Ҳуқуқ
09.10.2025
81
Ҳуқуқий муносабатлар тизимида шахслар ўртасидаги алоқалар турли шаклларда юзага келади. Шундай шакллардан бири — мукофотни ошкора ваъда қилиш тизимидир. Бу норма, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 981 ва 982-моддаларида белгилаб қўйилган бўлиб, жамиятда иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, жамоат иштирокини ошириш, ташаббускорликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Мукофотни тўлаш мажбурияти
Фуқаролик кодексининг 981-моддасига мувофиқ, агар бир шахс муайян ҳаракатни бажарган шахсга мукофот ваъда қилса, ва эълондаги шартларга мувофиқ ҳаракат амалга оширилса, у ҳолда мукофотни тўлаш мажбурияти юзага келади.
Мукофот бериш учун қуйидаги шартлар бажарилиши лозим: эълонда ҳаракат аниқ кўрсатилган бўлиши, ҳаракат белгиланган муддатда бажарилган бўлиши, мукофот ваъда қилинган шахс (ёки юридик шахс) аниқ бўлиши керак.
Агар эълонда мукофот миқдори кўрсатилмаган бўлса, мукофот ваъда қилувчи ва ҳаракатни бажарган шахс келишув асосида миқдорни белгилайди. Келишувга эришилмаса, мукофот миқдори суд орқали аниқланади. Борди-ю бир нечта шахс эълонда кўрсатилган ҳаракатни бажарган бўлса, мукофот, ҳаракатни биринчи бўлиб бажарган шахсга берилади. Ҳаракат бир неча шахс томонидан бир вақтда амалга оширилса ёки биринчи бўлиб ким бажаргани аниқланмаса, мукофот тенг тақсимланади ёки уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланади.
Мукофот ҳақидаги ваъдаларни бекор қилиш
Фуқаролик кодексининг 982-моддасига кўра мукофотни ошкора ваъда қилган шахс ўз ваъдасидан воз кечиш ҳуқуқига эга. Бироқ, эълонда “ваъдадан воз кечиш мумкин эмас” деган шарт бўлса, муайян муддат белгиланган бўлса ёки ҳаракат аллақачон бажарилган бўлса — бу ҳолатда ваъдадан воз кечишга йўл қўйилмайди.
Агар шахс ваъда қилинган ҳаракатни бажариш учун харажат қилган бўлса, лекин мукофот бекор қилинган бўлса: ваъда қилувчи шахс унинг харажатларини қоплаши шарт. Аммо харажатларни қоплаш миқдори мукофот миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Масалан, шахс “Йўқолган тоифа итни топиб келган шахсга 3 млн сўм мукофот берилади” деб эълон қилади. Бу эълон орқали у фуқаролик-ҳуқуқий ваъда беради. Агар бир фуқаро итни топса ва эълондаги шартларга мувофиқ равишда эгасига олиб келса — эгаси мукофотни тўлаши шарт.
Ёки компания ўз веб-сайтида: “Биз учун энг яхши логотип тайёрлаб берган шахсга ноутбук ҳадя қилинади” деб эълон қилган бўлса, биринчи бўлиб, энг яхши логотипни тақдим этган шахс мукофотга даъвогар бўлади.
Мукофотни ошкора ваъда қилиш тизими — жамиятда ҳуқуқий ишончни ошириш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш ва рағбатлантириш воситаси сифатида хизмат қилади. Бу норма ҳуқуқий аниқликни таъминлайди ва жисмоний ҳамда юридик шахслар ўртасидаги ишончли муносабатларни шакллантиради. Шуниси ҳам борки, ваъда қилинган мукофот эълонида аниқ ва тушунарли шартлар белгиланиши, мукофот миқдори ва муддати кўрсатилиши, бекор қилиш имконияти бор ёки йўқлиги эълонда ёзилиши лозим. Ҳаракатни бажарган шахс ҳаракатни исботловчи далилларга эга бўлиши лозим (сурат, гувоҳлар, хат ва ҳоказо).
Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Жисмоний ва юридик шахслар учун адвокат билан шартнома тузишда билиши зарур бўлган муҳим фактлар
Адвокат билан тузиладиган шартнома — ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга соладиган асосий ҳужжат ҳисобланади.
Айирбошлаш шартномасини тузиш тартиби қандай?
Айирбошлаш шартномасига нисбатан тегишинча олди-сотди тўғрисидаги қоидалар қўлланади.
Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи
Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.
Электрон рецепт қандай ёзиб берилади?
Низомга кўра, рецепт билан бериладиган дори воситалари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бўлиши керак.