currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларҲар бир ишлайдиган аёл билиши керак бўлган 10 та муҳим кафолат

Ҳар бир ишлайдиган аёл билиши керак бўлган 10 та муҳим кафолат

Аҳолига имтиёзлар

calendar

27.11.2026

eye

43

Ҳар бир ишлайдиган аёл билиши керак бўлган 10 та муҳим кафолат

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш ҳамда ҳеч қандай камситишсиз адолатли меҳнат ҳақи олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, Меҳнат кодексида аёлларни ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва иш ҳақини камайтириш тақиқланиши ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Амалиётда эса кўпчилик аёллар ушбу кафолатлардан бехабарлиги сабабли улардан фойдаланмай қолмоқда. Қуйида уларнинг энг муҳимларини санаб ўтамиз.

Хўш, улар қайсилар?

1. Ҳомиладорлик учун ишга олмаслик тақиқланади. Конституциянинг 42-моддаси ва Меҳнат кодексининг 392-моддасига кўра, ҳомиладорлик ёки фарзанд борлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

2. 126 кунлик декрет таътили. Меҳнат кодексининг 404-моддасига кўра, туғруққача 70 ва туғруқдан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечганда ёки эгизак туғилганда 70 кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади.

3. Декрет пули. Таътил даври учун ўртача ойлик иш ҳақининг камида 75 фоизи миқдорида нафақа тўланади. 2026 йил 1 январдан бу нафақа Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан тўланмоқда.

4. Бола парвариши таътили. Меҳнат кодексининг 405-моддасига кўра, бола 2 ёшга тўлгунга қадар нафақа тўланадиган, 3 ёшга тўлгунга қадар эса иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилади. Бу даврда иш жойи сақланади.

5. Қисқартирилган иш вақти. Бюджет ташкилотларида ишлайдиган, 3 ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирига иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган иш вақти белгиланади.

6. Болани овқатлантириш учун танаффус. 2 ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирига камида ҳар 3 соатда камида 30 дақиқалик қўшимча танаффус берилади. Бу вақт иш вақтига киради ва ҳақ тўланади.

7. Тунги ишга фақат розилик билан. Ҳомиладор аёллар ва 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бири тунги ишга, иш вақтидан ташқари ишга, дам олиш кунлари ишлашга ва хизмат сафарига фақат ёзма розилиги билан жалб қилинади.

8. Қўшимча таътил. Белгиланган тоифадаги ота-оналарга ҳар йили камида 4 календарь кунлик ҳақ тўланадиган қўшимча таътил ва хоҳишига кўра 14 календарь кунгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилади.

9. Ишдан бўшатишдан ҳимоя. Ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

10. Енгилроқ ишга ўтказилиш ҳуқуқи. Ҳомиладор аёл тиббий хулосага мувофиқ енгилроқ ишга ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилишини талаб қилишга ҳақли. Бунда унинг аввалги ишидаги ўртача иш ҳақи сақланади

Муҳим жиҳатлардан бири шуки, болани парвариш қилиш билан боғлиқ кафолатларнинг аксарияти Меҳнат кодексида “ота-онадан бирига” берилган. Яъни улардан ота ҳам фойдаланиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, оналик аёлнинг меҳнат ҳуқуқларини чеклашга асос бўла олмайди. Ҳуқуқингиз бузилса, давлат меҳнат инспекцияси, касаба уюшмаси ёки судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Садоқат Холматова,
Адлия вазирлиги масъул ходими

 

Улашиш: