currencies image

12 704,02 UZS

100,50

usd

currencies image

14 871,33 UZS

194,53

eur

currencies image

162,43 UZS

1,49

ru



АсосийЯнгиликларМеҳнат муносабатларида жамоа шартномаси орқали қандай масалалар ҳал этилади?

Меҳнат муносабатларида жамоа шартномаси орқали қандай масалалар ҳал этилади?

Life Style

calendar

23.07.2025

eye

48

Меҳнат муносабатларида жамоа шартномаси орқали қандай масалалар ҳал этилади?

Бугунги кунда, иш берувчи ва меҳнат жамоаси ўртасида юзага келадиган меҳнат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ниҳоятда муҳим долзарб масалалардан бирига айланди. Сабаби, меҳнат муносабатларида юзага келадиган қўшимча музокара ҳамда келишувлар орқали меҳнат жамоасининг умумий ҳуқуқ ҳамда манфаатлари таъминланади.

Жамоа шартномаси ташкилотда ёки якка тартибдаги тадбиркорда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.

Жамоа шартномаси умуман ташкилотда, унинг алоҳида бўлинмаларида тузилиши мумкин.

Ташкилотнинг алоҳида бўлинмасида жамоавий музокараларни ўтказиш, жамоа шартномасини имзолаш чоғида ходимлар манфаатларини ифода этиш ҳуқуқи ушбу бўлинма ходимларининг вакилларига берилади.

Жамоа шартномаси ёзма шаклда тузилади.

Жамоа шартномасининг мазмунини ва тузилишини унинг тарафлари белгилайди.

Жамоа шартномасига иш берувчининг ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:

— меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;

— нархларнинг ўзгаришидан, инфляция даражасидан, жамоа шартномасида белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми;

— ходимларнинг бандлиги, уларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, уларни ишдан бўшатиш шартлари;

— иш вақти ва дам олиш вақтининг, таътилларнинг давомийлиги;

— ходимларнинг, шу жумладан аёлларнинг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ҳамда меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экологик хавфсизликни таъминлаш;

— ташкилотни, идорага қарашли уй-жойни хусусийлаштириш чоғида ходимларнинг манфаатларини ҳисобга олиш;

— ишни таълим билан қўшиб олиб бораётган ходимлар учун имтиёзлар;

— ихтиёрий тиббий ва ижтимоий суғурта;

— иш берувчи томонидан ходимларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар киритиш миқдорлари ва муддатлари;

— жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат қилиш, тарафларнинг жавобгарлиги, касаба уюшмаси қўмитаси фаолият кўрсатиши учун нормал шароитлар билан таъминлаш.

Ташкилотнинг иқтисодий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда, жамоа шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга нисбатан имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга устамалар, муддатидан олдин пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатларини компенсация қилиш, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг фарзандларини умумий ўрта таълим ташкилотларида ва мактабгача таълим ташкилотларида бепул ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, уяли алоқа, Интернет жаҳон ахборот тармоғи учун ҳақ тўлаш, олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун ссудалар тўлаш ва ҳақ тўлаш, бошқа қўшимча имтиёзлар ва компенсациялар) ҳам бўлиши мумкин.

Агар қонунчиликда қоидалар жамоа шартномасида албатта мустаҳкамлаб қўйилиши шартлиги тўғрисидаги тўғридан-тўғри кўрсатма мавжуд бўлса, ушбу қоидалар жамоа шартномасига киритилади.

Улашиш: