Ҳуқуқ
07.02.2024
295
Харид қилаётганда маҳсулотнинг яроқлилик муддатига қараш ва текшириб олиш жуда муҳим. Нуқсонли товар сотилса-чи? Бундай ҳолда истеъмолчининг қандай ҳуқуқлари бор? Сотувчидан нархни камайтириб беришни сўраши мумкинми? Етказилган зарар қопланадими? Маҳсулотни алмаштириб олиш тартиби қандай? Hudud24.uz қуйида шулар ҳақида муҳим маълумотларни беради.
1. Истеъмолчи ким?
Истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс);
2. Истеъмолчиларнинг қандай ҳуқуқлари бор?
Истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
товар ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;
товарни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;
товарнинг хавфсиз бўлиши;
ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши;
бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш;
истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш.
3. Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи нима қилиши керак? Нархни камайтириб беришни сўраши мумкинми?
Бундай ҳолатларда истеъмолчи ўз хоҳишига кўра қуйидагиларга ҳақли:
- товарни айни шундай маркали мақбул сифатли товарга алмаштириб олиш;
- товарни бошқа маркали товарга алмаштириб, нархини қайта ҳисоб-китоб қилиш;
- нуқсонларни бепул бартараф этишни ёки нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплашни талаб қилиш;
- нархни камайтиришни талаб қилиш;
- шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш.
Эсда сақлаш лозим! Юқоридаги ҳуқуқларни амалга ошириш учун товарнинг нуқсони қуйидаги муддатларда аниқланган бўлиши лозим:
- товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида;
- кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича 6 ой мобайнида;
- кўчмас мулк истеъмолчига ўтказилган кундан бошлаб 2 йил ичида;
- мавсумий товарлар учун Ҳукумат томонидан белгиланган муддат мобайнида.
4. Қандай товарлар нуқсонли ҳисобланади?
Норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товарнинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқ товар нуқсонли товар ҳисобланади.
5. Нуқсонли товар сотувчига чеки билан қайтарилиши керакми?
Ҳа, албатта нуқсонли товар сотувчига товар (касса) чеки ва техник паспорти (айрим товарлар учун) билан қайтарилиши керак.
6. Нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби қандай?
Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали товарга 7 кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан 20 кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Айни шундай маркали товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан 1 ой ичида қондирилиши керак.
Чўл ва олис жойларда, товарлар вақти-вақти билан олиб бориладиган жойларда истеъмолчининг бундай талаби ушбу жойларга навбатдаги товар етказиб бериш учун кетадиган муддат ичида, лекин 2 ойдан кечиктирмай қондирилиши лозим.
Истеъмолчининг розилиги билан сотувчи нуқсонли товарни бошқа маркали шундай товарга алмаштириб бериши ва нархини қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт.
7. Товарнинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар қоплаб бериладими?
Товарнинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи томонидан қопланиши лозим.
Лобар Розимова,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.
Ҳадя қилинган уйни қайтариб олиш мумкинми?
Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.
Президент барча тадбиркорларга мурожаат қилди
Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи, – деди президент.
Республика бюджети харажатлари қарийб 10 триллион сўмга оширилмоқда
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама этилди.