Ҳуқуқ
19.08.2024
263
Мажбурий меҳнат нима?
Мажбурий меҳнат – бирор бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Ҳеч ким шахсни ишдан бўшатиб юбораман, ойлигингни камайтираман, лавозимингни тушираман ва ҳоказо таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас.
Демак, ходимни зўрлаш ёки қўрқитиш, жазо қўллаш, меҳнат фаолияти ва рағбатлантиришни чеклаш каби усуллар орқали бевосита мансаб вазифасига кирмайдиган ҳар кандай ишга жалб қилиш мажбурий меҳнат деб топилади. Ходимларни уларнинг ихтиёрисиз ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ ҳўжалиги ва қурилиш ишларига, шунингдек, турли тадбирларга жалб қилиш кабилар ҳам мажбурий меҳнатнинг кўринишлари деб баҳоланади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган 29-105-сонли конвенциялари хам мажбурий меҳнатга қаратилган бўлиб, миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори давлат органлари ишидаги тизимли камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига тўлиқ барҳам беришга қаратилган.
Мажбурий меҳнатга жалб қилиш учун қандай жавобгарлик бор?
Иш берувчи ёки бирор мансабдор шахснинг фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиши маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача (34 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлса, педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда (51 млн сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 148(2)-моддасида педагогларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди ва жазо кучайтирилди. Педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун, агар худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда (51 млн сўмдан 68 млн сўмгача) жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.
Шунингдек, МЖтКнинг 197(5)-моддасига кўра, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда бу қилмиш учун фуқароларга 2 млн 380 минг сўмдан 3 млн 400 минг сўмгача жарима, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, хуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб Жиноят кодексининг 205-, 206-моддаларига кўра жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини таъкидлаб ўтиш муҳим ҳисобланади.
Мажбурий меҳнат элементлари бир қатор мажбурий меҳнат индикаторлари орқали ўз ифодасини топади ёки баҳоланади. Алдаш, ҳаракатланишни чеклаш, изоляция қилиш, жисмоний ва жинсий зўравонлик, дўқ-пўписа ва қўрқитишлар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйиш, маошни тўламаслик, заифликдан фойдаланиш, қарзга ботириш, меҳнат ва яшашнинг тубдан шароитлари, ўта кўп соат давомида ишлатиш, ҳуқуқлар, устунликлар, имтиёзлардан маҳрум этиш шулар сирасига киради. Шулардан, дўқ-пўписа ва қўрқитишлар ҳамда ўта кўп соат давомида ишлатиш каби индикаторлар кўпроқ учрайди.
Феруз Жўраев
тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
Президент барча тадбиркорларга мурожаат қилди
Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи, – деди президент.
Республика бюджети харажатлари қарийб 10 триллион сўмга оширилмоқда
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама этилди.
Ишдан бўшатиш нафақаси 200 фоизгача тўланади
Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади.
Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг янги тизими йўлга қўйилади
Фармонга кўра, маҳаллий ҳокимликлар масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг ташаббускорлиги, ислоҳот ва ўзгаришларга “эгалик қилиш” ролини кучайтиришга қаратилган тизим жорий этилади.