currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларКўзи ожизлар чет тилларини қандай ўрганишади? – IELTS’дан 7.0 натижани қайд этган Хайрулла Руҳиддинов билан суҳбат

Кўзи ожизлар чет тилларини қандай ўрганишади? – IELTS’дан 7.0 натижани қайд этган Хайрулла Руҳиддинов билан суҳбат

Ўзбекистон

calendar

06.11.2023

eye

697

Кўзи ожизлар чет тилларини қандай ўрганишади? – IELTS’дан 7.0 натижани қайд этган Хайрулла Руҳиддинов билан суҳбат

Паркентлик Хайрулла Руҳиддинов юртимиздаги кўзи ожизлар орасида IELTS имтиҳонидан 7.0 натижани қайд этган илк номзод. Мактабда дарс беради. Вилоятларда ҳам ўқувчилари бор – онлайн машғулотлар ўтказади. Бир муддат ўқув марказида ҳам репетиторлик қилган. Унинг инглиз тилини ўрганиш методи ўзига хос. IELTS’ни ҳам шунчаки тизим деб билади: билим даражасини тўлиқ белгилай олмаслигини таъкидлайди. Hudud24.uz билан суҳбатда Хайрулла хорижий тил масаласи қатори кўзи ожизларни қийнаётган муаммоларга тўхталди, оғриқли нуқталар қаерда эканини изоҳлади. Хайрулла Руҳиддинов – 28 ёш. Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Хорижий тил ва адабиёт факультетини тамомлаган. Тошкентдаги Вебстер университетида магистратурани тугатган. 2021 кўзи ожизлар орасида биринчи бўлиб TESOL сертификатини олган. 2023 йили IELTS’дан 7.0 натижани қайд этган. Ҳозирда Паркент туманидаги 1-мактабда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишламоқда. https://youtu.be/_diIE7lYztg Нега инглиз тили? Устозларимизнинг таълими, дарсдаги методлари орқали тил ўрганишга қизиққанман. Кейинчалик тушуниб етдимки, инглиз тилини танлаб ўринли қарор қилган эканман. Қайси соҳани олмайлик, тиббиётми, социология, иқтисодиёт, таълимми – барча соҳадаги энг сўнгги нашр этилаётган маълумотлар айнан инглиз тилида. Инглиз тили – ҳар бир соҳанинг калити. Танлаган соҳангиздаги ютуқларни халққа бермоқчи бўлсангиз, бу тил калит бўлиб хизмат қилади. Бошқа тилларга қараганда инглиз тилини ўрганишда ўзимда яхшироқ натижани сездим. Тил ўрганишда самарадорлик юқори бўлгани учун шу тилда қолдим. IELTS – инглиз тилидаги даражани тўлиқ аниқлаб бермайди Инглиз тили ҳақида гапирганда юртимизда бу тил қатори IELTS тушунчаси анча оммалашди. IELTS’ни кўпчилик ўзининг дунёқараши, фикрлашидан келиб чиқиб турли талқин этади. Бу —  тизим, тил билиш даражангизни буткул, тўлиқ аниқлаб бермайди. Халқаро университетларда, ўзимизда ҳам IELTS’га талаб юқори. Буни яхши баҳолайман ва муносабатим ижобий. Танганинг икки тарафи бўлганидек, бунинг ҳам яхши-ёмон томони бор. Илгариги инглиз тили ўқитиш тизими анъанавий усулда олиб бориларди. Устоз ўқувчининг фақат грамматикасига урғу берарди. IELTS сабаб эса ёшларимиз инглиз тилида мулоқот қилишни ҳам ўрганишяпти, халқаро ёшлар билан фикр алмашиш имконига эга бўлди. Бу катта ютуқ, менимча. Билимни кучайтирмай, IELTS тизимида қотиб қолиш ёмон. Ўқув марказлари ҳаддан ташқари кўп ва уларнинг бўрттирма рекламаларига кўзимиз деярли ҳар куни тушади. Аслида, тил ўрганиш 3 ойда тугайдиган иш эмас. Ҳатто умрнинг сўнгигача давом этади бу жараён. Мен ўзбек тилиниям мукаммал биламан деб айтолмайман. Бир устозимиз айтганди, биз ўтин кесиш учун ўрмонга юборилдик ва кўп вақтимизни шу ишга сарфладик, аммо болтамизни чархламадик. IELTSга тайёргарликни шунга ўхшатиш мумкин. Инглиз тилини маълум даражада ўрганишяпти ва ўша даражага тинимсиз урғу беришяпти. Талабалик пайтимиз уқтиришарди: тил ўрганиш қийналадиган, азият чекадиган, уйқудан қоладиган жараён эмас. Агар тизимли, тўғри йўлга қўйилса, кунига икки соатдан вақт ажратсак, бир йил давомида мунтазам ўқисак, яхши кўрсаткичга эришиш мумкин. Биринчи навбатда, тил ўрганишда тўғри қадамни ташлай билиш шарт. Инглиз тилини чиройли маромга келтириб олгач, IELTS тизимини ўрганиш баланд балл олишга кафолат беради. IELTS’дан баланд балл олишни эмас, танлаган соҳамизда тил орқали ўзимиздан кейин нимадир қолдиришни кўзлаш шарт. Ёшларда эса нотўғри тушунча шаклланяпти: IELTS олсак – биз зўрмиз. Тасаввур қилайлик, Америкада ўқийдиган, IELTS’дан икки хил натижага эга икки талабанинг фарқи тил билиш даражасида эмас, танлаган соҳаси, эришаётган ютуғи, нима иш қилаётганида билинади. Ўзим гувоҳиман, айримлар бир кунини тўлиқ IELTS тайёргарлигига бағишларди. Ҳаёти фақат шундан иборат эди. Бу муайян қолипда қотиб қолишгаям сабаб бўлади. Киши ўзи қизиққан мавзу ва соҳасига оид материалларни аста-секин ўрганаверса, кун келиб инглиз тилидаги даражаси яхшиланганини бирдан пайқайди. Айтайлик, у физик бўлса, нафақат хорижий тилни пухта ўрганади, яна физикадаги билимлари мустаҳкамланади. Соҳасига уйғунлаштириб, параллел қилиб тил ўрганса, айни муддао. Кўзи ожизлар учун қўлланмалар деярли йўқ Бизда брайлча материаллар билан таъминланиш анча мураккаб ҳолатда. Тўғри, IELTS’га алоқадор айрим материалларни босмадан чиқариб, шуғулландим, лекин бунга кўпам диққат қаратмадим. IELTS ичида яшадим, деб айтолмайман 7.0 даражага чиқиш учун. Мен, одатда, general English’га урғу бераман. Дунё хабарларининг аудио шакли, TedTalk’лар эшитиб юраверардим. Турли соҳа вакилларининг маърузаларини тинглаш ҳар тарафдан ёрдам берган менга. Тиббиёт, психологияга оид янгиликларни ўқиб-ўрганиб, ишда, дарсимда қўллашга ҳаракат қилдим. Бу фойда берди. Кўзи ожизлар инглиз тилини чуқур ўрганмай туриб, IELTS имтиҳонига кира олмайди. Чунки оддий ўқувчидаги 2-3 варақ чиқадиган reading материали бизда 10 бетдан кўп бўлиб кетади. Кўзимиз билан матндаги сўзни тез ва аниқ белгилай олмаганимиз учун ўқиш қийин кечади. Бир қўлимиз саволлар китобида, бир қўлимиз матнда бўлади. Тил кўникмасини яхшиламай, IELTS ҳақида ўйламай турган маъқул. Кўзи ожизлар учун қўлланмалар деярли йўқ. Кўплаб китобларимиз расмлардан иборатлиги учун уларни брайлчада акс эттириш қийин масала. Шу сабаб айрим машқ ва топшириқларни бироз ўзгартириб, расмдан сўзга ўзгартириб бажаришимизга тўғри келади. Бу жуда оғир жараён. Ўзбекистон жаҳон тиллари университетидаги устозимиз Ёқутхон Шарипова биринчилардан бўлиб даража китобларининг маълум бобларини чиқаришга улгургандилар. Машқли вариантларни матнга ўзгартиргандилар. Биз инглиз тилида сўзлашувчи миллат эмасмиз. Инглизлар чиқарган материалларни ўзгартирсак, ундаги табиийлик ва тилнинг ўзига хос табиатини ўқувчига етказиб беролмаймиз деб қўрқаман. Маълумотнинг оригиналда эмаслиги мени қўрқитади. “Сиз шунақа бўлиб туриб қандай қилдингиз?” — бундай саволларни ёмон кўрамиз Биз кўзи ожизлар учун материалдан кўра устоз муҳим. Ўқувчиларимдан бири ҳозир Самарқанддаги мактабда ишлайди. Яна бошқаси журналистикада ўқийди. 2-3 таси яна ўқитувчи. Қашқадарёлик Шокир ака китобларни брайлча алифбода имкон қадар босмадан чиқариб, тарқатадилар, катта ёрдам берадилар. Оммавий ахборот воситаларида ногиронларниям оддий одамлар билан бир қаторда кўрсатишларини хоҳлардим. Бу стереортипни бузиш муҳимдир. Таксида кетаётсам, ҳайдовчи ҳолатимни кўриб, писанд қилмай муомала қилди. Шунда кимдир телефон қилганди, инглиз тилида сўзлашишимга тўғри келди. Гапиришимни эшитиб, “И-е, ака, сиз инглиз тилини биласизми? Мана бундай сиз-ку!” деди. “Мен шу-шу жойларда ўқиганман” деганимдан кейин: “Ў-ў, танишиб қўяйлик!” деб рақамимни олди. Одамларимизда “ногирон бўлса қанақа бўларкин” деган тушунчани йўқотишимиз керак. Кузатишимча, АҚШда ногирон профессорлар, илмий иш қилаётганлар бор. Улар ҳам оддий ўқувчилари билан бирга фаолият олиб боради. Ўзларига яраша шароит яратиб берилгач, уларданам натижа талаб қилинади. Бир устозимиз айтганди: ногиронлар ҳам негатив талқин этилади кўпинча, деб. Масалан, нимага ялмоғиз чўлоқ қилиб тасвирланади? Ўзбекистонда банк соҳасида кўзи ожизларни кўрмаймиз. Лекин Туркияда шу соҳада ишлайдиган кўзи ожизлар бор экан. ОАВда ногиронларни ажратиб кўрсатмайдиган лойиҳа, кўрсатувлар керак. Шунда ногиронлиги бор шахс ҳам ногиронлигини унутиб юбориши мумкин. “Сиз шунақа бўлиб туриб қандай қилдингиз?” деган саволни ногиронлиги бор шахслар ёқтирмайди. Инклюзив таълим соатлари жуда-жуда кам Вебстер университети Америкада жуда бир топ даражадаги университетлардан эмас. Мавқеиям жуда баланд эмас. Лекин Сент-Луисдаги филиалида имконяти чекланганлар учун ҳамма қулайлик яратилган, принтерларгача бор экан. Бизда ҳам университетларга брайл принтерларини қўйиш, Миллий университет, Низомий номидаги давлат университетларида буни қўллаш шарт. Кўзи ожиз талаба қаерда китобини чиқара олишини аниқ билсин. Биз учун асосий муаммо – манбалардан тўлиқ фойдалана олмаймиз. Ўзимиз мустақил топиб ишлатиш жараёни сустроқ. Кўзи ожизларни ўқитиш устозлар учун ҳам мураккаб. Улар бизни ўқитишга тўла-тўкис тайёр деб айтолмайман. Инклюзив таълимга берилган соатлар университетларда жуда кам. Ёшларни илмга қизиқтириш шарт. Ўқувчиларимга кўп айтаман: 10 йилдан кейинги ўзингни қандай тасаввур қиласан? Жавоблар турлича бўлади. Шунга эришиш учун бугун нима қиляпсан, деб сўрайман. Ҳар кун ўз мақсадига эришиш учун нима қилиши кераклигини айтаман. Илм ҳар қандай муваффақият калити. Ўзбекистон ёшлари шуни билишларини хоҳлардим. Ҳаёт фақат пул топишдан иборат эмас, бойлик бахтни тўкис қилмаслигини тушунишларини истардим. Ота-оналар боласини илмли қилиб тарбиялашсин.

Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 799

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 726

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


27-октябр 2024, 04:36
1 624

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.


13-ноябр 2024, 12:35
1 615

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.