Ҳуқуқ
09.08.2024
468

Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий партиялар бу жараёндаги чора-тадбирларни амалга оширишга улкан масъулиятни ҳис этган ҳолда ёндашмоқда.
Ҳозирги пайтда имзо тўплаш жараёни қизғин тус олмоқда. Имзо варақаларини тўлдириш тартиби ва бу борада қатъий амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар сайловчиларга тушунтирилмоқда. Қонунчиликка мувофиқ, сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда олиб борилмоқда.
1990 йилда ЕХҲТ Копенгаген ҳужжатида номзодларни сайланиш ҳуқуқи ҳақида фикр юритилиб, ушбу ҳуқуқ фуқароларнинг асосий фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф қилинади. Мамлакатларда сайлов органлари одатда номзодларни рўйхатга олиш учун жавобгар ҳисобланади. Барча даъвогарлар эркин ва тенг шарт-шароитларда сайловда номзод сифатида қатнашиш имкониятига эга бўлиши зарур.
Сайлов қонунчилигига мувофиқ, сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин. Белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳар партиянинг ваколатли вакилига берилади. Битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоизи имзосини тўплаши мумкин.
Ҳозирда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларга тайёргарлик ишлари Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий равишда амал қилган ҳолда олиб борилмоқда. Имзолар тўпланишини ташкил этиш учун сиёсий партияларнинг туман, шаҳар кенгашлари ва ижроия қўмиталари аъзолари, партияларнинг туман, шаҳар ташкилотлари ходимлари орасидан масъул шахслар тайинланади. Шунингдек, сиёсий партиялар бошланғич ташкилотлари раҳбарлари ҳам имзолар тўплашни уюштириши мумкин. Ҳозирда мамлакатимизда имзо тўплаш жараёнида фуқароларимиз холис иштирок этмоқдалар.
Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларда имзолар тўплаш жараёнининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Ушбу қоида демократик мезонлардан бири бўлиб, сайловда имзо тўплашда фуқароларнинг ўзи хоҳлаган бир ёки бир нечта сиёсий партияларга эркин муносабат билдириши имконини яратади. Сабаби, фуқаролар ўзи ишонч билдирган номзод ёки сиёсий партияни танлайдиган жараён айнан сайлов куни рўй беради. Бу жараён фақатгина имзо тўплаш жараёни, холос.
Шунингдек, имзо варақаларини тўлдиришда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг ёки идентификация ID-картасининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек, имзо қўйилган санани кўрсатади. Мазкур маълумотлар қўлда ёзиб киритилади. Имзо варақасига ўз имзосини қўядиган сайловчи тўғрисидаги маълумотлар сайловчининг илтимосига кўра, имзо тўплашни амалга ошираётган шахс томонидан киритилиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилмоқда. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Имзо варақаси имзони тўплаган шахс томонидан ўз фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзоланади, шунингдек, тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан муҳр босиб тасдиқланади. Дарҳақиқат, бугунги кунда фуқароларимизнинг сиёсий фаоллиги анча ўзгаргани, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларига сайлов жараёнларига уларни бефарқ эмаслиги, аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини айнан имзо йиғиш жараёнида фаол иштирок этаётганидан билиб олса бўлади. Сабаби, ушбу жараёнда улар томонидан сайлов қонунчилигида кўрсатилган барча талаблар доирасида, ҳар бир сиёсий партияни синчиклаб ўрганиб, қўллаб-қувватлаш учун имзо варақаларига имзо қўймоқдалар.
Сайлов кодексининг 39-моддасига мувофиқ, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан текширилади. Унга кўра, сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан текширилади ва текширув ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида сиёсий партияларга олдиндан хабар берилади. Сайлов қонунчилигига кўра, текшириш учун сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг миқдорда танлаб олинади.
Шунингдек, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини Марказий сайлов комиссияси томонидан текшириш жараёнида иштирок этади. Марказий сайлов комиссияси томонидан имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳи тузилади ва ушбу гуруҳ таркибига ички ишлар ва адлия органларининг хатшунос экспертлари, мутахассислари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади.
Сайловда иштирок этишга рухсат берилган сиёсий партиялар республикамизнинг барча ҳудудларида имзо тўплаш жараёнлари якунлангандан сўнг, сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади. Сайловчилар имзолари зарур миқдорининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилади.
Эслатиб ўтамиз, имзо тўплаш жараёнлари жорий йилнинг 15 август куни якунланади. Республиканинг барча ҳудудларида аҳолининг турли қатламлари вакиллари ўз ихтиёри билан, кўтаринки кайфиятда, энг муҳими, зиммаларидаги бурч ва масъулиятни чуқур англаган ҳолда сиёсий партияларнинг сайловларда иштирок этишига хайрихоҳлик билдирмоқдалар.
Ахрор Худойбердиев,
юридик фанлари доктори, профессор
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.