currencies image

12 940,44 UZS

22,54

usd

currencies image

13 336,42 UZS

41,38

eur

currencies image

126,85 UZS

3,17

ru



АсосийЯнгиликларПластик чиқиндига доир янги таклиф киритилди

Пластик чиқиндига доир янги таклиф киритилди

Ҳуқуқ

calendar

10.01.2025

eye

49

Пластик чиқиндига доир янги таклиф киритилди

2025 йил 1 ноябргача пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда импорт қилувчиларга ўзлари ишлаб чиқарган ва импорт қилган маҳсулотлардан ҳосил бўладиган чиқиндиларни утилизация қилиш мажбуриятини юклаш бўйича меъёрий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.

“Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт“ йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасида шу ҳақда маълум қилинган.

Амалга ошириш механизми

Таклиф этилаётган янги тизим 2026 йилдан бошлаб амалиётга татбиқ этилиши мумкин. Бунда пластик маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчилар ёки қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар томонидан пластик чиқиндиларни йиғиб олиш, саралаш ва қайта ишлаш ташкил этилади. Йирик савдо объектлари, супермаркет, гипермаркет, бозорларда пластик тараларни қабул қилувчи (фандоматлар) ускуналар ўрнатилади.

Корхоналар ва импорт қилувчилар учун босқичма-босқич ишлаб чиқарувчиларнинг кенгайтирилган мажбуриятини юклаш тизими амалиётга татбиқ этилади. Мисол учун, алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи корхона пластик тараларини 2026 йилдан — 50 фоизга, 2027 йилдан — 75 фоизга ва 2028 йилдан 100 фоизга утилизация қилиш мажбуриятини олади.

Халқаро тажриба

БМТ томонидан 2022 йил 2 мартда пластик билан ифлосланишни қисқартириш, денгиз муҳитини ва экотизимни муҳофаза қилиш бўйича резолюция қабул қилинган. Резолюциянинг асосий тамойиллари этиб пластикдан фойдаланишни камайтириш, «ифлослантирувчи тўлайди» тамойилини жорий этиш, қайта ишлатиш ва қайта ишлашни ўз ичига олган айланма иқтисодиётга ўтиш белгиланган.

Базел, Роттердам ва Стокголм конвенциялари ҳамда «Барқарор ривожланишга кўмаклашиш» Маркази тадқиқотлари ва таклифларига кўра, пластик чиқиндиларни бошқаришда ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларга ишлаб чиқарувчиларнинг «кенгайтирилган мажбурияти» тизимини қўллаш тавсия этилган.

Европа Иттифоқининг «Чиқиндилар тўғрисида» ҳамда «Қадоқлаш ва қадоқлаш чиқиндилари тўғрисида»ги директиваларига мувофиқ, Европа Иттифоқида маҳсулотларни йиғиш, қайта ишлаш ва якуний утилизация қилиш мажбуриятларини мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчига юкловчи ишлаб чиқарувчининг кенгайтирилган жавобгарлиги тамойили жорий этилган бўлиб, шу йўсинда ишлаб чиқарувчи атроф-муҳит учун безарар қадоқлаш турларидан фойдаланиши рағбатлантирилади. Ушбу тизимнинг татбиқ этилиши тажрибасини Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатларида, шу жумладан, МҲДнинг Россия, Беларусь ва Қозоғистон мисолида кузатиш мумкин.

Кутилаётган натижа

Ушбу тизимнинг амалиётга жорий этилиши йилига 1,2 млн тонна пластик чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрор фойдаланишга жалб қилиш йўли билан иккиламчи моддий ресурсларнинг тўпланиши ва фойдаланилиши даражасини оширишга хизмат қилади.

Чиқиндихона ва полигонларга жойлаштириладиган чиқиндилар миқдорини қисқартириш ҳамда полигонларнинг фойдаланиш муддатини узайтириш ҳам бу жараёндаги муҳим жиҳатлардан биридир.

Яна бир аҳамиятли тарафи шундаки, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, утилизация қилиниши, қайта ишланишининг ҳажми бўйича аниқ статистик маълумотлар шакллантирилади. Пластик маҳсулотларни тўлиқ қайта ишлашга жалб этиш иссиқхона газларини (СО(2) 75 фоизгача қисқартиришга имкон беради.

Чиқиндиларни қайта ишловчи маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, чиқиндиларини утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича янги қувватларни ривожлантириш ҳам борадаги асосий мақсад саналади.

Пластик чиқиндиларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга, жумладан, юқори нафас йўллари, асаб тизими, юрак, қон-томир ва аллергик касалликларнинг қисқартирилишига эришилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Фармони лойиҳаси "Ўзбекистон-2030" халқ стратегияси онлайн порталида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Лойиҳа 2025 йил 22 январга қадар кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилади. Унда сиз ҳам фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни узбекистан2030.уз онлайн портали ҳамда @Экология_йили_бот телеграм боти орқали юборишингиз мумкин!

Улашиш:

Бошқалар

14-декабр 2024, 07:32
2 940

Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.


13-декабр 2024, 09:32
1 226

Ҳадя қилинган уйни қайтариб олиш мумкинми?

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.


21-декабр 2024, 10:30
1 117

Президент барча тадбиркорларга мурожаат қилди

Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи, – деди президент.


19-декабр 2024, 06:06
911

Республика бюджети харажатлари қарийб 10 триллион сўмга оширилмоқда

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама этилди.