Ҳуқуқ
17.07.2025
971

Ўзбекистонда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз замонавий меҳнат бозори талабларига мос, юқори малакали кадрлар тайёрлашни мақсад қилиб қўйган.
Шу йўналишда нодавлат олий таълим хизматларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори қабул қилинди. Бу қарор ёшларимиз ва уларнинг ота-оналари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълимда сифат ва адолатни таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Янги тартибларнинг зарурияти
Сўнгги йилларда нодавлат олий таълим муассасалари сони кескин ортиб, мамлакатимизда таълим олиш имкониятлари кенгайди. Агар 2019 йилда бор-йўғи 5 та нодавлат ОТМ фаолият юритган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 71 тага етди ва бугунги кунда 475 мингдан зиёд ёшлар шундай муассасаларда таҳсил олмоқда.
Бироқ бу ўсиш ҳар доим ҳам таълим сифати билан бирга кечмади. 2023–2024 йилларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказилган текширувларда кўплаб нодавлат ОТМларда моддий-техник база, педагогик салоҳият, таълим дастурлари ва талабалар учун шарт-шароитлар талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. 800 дан ортиқ қоидабузарлик аниқланди ва айрим муассасалар суд орқали лицензияларидан маҳрум этилди.
Ушбу олийгоҳларда таҳсил олган 9000 га яқин талабанинг ўқиши белгиланган тартибда бошқа нодавлат олийгоҳларга кўчириб ўтказилди. Бу эса, талабалар ва уларнинг ота-оналари учун ортиқча ташвиш ва қийинчиликлар туғдирди, сифатсиз таълим ортидан келган хавфни яна бир бор намоён қилди.
Молиявий барқарорлик ва талабалар учун муносиб шароитлар кафолатланади
Энди нодавлат олий таълим ташкилотлари учун устав фонди камида
2 миллион АҚШ доллари миқдорида этиб белгиланди. Бу орқали хусусий ОТМларнинг фақат даромад олиш учун ташкил этилиши, талабалар манфаатлари эътиборсиз қолиши ҳолатларига чек қўйилади.
Нодавлат ОТМларнинг таълим жараёни учун мўлжалланган бинолари камида 5000 квадрат метр майдонда бўлиши лозим. Бу талаб талабалар учун муносиб шарт-шароитларни таъминлаш, уларни ижара асосида кичик хоналарда ўқитиш каби салбий амалиётларга барҳам беришга хизмат қилади.
Хорижий тажрибада ҳам бу каби талаблар алоҳида белгилаб қўйилган. Мисол учун, Малайзияда нодавлат университетлар учун устав капитали камида 4,7 млн доллар, Тайванда эса 48 млн доллардан ортиқ. Шу билан бирга, Малайзияда 9300 м²дан кам бўлмаган бинога эга бўлиш талаб этилади.
Хусусий ОТМлар имкониятидан ортиқ талаба қабул қилишига чек қўйилади
2025 йил 1 августдан бошлаб ҳар бир нодавлат ОТМлар ўқишга қабул қилинган талабаларга оид маълумотни янги ўқув йилининг 1 октябридан кечиктирмасдан Вазирликнинг ягона таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими – HEMIS’да рўйхатдан ўтказиши шарт бўлади.
Бу тартиб қабул жараёнини тўлиқ шаффоф қилиб, назоратни таъминлайди ва ҳар қандай ноқонуний ёки номақбул қабул ҳолатларига йўл қўймасликка хизмат қилади.
Шу билан бирга, Вазирлик ҳар бир нодавлат олий таълим муассасаси учун унинг моддий-техник базаси, ўқитувчи-профессорлар салоҳияти ва таълим дастурларининг мазмунига қараб янги ўқув йили бошланишидан аввал қабул қилинадиган талабаларнинг энг юқори чегарасини белгилайди. Энг муҳими, йил давомида бу кўрсаткични ўзгартириш имкони бўлмайди.
Мазкур янгилик орқали таълим муассасалари томонидан ортиқча талабаларни қабул қилиш орқали сифатсиз таълим беришга уринишлар олди олинади. Шу билан бирга, талабаларнинг ҳар бири таълим олишда тенг ҳуқуқ ва тенг имкониятга эга бўлиши кафолатланади.
Нодавлат олий таълим ташкилоти ректорлари учун давлат олий таълим муассасалари раҳбарларига қўйиладиган малака талаблари қўлланилади. Бу талаб нодавлат университетларнинг раҳбарлари ҳам юқори салоҳиятли, тажрибали ва малакали шахслардан тайинланишини таъминлайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, нодавлат олий таълим соҳаси ҳақиқий инновация ва сифат манбаи бўлиши керак. Минглаб ота-оналар ўз фарзандларини хусусий ОТМларга катта орзу-умидлар билан ўқитмоқда. Янги тартиблар айнан шу эзгу ниятларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Ахир, таълим сифати юқори бўлса, бундан энг аввало талабалар ва уларнинг оилалари манфаатдор бўлади.
hudud24.uz сайти колумнисти
Дилмурод Ражабоев
Улашиш:
Бошқалар
Нотариус томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш
Қонунчиликка кўра, нотариус қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиши мумкин.
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Мукофотни ошкора ваъда қилиш: тўлаш ва бекор қилиш тартиби
Фуқаролик кодексининг 981-моддасига мувофиқ, агар бир шахс муайян ҳаракатни бажарган шахсга мукофот ваъда қилса, ва эълондаги шартларга мувофиқ ҳаракат амалга оширилса, у ҳолда мукофотни тўлаш мажбурияти юзага келади.