукофот талаб қилишга ҳақлидир.
Башарти, топиб олинган ҳужжатлар ёки ўзга ашёлар уларни олишга ҳақли бўлган шахснинг ўзи учунгина қимматга эга бўлса, мукофот миқдори шу шахс билан келишув асосида, келишувга эришиб бўлмаган тақдирда эса — суд орқали белгиланади. Топилган ашёни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли бўлган шахс топилма учун кўпчилик ўртасида мукофот ваъда қилган бўлса, у кўпчилик ўртасида ваъда қилинган мукофотни ўша шартларга мувофиқ тўлайди.
Башарти, ашёни топиб олган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган бўлса ёки уни яширишга уринган бўлса, мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди.
Улашиш:
Бошқалар
Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб
23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.
Иш вақти ҳақида муҳим 8 саволга жавоб
Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.
«Самосуд» учун қандай жавобгарлик бор?
Ҳар бир жамиятда барқарорлик ва ривожланиш тартиб-интизом, ҳуқуқлар ва эркинликларнинг таъминланганлиги, умуман олганда ҳуқуқлиликнинг қарор топгани билан баҳоланади. Азалий қонуният шу.
Меҳнат шартномаси бўйича нималарни билиш керак? Муҳим қоидалар
Мазмунан меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган фуқаролик шартномаларини тузиш тақиқланади. Яъни фуқаролик шартномасида меҳнат муносабатларига оид шартлар кўзда тутилмаслиги лозим.