Ҳуқуқ
07.02.2025
407

Ҳозирги вақтда йўлларда юзага келаётган тирбандликлар сабабли, кўпчилик инсонлар ишга, ўқишга ёки бошқа манзилга бориш учун метродан фойдаланишни афзал кўришади. Хўш, метродан фойдаланаётганда йўловчиларнинг қандай ҳуқуқлари мавжуд? Уларга метрополитенда қандай енгилликлар берилади?
1. Ўзлари билан етти ёшгача бўлган болаларини бепул олиб юришлари мумкин
Метрополитендан фойдаланаётганда йўловчиларга етти ёшга тўлмаган фарзандларини қўшимча ҳақ тўламасдан ўзлари билан олиб юришга рухсат этилади. Бундан ташқари, улар болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар аравачаларини, болалар велосипедларини, мусиқа асбобларини, шунингдек, ғилофга солинган ҳолда санчилувчи, кесувчи ва осон синувчи буюмлар, чана, чанғи ва балиқ ови учун қармоқларни бепул олиб юриш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ўлчамларига кўра учта ўлчови йиғиндиси бўйича 200 сантиметр: эни — 60 сантиметр, узунлиги — 70 сантиметр, баландлиги — 70 сантиметр бўлган юкларни ҳам пул тўламасдан олиб юришлари мумкин.
2. Бекатларни ҳаваскорлик фото ва видеотасвирга олишлари мумкин
Метрода телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланишга рухсат берилади. Шу жумладан, метро бекатларини ҳаскорлик мақсадида расм ёки видеога олиш ҳам мумкин. Бироқ, бекат ҳудудида профессионал фото ва видеотасвирга олиш учун метрополитен раҳбариятининг розилиги талаб этилади. Хизмат кўрсатиш (техник) хоналарида ва махсус объектларда расм ва видеога олиш мумкин эмас.
3. Бекатларда жойлашган тиббий пунктлар ёрдамидан фойдаланишга рухсат этилади
Йўловчилар метрополитендан фойдаланаётганда, соғлиғида қандайдир муаммо юзага келганда бекатлардаги тиббий пунктлардан ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
4. Заруратга кўра ҳаракати тўхтаган эскалатордан фойдаланишлари мумкин
Йўловчилар, агарда айрим асослар туфайли, масалан, соғлиғи ҳолати, ўзи билан кичик ёшдаги фарзандини олиб юрганлиги ёки бошқа сабабларга кўра, ҳаракатланиб турган эскалатордан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаса, ҳаракатдан тўхтаган эскалатордан фойдаланиши ҳам мумкин. Фақат йўловчилар шуни инобатга олишлари лозимки, бунда метрополитен ходимларининг рухсатини олишлари шарт.
Йўловчилардан метродан фойдаланиш жараёнида баъзи муҳим тартиб-қоидаларга ҳам риоя қилиш талаб этилади. Масалан, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига асосан юкларини кўздан кечириш учун тақдим этиш, поезд бекатга келиб тўхтаган вақтдан ташқари вақтларда бекатдаги тақиқланган чегара чизиғидан ўтмаслик, эскалаторда ҳаракат йўналиши бўйича ўнг томонда тутқични ушлаб туриш, ёш болаларни қаровсиз қолдирмаслик каби қоидаларга амал қилишлари лозим. Бу йўловчиларнинг хавфсизликларини таъминлаш ҳамда мерополитен ҳудудида тартиб-интизомни сақлашда ҳам аҳамиятлидир.
Наргиза Шарипова,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази етакчи маслаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Даъво муддати ҳақида билиш зарур бўлган муҳим қоидалар
Даъво муддати – бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган муддатдир.
Товарларни етказиб бериш тартиби қандай?
Товарларни етказиб бериш маҳсулот етказиб берувчи томонидан товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки шартномада олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилади.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади