Ҳуқуқ
24.06.2025
135
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ФИДОИЙЛАРГА ЙЎЛ ОЧАЁТГАН ФАРМОН
2025 йил 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган янги фармон мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматини тубдан янгилашга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида тарихга киради. Бу фармон орқали давлат хизмати самарадорлигини ошириш, одил ва очиқ танловлар асосида кадрлар танлаш, раҳбарлик салоҳиятига эга янги авлод кадрларини етиштириш ҳамда соҳага жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Мазкур Фармоннинг аҳамияти шундаки: энг аввалло, у давлат хизматини нафақат шакл жиҳатидан, балки мазмун жиҳатидан ҳам замон талабларига мослаштиришга йўналтирилган. Шунингдек, янги фармон – инсон капитали, шаффофлик, натижадорлик ва халққа хизмат қилиш тамойилларини бирлаштирган янги босқичнинг ҳуқуқий пойдеворидир. Шундан келиб чиққан ҳолда, кенг жамоатчиликка унинг асосий мақсадлари ҳақида қисқача маълумот етказадмган бўлсак, биринчидан, мазкур фармон - давлат хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этишнинг янги йўналиши бўлиб, у аҳоли ишончини оширишга хизмат қилади. Иккинчидан, хотин-қизлар ва ёшларни ҳам мазкур жараёнларга фаол жалб этади. Учинчидан, замон билан ҳамнафас касбий ўсиш учун имкониятлар яратиб беради. Энг асосий мақсад: коррупцияга қарши курашиш ва рақамлаштириш жараёнларини кучайтиришга хизмат қилади.Юқорида санаб ўтилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, давлат хизматини такомиллаштириш бўйича 2025–2026 йилларда амалга ошириладиган ишлар нафақат идора ичида, балки ҳар бир ходим, ҳар бир раҳбар, ҳар бир оила ва жамоа ҳаётида ўз ифодасини топиши кутилмоқда. Уларнинг энг асосий йўналишлари қуйидагичадир:кадрлар билан ишлашда инновацион ёндашувлар – эндиликда хизматчиларни танлашда қоғозбозлик эмас, билим ва қобилият ҳал қилувчи омилга айланади. Ҳақиқий салоҳиятга эга, фидоий, ғоявий баркамол мутахассисларнинг имкониятлари кенгаяди. Салоҳиятли раҳбарлар захираси – ёш ва иқтидорли кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларни раҳбарликка тайёрлаш орқали давлат хизматида янги авлод вужудга келтирилади. Бу раҳбарлар халқ манфаатини биринчи ўринга қўядиган адолатпарвар инсонлар бўлади.Таълим ва малака ошириш – замон талабига мос малака, рақамли билим ва менежмент салоҳияти ҳар бир хизматчи учун мажбурий ва доимий жараёнга айланади. “Ўқимаган раҳбар ўз халқини ўқита олмайди”, деган ҳакикат асос қилиб олинади.Хотин-қизларнинг фаол иштироки – энди давлат хизматида аёллар нафақат иштирокчи, балки етакчи ҳам бўлади. Оила, бола тарбияси ва жамият ислоҳотларини уйғун тарзда олиб борувчи иқтидорли аёлларнинг йўли очилади.Ахлоқ ва одоб стандартлари – хизматчи фақат қонунга эмас, балки юксак ахлоқий меъёрларга ҳам таянади. Одоб-ахлоқ, ўзини тутиш маданияти, халқ билан муомалада самимийлик давлат хизматининг илк белгисига айланади.Фармонда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўртасида ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади. Эндиликда давлат хизматига адолатли танлов асосида муносиб номзодлар қабул қилинади, кадрларнинг билим ва кўникмалари шахсий портфолио орқали баҳоланади. Хизматчиларнинг “коррупцияга қарши барқарорлиги” баҳоланади. “Ҳалоллик вакцинаси” концепцияси асосида рақамлаштириш, шаффофлик ва таҳлиллар кучайтирилади. HR платформалар орқали ходимлар фаолияти мониторинг қилинади. 2026 йилдан бошлаб давлат хизматчиларининг ойлик маоши уларнинг ишдаги натижадорлиги, илмий даражаси, малакаси ва шахсий салоҳиятига қараб белгиланади. Бу — энди иш ҳақи “барчага бир хил” эмас, балки “ким қанча меҳнат қилса, шунча олади” деган адолатли тамойил асосида белгиланишини англатади.Бу ўзгариш меҳнатга қизиқишни оширади, ўз устида ишлашга, билим ва тажрибасини бойитишга рағбат уйғотади. Хизматда илгарилаш учун энди суянчлар эмас, билим ва натижа керак бўлади.Фармоннинг ўзига хос жиҳатларидан бири, “ТОП-100” дастури орқали келажак раҳбарлар саралаб олинади ва уларга пул мукофотлари, хорижий стажировкалар, устозлар билан ишлаш ва мансабда кўтарилиш имкониятлари яратилади. Бу ёшлар учун аниқ мақсад ва кучли мотивация манбаи бўлиб хизмат қилади. Фармонга мувофиқ, давлат хизматига инновацион ёндашувлар жорий этилмоқдаки, унга биноан, “Давлат хизматчиси” мобил иловаси — ҳар бир хизматчи учун шахсий ривожланиш харитаси, малака ошириш, таклифлар киритиш ва мулоқот имконини беради. Шунингдек, “Xizmat safari” модули — хизмат сафарларининг режаси, натижаси ва харажатлари юзасидан онлайн мониторингни таъминлайди. Бу давлат маблағларининг мақсадли ишлатилишини назорат қилишга ёрдам беради. Шунга кўра, миллий рейтинг тизими — ҳар бир давлат идораси ва раҳбарнинг самарадорлигини баҳолашга, яхши натижа кўрсатганларни эътироф этишга хизмат қилади. Бу барча тизимлар орқали давлат хизмати янада очиқ, шаффоф ва ҳисобдор бўлади. Жамоатчилик давлат идораларининг ишини кузатиши, баҳолаши ва таклиф киритиши мумкин бўлади.Яхши давлат хизмати биринчи навбатда соғлом, руҳан барқарор ва жисмоний тайёр кадрларга таянади. Шу сабабли, мазкур фармонда давлат хизматчиларининг саломатлигини муҳофаза қилиш ва улар учун муносиб меҳнат муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, ҳар куни жисмоний фаолликка вақт ажратилади — иш жойларида танлов асосида спорт майдончалари ташкил этилади, иш кунлари давомида соғломлаштирувчи ҳаракатлар амалга оширилишининг ўзи муҳим қадамдир. Қувонарли томонлардан бири шундаки, 2026 йилдан бошлаб давлат хизматчилари йилига камида бир марта мажбурий тиббий кўрикдан ўтади. Бу орқали хизматчилардаги саломатлик муаммолари эрта аниқланади, касалликларни олдини олиш, профилактика ва руҳий-жисмоний барқарорликни таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилади.Бу ташаббус фақат тиббиёт соҳасига оид эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган “ижтимоий давлат” тамойилининг амалий ифодаси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Давлат фуқароларининг саломатлигини, иш қобилиятини, ҳаёт сифатини таъминлаш учун шароит яратаётгани – бу инсон қадри ва меҳнатига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.Шу билан бирга соғлом овқатланиш талаблари асосида ташкилот ошхоналарида фойдали таомлар таклиф этилиши, жисмоний фаоллик тадбирлари ҳар бир ташкилотда кунига муайян вақтда амалга оширилиши ҳамда тана вазни индекси ва соғлиқ ҳолати "hrm.argos.uz" электрон тизимида кузатиб борилиши давлат хизмати нафақат вазифа ва масъулиятлар, балки муносиб шароит, инсонпарвар ёндашув ва соғлом ҳаёт кафолати ҳамдир. Ҳатто соғлом турмуш тарзига оид чора-тадбирлар ва спорт жиҳозлари рўйхати ҳам тасдиқланади.Бу ислоҳотлар нафақат хизматчиларнинг иш қобилиятини оширади, балки уларнинг умр кўриш давомийлиги, ҳаётдан мамнунлиги ва давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Ҳеч нарса соғлиқдек қадрли эмас – соғлом хизматчи эса кучли давлат пойдеворидир! Фармонга кўра, жисмоний фаоллик, тиббий кўриклар ва соғлом овқатланиш орқали хизматчиларнинг ишга лаёқатлилиги таъминланади. Мазкур фармон давлат хизматида ишлайдиган ҳар бир шахснинг зиммасида масъулият ва фидокорлик талаб этилишини, энг муҳими – халқ ишончини қозонишни асосий мезон сифатида белгилайди. Бу фармон – ҳуқуқий ислоҳотларнинг мантиқий давоми, давлат хизматининг келажагига йўл очувчи дастуриламал янги қадамдир.
ТДЮУ профессори Махмут Утемуратов
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.