currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларНотўғри ҳисобланган солиқ ва уни бекор қилиш тартиби

Нотўғри ҳисобланган солиқ ва уни бекор қилиш тартиби

Ҳуқуқ

calendar

19.01.2026

eye

51

Нотўғри ҳисобланган солиқ ва уни бекор қилиш тартиби

Нотўғри ҳисобланган солиқ қарздорлиги солиқ тўловчилар амалиётида кенг тарқалган ҳуқуқий муаммолардан бири ҳисобланади. Айрим ҳолатларда солиқ органлари ахборот тизимларида солиқ мажбуриятлари қонун талабларига мос келмаган ҳолда шакллантирилиб, солиқ тўловчи зиммасига асоссиз равишда солиқ ёки пеня ҳисобланиши мумкин. Бундай ҳолатлар солиқ тўловчининг мулкий ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 110-моддасига мувофиқ, пеня — солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган солиқларни тўлаш муддати бузилган тақдирда тўлаши лозим бўлган пул суммаси ҳисобланади. Ушбу нормага кўра, пеня солиқ қарздорлигидан ташқари тарзда ҳисобланади ҳамда солиқни тўлаш бўйича мажбуриятнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган молиявий таъсир чораси ҳисобланади. Шу билан бирга, пеня фақат тўланмаган ва қонуний ҳисобланган солиқ суммаси мавжуд бўлган тақдирдагина қўлланилиши мумкин.

Солиқ кодексининг 110-моддасида пеня ҳисоблаш тартиби ҳам аниқ белгиланган. Унга кўра, пеня солиқни тўлаш муддати ўтган кундан кейинги кундан бошлаб, солиқ мажбурияти бажарилмаган ҳар бир календарь кун учун ҳисобланади. Пенянинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу даврда амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг уч юздан бирига тенг қилиб белгиланади. Шунингдек, солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш ёки кечиктириш тўғрисида ариза берилганлиги пеня ҳисобланишини тўхтатиб турмайди.

Бироқ қонунчиликда пеня ҳисобланмайдиган ҳолатлар ҳам қатъий белгиланган. Хусусан, солиқ тўловчи солиқни тўлай олмаганлиги солиқ органи томонидан банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиш ёки пул маблағларига тақиқ қўйиш билан боғлиқ бўлса, бундай давр учун пеня ҳисобланмайди. Шунингдек, молия ёки солиқ органлари томонидан берилган ёзма тушунтиришларга амал қилиниши натижасида юзага келган солиқ қарзига нисбатан ҳам пеня қўлланилмайди. Солиқ мониторинги жараёнида солиқ органининг асослантирилган фикри бажарилиши натижасида ҳосил бўлган солиқ қарзи ҳам пеня ҳисоблашдан мустасно этилади.

Амалиёт шуни кўрсатадики, айрим ҳолатларда солиқнинг ўзи нотўғри ҳисобланган бўлади. Бундай ҳолатларда пеня ҳисобланиши умуман мумкин эмас, чунки пеня солиқ мажбуриятига боғлиқ ҳосила мажбурият ҳисобланади. Агар солиқ солинадиган объект, унинг тоифаси, майдони ёки қиймати нотўғри белгиланган бўлса, солиқ қарздорлиги ҳам, унга нисбатан ҳисобланган пеня ҳам ҳуқуқий асосга эга бўлмайди.

Солиқ тўловчи солиқ органи томонидан ҳисобланган солиқ қарздорлигига рози бўлмаган тақдирда, уни қонунчиликда белгиланган тартибда баҳслашиш ҳуқуқига эга. Агар маъмурий тартибда мурожаат қилиш орқали хатолар бартараф этилмаса, солиқ органининг қарори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан туманлараро маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин. Суд муҳокамасида солиқ мажбуриятининг қонунийлиги, ҳисоб-китобнинг асослилиги ва қонун нормаларининг тўғри қўлланилганлиги комплекс тарзда баҳоланади.

Маъмурий судлар амалиётига кўра, солиқ органи солиқ ва пеняни ҳисоблашда қонун талабларига риоя қилмаган тақдирда, бундай солиқ қарздорлиги ғайриқонуний деб топилади ва бекор қилинади. Бу эса солиқ тўловчилар учун суд орқали ҳуқуқий ҳимоя самарали механизм эканини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, Солиқ кодексининг 110-моддаси мазмунидан келиб чиқиб, пеня фақат қонуний ҳисобланган ва ўз вақтида тўланмаган солиқ суммаси мавжуд бўлган тақдирдагина қўлланилиши мумкин. Солиқнинг ўзи нотўғри ҳисобланган бўлса, унга нисбатан ҳисобланган пеня ҳам асоссиз ҳисобланади. Шу сабабли, солиқ органлари томонидан нотўғри ҳисобланган солиқ ва пеняларни бекор қилиш солиқ тўловчининг қонуний ҳуқуқи бўлиб, бундай ҳуқуқ энг аввало маъмурий суд орқали самарали ҳимоя қилиниши мумкин.

Ихтиёр Пайзиев, 
«Адолат» МҲАМ ходими

Улашиш:

Бошқалар

7-январ 2026, 05:23
685

Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма

Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.


25-декабр 2025, 05:29
571

«Келажак» марказлари қандай ташкилот ва уларнинг вазифаси нималардан иборат?

«Келажак» марказлари кўп тармоқли бўлиб, у фаолият юритадиган ҳудуднинг ўзига хос хусусияти йўналишларида тўгараклар ташкил этади.


8-январ 2026, 06:06
535

Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”

Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.


8-январ 2026, 11:27
512

Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди

Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.

Мавзуга доир янгиликлар: