Ҳуқуқ
21.11.2024
84
Суд тегишли ҳуқуқбузарлик учун белгиланган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки ўша ҳуқуқбузарлик учун белгиланмаган бошқа янада енгил жазо чорасини қўллаши мумкин.
1. Маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар қайсилар?
Маъмурий жазони қўллашда содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.
Маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар қуйидагилардан иборат:
айбдорнинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши;
айбдорнинг ҳуқуқбузарликнинг зарарли оқибатлари олдини олиши, етказилган зиённи ихтиёрий равишда тўлаши ёки келтирилган зарарни бартараф қилиши;
ҳуқуқбузарликнинг кучли руҳий ҳаяжон таъсири остида ёки оғир шахсий, оилавий ёхуд бошқа шароитлар юзага келганлиги оқибатида содир этилиши;
ҳуқуқбузарликнинг таҳдид ёки мажбурлов таъсирида ёхуд хизмат юзасидан, моддий ёки бошқа жиҳатдан қарамлиги таъсири остида содир этилиши;
ҳуқуқбузарликнинг вояга етмаган шахс томонидан содир этилиши;
ҳуқуқбузарликнинг ҳомиладор аёл ёки ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахс томонидан содир этилиши.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) бошқа ҳолатларни ҳам жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин.
2. Маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар нималардан иборат?
Маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар қуйидагилардан иборат:
ноқонуний ҳаракатларни тўхтатиш ваколати бор шахслар томонидан қўйилган талабга қарамай, бундай ҳаракатларни давом эттириш;
маъмурий жазога тортилган шахснинг бир йилда яна ўша хилдаги ҳуқуқбузарликни содир этиши, худди шунингдек ҳуқуқбузарликнинг илгари судланган шахс томонидан содир этилиши;
вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарликка тортиш;
ҳуқуқбузарликнинг бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши;
ҳуқуқбузарликнинг табиий офат шароитида ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда содир этилиши;
ҳуқуқбузарликнинг маст ҳолда содир этилиши.
3. Енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш учун қандай асослар зарур?
Суд тегишли ҳуқуқбузарлик учун белгиланган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки бошқа янада енгил жазо чорасини қўллаши мумкин.
Бунда суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта кўрсатиб ўтиши шарт.
Суддан бошқа орган (мансабдор шахс) эса жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни судга юборади.
4. Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганда жавобгарлик масаласи қандай ҳал этилади?
Айни бир шахс икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганда, маъмурий жазо ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида қўлланилади.
Шахс бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганида, мазкур ишлар бир вақтда айни бир орган (мансабдор шахс) томонидан кўриб чиқилаётган бўлса, бу шахсга нисбатан қўлланиладиган узил-кесил жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.
Шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликка оид ишлар ҳар хил орган томонидан кўриладиган бўлса, унга нисбатан жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.
5. Маъмурий жазо қўлланиш муддатлари
Маъмурий қамоқ муддати суткалар билан, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш муддати эса – кунлар, ойлар, йиллар билан ҳисобланади.
Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.
Жиноят иши қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилган бўлса-ю, лекин ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлса, юқоридаги 1 йиллик муддат ўтиб кетмаган бўлса, жиноят ишига оид қарор қабул қилинган кундан бир ойдан кечиктирмай маъмурий жазо қўлланилиши мумкин.
Маъмурий жазога тортилган шахс шу жазони ўташ муддати тугаган кундан 1 йилда янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаса, у маъмурий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.
6. Етказилган зарарни қоплаш қандай ҳал этилади?
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплаши шарт.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган мулкий зарар БҲМнинг 1 бараваридан (375 минг сўм ҳозирда) кўп бўлмаса, жазо қўллаётган орган айбдорга бу зарарни қоплаши тўғрисидаги масалани ҳам ҳал этишга ҳақлидир, жиноят ишлари бўйича суд эса – бу масалани етказилган зарар миқдоридан қатъи назар ҳал қилаверади.
Бошқа ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган мулкий зарарни қоплаш фуқаролик-ҳуқуқий тартибида ҳал қилинади.
Улашиш:
Бошқалар
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.