Ҳуқуқ
16.01.2025
63
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-267-сонли қарорига асосан ижтимоий карта ахборот тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Ижтимоий карта – бу ногиронлиги бўлган шахснинг ягона ижтимоий хизматлардан фойдаланишдаги ва тўловларни амалга оширишдаги пластик картаси ҳисобланади.
Бундан кўзланган мақсад шахсларни ортиқча оворагарчиликлардан халос этиш ва уларга ижтимоий қулайликларни яратишдир. Бунда барча ижтимоий хусусиятга эга хизматлар, тўловларни амалга ошириш усуллари босқичма-босқич автоматлаштирилиб борилади. Ушбу карталар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий карталар банк пластик карталарининг ўрнини эгаллайдими?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 июлдаги ПҚ – 267-сонли Қарорига асосан, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб ушбу турдаги карталардан қуйидагиларга тўлов амалга оширилади:
• янги тайинланадиган ижтимоий тўловлар;
• хизматлар ва имтиёзлар.
Шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ваучерлар қийматида протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация техник воситаларини харид қилиш тажриба тариқасида ижтимоий карталар орқали амалга оширилади.
Масалан, ҳозирда ногиронлик пенсияси ва бошқа тўловлар, саломатлик учун харид қилинадиган протезлар банк пластик карточкалари орқали амалга оширилмоқда. Янги жорий этилиши кутилаётган амалиёт орқали шахслар мазкур турдаги тўловларни ижтимоий карта орқали амалга оширадилар.
Эслатма! Мазкур амалиёт дастлаб тажриба тариқасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жорий қилинмоқда.
Ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатлар ўрнига ижтимоий карталар жорий этиладими?
Юқоридаги Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидагиларнинг қоғоз шакллари бекор қилиниб, ўрнига ижтимоий карта жорий этилади:
• Ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар;
• Талабалик гувоҳномалари, ўқувчи гувоҳномалари;
• Уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс гувоҳномалари.
Масалан, Сиз II гуруҳ ногирони ҳисобланасиз ва Сиз ўз имтиёзларингиздан фойдаланмоқчи бўлиб давлат ташкилотларига мурожаат қилдингиз. Бундай ҳолларда ҳозирда ногиронлигингизни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишингиз лозим эди. Лекин, янги тизимда эса Сизнинг ногиронлик ҳолатингизни ҳуқуқий-фактик жиҳатдан тасдиқловчи ҳужжат ижтимоий карта ҳисобланади.
Ногиронлиги бўлган шахслар жамоат объектларидан эркин фойдаланишлари учун ижтимоий карталарнинг роли қандай?
2025 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидагиларга жамоат транспорти, темир йўл, авиа ва йўналишли такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар ижтимоий карталарда тақдим этилади:
• Ногиронлиги бўлган шахслар;
• Ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари.
Масалан, сиз метро ёки бошқа жамоат транспортларидан имтиёзли тарзда фойдалансангиз, сизга ижтимоий карта берилади. Уни кассир, кузатувчи ёки ҳайдовчига тақдим этган ҳолда, бепул фойдаланишингиз мумкин.
Шунингдек, давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша ва бошқа тадбирларга бепул ёки қисман тўлов билан ташриф буюриш учун имтиёзлар жорий этилади. Бундай объектларга кириш чипта операциялари тизими асосида тартибга солинади.
Ижтимоий карта орқали харидлар амалга оширишнинг қандай афзалликлари мавжуд?
2025 йил 1 июлдан бошлаб, худди шундай тартибда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахсларга ҳам имтиёзлар берилмоқда. Яъни, уларга қонунчиликда белгиланган товарлар (хизматлар)ни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаси бир иш куни ичида қайтарилади. Бунда солиқ органларининг мобил иловаси орқали харид чекининг фискал штрих-код белгисини сканерлаш талаб этилмайди.
Масалан, харидор ўз харидларини амалга оширгандан сўнг, кассир унга солиқ чекини тақдим этиши зарур. Харидор эса чекни сканерлаш орқали тўлов миқдорининг 1 фоизи миқдорида рағбатлантирилади. Бироқ ногиронлиги бўлган шахс ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да рўйхатда турса, солиқ чекини сканерлаши шарт эмас. Чунки мазкур 1 фоизлик қайтариладиган сумма автоматик тарзда солиқ ҳисобига қўшиб қўйилади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб, ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали бериш ҳуқуқи белгиланмоқда. Бунда пенсия олувчилар ўз хоҳишларига кўра ушбу ҳуқуқни амалга ошириши мумкин. Яъни Сиз 2025 йил октябр ойидан бошлаб ўз хоҳишингизга кўра, нафақаларни ижтимоий карта орқали олишингиз мумкин бўлади.
Улашиш:
Бошқалар
Президент барча тадбиркорларга мурожаат қилди
Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи, – деди президент.
Республика бюджети харажатлари қарийб 10 триллион сўмга оширилмоқда
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама этилди.
Ишдан бўшатиш нафақаси 200 фоизгача тўланади
Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади.
Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг янги тизими йўлга қўйилади
Фармонга кўра, маҳаллий ҳокимликлар масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг ташаббускорлиги, ислоҳот ва ўзгаришларга “эгалик қилиш” ролини кучайтиришга қаратилган тизим жорий этилади.